Шу боис жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, биринчи навбатда, давлат органлари ва ташкилотларнинг барча бўғинларида ижро интизомининг зарур даражада ташкил этилишига боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6166-сон Фармони билан ижро интизоми ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотларнинг иш самарадорлигини таъминловчи муҳим кўрсаткичларидан бири экани ҳуқуқий тасдиқланди.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда республикада уран ишлаб чиқаришни ошириш чора-тадбирларини кўришда долзарб масалаларни белгилаш, тегишли йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни бажаришда "Навоийуран" ДК ўз иш фаолиятини бошлаган кундан корхонанинг барча бўғинларида ижро интизомининг зарур даражада ташкил этилишига боғлиқлигини амалиёт кўрсатди.
Бугунги кунда юқоридаги ҳужжат ижросини таъминлаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича корхонада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш мақсадида "ijro.gov.uz" электрон тизимидаги топшириқларни амалга ошириш механизмларини муҳокама этиш юзасидан ҳар ҳафта корхона раҳбари томонидан йиғилишлар ўтказилиб келинмоқда. Ижро интизомини янада мустаҳкамлаш ва 2024 йилдаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича топшириқларнинг кунбай таҳлили тасдиқланган календарь графиклар асосида олиб борилмоқда.
Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳисобот даври мобайнида "ijro.gov.uz" электрон тизимида «Навоийуран» ДК масъул этиб белгиланган топшириқлар сони жами 262 тани ташкил этиб, шундан муддати етиб келган 165 та (100%) топшириқ бажарилган. Бундан ташқари, бугунги кунда "ijro.navoiyuran.uz" ижро интизоми назорати электрон ҳужжат айланиш тизими тўлиқ ишга туширилди ҳамда 975 нафар ходим ушбу тизимга уланди. Шулардан 235 нафари бошқарма ходимлари ҳисобланиб, қолган 740 таси эса таркибий бўлинмалардаги муҳандис-техник ходимлардир.
Корхонанинг таркибий бўлинмалари олис ҳудудларда жойлашганини инобатга олсак, ҳужжат айланиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишда тизимли назоратнинг йўлга қўйилиши қисқа вақт ичида ижобий самара кўрсата бошлади. Айниқса, буйруқлар, йиғилиш баённомалари ва шу каби ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича киритилган ҳужжатларнинг айланиш даври сезиларли даражада қисқарди.
Шунингдек, ҳар куни ижро муддати яқинлашаётган ҳужжатлар таҳлил қилиниб, тегишлилигига қараб директорлар котибиятлари, департамент, бошқарма, бўлим ва хизмат бошлиқларига вазифаларнинг бажарилиш ҳолати бўйича огоҳлантиришлар бериб борилмоқда.
Ҳар қандай соҳа истиқболи малакали кадрлар ва уларнинг тажрибасига боғлиқ. Шунинг учун ҳам Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги ташкилот ҳамда корхоналарда ижро интизомига масъул ходимлар учун тренинглар ўтказилиб борилмоқда. Уларда вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотларида фаолият олиб бораётган ижро интизомига масъул тузилмалар ходимлари иштирок этмоқда. Тренингларда ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, Қонунлар, Президент қарорлари ва фармонлари ижросини, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Раёсат йиғилиши баёнлари ва бошқа норматив ҳужжатлардаги топшириқларни белгиланган муддатларда, тўлақонли ва сифатли таъминлаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш юзасидан барча даражадаги раҳбар-мутахассисларнинг шахсий масъулияти, жавобгарлигини кучайтириш зарурлиги қайд этиб борилмоқда. Интерактив усулда архив ҳужжатлари, электрон ҳужжат алмашинуви, тизим ташкилотларида кузатилаётган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш, ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатиш борасида ҳам фикрлар алмашилмоқда.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан "Навоийуран» давлат корхонасида уран ишлаб чиқаришни жаҳон талаблари даражасида таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда асосий вазифамиз, юқорида таъкидлаганимиздек, ижро интизомини таъминлаш, ҳар биримиз ўз вазифамизга сидқидилдан ёндашиш ҳамда «Корхонада ижро интизомисиз тараққиёт бўлмайди" деган шиор билан ҳар кунлик иш жараёнимизни олиб бориш зарурлигини талаб этмоқда.
Наргиза Кенжаева,
«Навоийуран» ДК
ҳужжатлар ижросини назорат қилиш
ва мувофиқлаштириш хизмати бошлиғи
Реклама