Ижодий фикрлаш, креатив ғоялар ва амалиётни уйғунлаштирамиз

    Жорий йил 19 июнда Президентимиз мактабгача ва мактаб таълими сифатини, педагоглар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишиш асносида соҳани ривожлантириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди.

    Тақдимотда соҳа мутасаддилари малака ошириш марказлари ҳамда педагогика коллежлари имкониятидан тўла фойдаланиш учун Президент мактаби тажрибаси асосида Абдулла Авлоний номидаги миллий тадқиқот институтида боғча ва мактаблар раҳбар ҳамда педагогларининг ҳар 5 йилда малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

    Шунингдек, ҳудудлардаги 11 та педагогика коллежини малака ошириш марказлари тасарруфига ўтказиб, хориждан тренерлар жалб этиш, кам қувватда ишлаётган педагогика коллежлари негизида боғча ва мактаблар, техникумлар, “Баркамол авлод” мактаби ташкил қилиш ташаббуси билдирилди. Мазкур таклифлар таълим тизимида кадрлар тайёрлаш сифатига эътиборни кучайтириш, соҳада илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш, педагогик таълим инфратузилмасини яхшилашга ҳисса қўшиши кутилмоқда.

    Мамлакатимиз ўқитиш тизимини такомиллаштириш учун ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш ҳам самара бермоқда. Мисол учун Финляндияда мактабгача таълимга катта эътибор берилади. Дарс жараёнида ўқувчиларнинг эркинлиги чекланмайди. Бу болаларда мантиқий ҳамда ижодий фикрлашни кучайтиради. Биз ҳам ривожланган мамлакатлар таълим тизимидаги ислоҳотларни ўрганиш ва институтимизда татбиқ этиш учун ўқитувчиларимизни тажриба оширгани Финляндиядаги Халқаро Нордик университетига юборяпмиз. Келгусида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириб, институтимиздаги ўқув режалар ривожланган давлатлар таълим тизимига мослаштирилади. Шунингдек, ҳамкор олий таълим муассасалари ва ташкилотлар билан бирга қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда илмий конференциялар ташкил этиш режалаштирилган. Бу талабаларга зарур билим ва кўникмаларни эгаллаш, тажриба алмашиш ва янги инновацион ечимлар излашда ёрдам беради.

    Шу орқали талабаларимизнинг халқаро майдонда рақобатбардошлигини ошириш ва глобал миқёсда муваффақиятли карьера қуриш имкониятини тақдим этиш ниятидамиз. Малака ошириш дастурларини кенгайтириш билан бирга, илмий-тадқиқот ишларига эътибор қаратамиз. Талабаларимизнинг илмий ютуқлари халқаро миқёсда тан олиниши учун бор билим ва тажрибамизни қўллаймиз.

    Тақдимотда Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти негизида Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш белгиланди. Институт олдига “маҳалла — ота-она — мактаб” ҳамкорлигини кучайтириш, ота-оналар ва болалар учун тарбияга оид адабиётлар яратиш, жадидларнинг тарбиявий қарашларини илмий тадқиқ этиш каби вазифалар қўйилди. Бу ҳар бир ўқувчининг билим олишига алоҳида эътибор қаратилаётганини англатади. Зотан маҳалла, ота-она, мактабнинг ўзаро бирлашиб, фаолият юритиши боланинг баркамол шахс сифатида вояга етишига сабаб бўлади.

    Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳам мактаб ва маҳалла билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ижара хонадонларда яшаётган талабаларнинг турмуш шароити маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ўрганилмоқда. ОТМ педагогика йўналишига ихтисослашгани ҳамда талабаларимиз келгусида ёшларга таълим-тарбия беришини инобатга олиб, иқтидорини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Жумладан, институтда турли танловлар ташкил этилиб, талабаларимизнинг иқтидори синовдан ўтказилмоқда. 2023-2024 ўқув йилида бир неча талабамиз Президент давлат стипендияси ҳамда номдор стипендияларга муносиб кўрилди.

    Энди ёшларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш учун танловлар ташкил этиб, ғояларни реализация қилиш учун керакли ресурс ва имкониятлар тақдим этамиз. Бу танловлар орқали талабалар инновацион ғояларини намойиш этиш ва тажрибали мутахассислар билан ишлаш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, бизнес режа тузиш, маҳсулотни бозорда жойлаштириш, молиялаштириш ва маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштиради. Танлов ғолиблари нафақат пул мукофоти, балки инвесторлар ва ҳамкорлар билан учрашиш имкониятини ҳам қўлга киритади. Шу билан бирга, дастурлар орқали улар ўз лойиҳаларини янада ривожлантириш ва амалга ошириш учун йўл-йўриқ олади.

    Асосий мақсадимиз — талабаларнинг ижодий фикрлашини ривожлантириш. Шунингдек, асосан амалиёт орқали бўлғуси педагогларнинг билим ва кўникмасини мустаҳкамлаб боришга эътибор қаратилмоқда. Ҳозир аксарият талабалар ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида амалиёт ўтамоқда. Жараён давомли бўлиб, дуал таълим принципларига асосланган.

    Янги Ўзбекистон — истеъдод қадрланадиган мамлакат. Бугун илм-фан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакатимиз тараққиётини замон талабларига мос равишда илм-фансиз тасаввур этиш қийин. Шундай экан, астойдил меҳнат қилиб, ёш авлодни етук кадрлар сифатида тайёрлашимиз лозим. Бунинг учун эса барча имконият мавжуд. Фақат бундан унумли фойдалансак бўлгани.

    Шерзод НЕЪМАТОВ,

    физика-математика фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates