Стипендия учун танлов икки босқичда — тест синови ва суҳбат тарзида ўтказилади. Биринчи босқичда номзодлар ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари, хусусан, Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳаёти ва ижоди ҳақида билимларини синовдан ўтказадилар. Курсантларнинг нафақат бадиий адабиётга оид, балки касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида уларга ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича тест саволлари ҳам берилади. Тест синовларида ҳар бир ўқув курсидан энг юқори балл тўплаган ўн нафар номзод кейинги босқичга йўл олади.
Иккинчи босқичда махсус ишчи комиссия номзодлар билимини уларнинг саволларга берган жавоблари асосида баҳолайди. Бунда талабгорларнинг ўқиши, ҳулқи, ахлоқ-одоби, жамоат ишларидаги иштироки, топширган тест синовлари ҳамда суҳбат натижалари умумлаштирилади ҳамда ҳар бир курсдан энг юқори баллга эга бўлган бир нафардан ғолиб аниқланади.
Чўлпон стипендияси танлови ҳар йилнинг август ойида ўтказилади. Ғолиблар 1 сентябрь – Мустақиллик байрами арафасида ИИВ Академияси раҳбарияти томонидан тантанали равишда тақдирланади ва уларга янги ўқув жараёнининг бошланиши билан бир йил давомида ушбу стипендия бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига тўлаб борилади.









