Натижада иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштиришни таъминлаш, ҳудудларни, айниқса, маҳаллаларни барқарор ривожлантириш бўйича кенг имконият яратилди. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги тарихий ўзгаришлар ҳамда ислоҳотлар замирида “Одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак” деган ғоя мужассам.
Ушбу мақсадларни самарали амалга ошириш учун давлат бошқаруви тизимига “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “мижозбай” ишлаш каби янги тамойиллар киритилди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” институти жорий қилинди. Бундан асосий мақсад аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ҳал қилиш, аҳоли учун давлат органлари вакиллари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратишдир.
Мустаҳкам ижро интизомининг аҳамияти
Президентимизнинг 2021 йилдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони туманда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Фармон билан ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш бўйича раҳбарлар шахсан эътибор қаратиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган.
Туманимизда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ҳар бир раҳбар ходим ўзига қуйидаги устувор йўналишларни белгилаб олган:
биринчи, топшириқлар ижроси ва мурожаатлар ўрганиб чиқилишини амалда шахсан назорат қилиш, топшириқни ўринбосарга шунчаки йўналтирмай, мавжуд масалани ўрганган ҳолда унинг оптимал ечимлари билан етказиш;
иккинчи, топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янгича тизими, яъни “технологик занжир” асосида ҳуқуқий жараёнларни ҳар бир ҳаракат бўйича соатбай тартибга солиш;
учинчи, маҳаллани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишда маҳалладаги реал ҳолатни “маҳалла еттилиги” билан биргаликда танқидий таҳлил қилиш ва фойдаланилмаган имкониятларга эътибор қаратиш;
тўртинчи, топшириқларнинг аниқ ижро механизмлари, молиявий манбалари, муддатлари ва масъуллари белгиланишини таъминлаш орқали самарадорликни ошириш;
бешинчи, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг моҳиятини масъулларга ҳамда кенг жамоатчиликка тушунтириб бориш.
Президентимиз халқимизни рози қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун шароит яратиш барча раҳбарларнинг устувор вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлайди.
Шундан келиб чиқиб, лавозимидан қатъи назар, ҳар бир раҳбар қоғоз билан эмас, балки юзага келган муаммо ёки вазифа билан ишлаши, ҳар бир ривожлантириш дастурини жойига чиққан ҳолда ўрганиши, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг фикрларини тинглаши ҳамда мавжуд ресурс ва имкониятларни таҳлил қилиши лозим.
Мазкур тизим бўйича иш юритиш услуби тўғрилиги Зангиота туманини ривожлантириш ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқишимиз жараёнида яна бир бор тасдиғини топди.
Бунда маҳаллаларда аҳоли ва тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда айтилган муаммолар ҳамда жойдаги ишларнинг реал ҳолати инобатга олинди.
Бундай ишлаш услуби, аввало, ишлаб чиқилаётган ҳужжатларнинг сифатини ва келгусида уларни амалга ошириш имкониятларини сезиларли даражада оширади ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади.
Энг муҳими, Президентимиз фармон, қарор ёки бирор дастурни тасдиқлашдан олдин доим ҳокимликлар фикри ва таклифларини сўрайди. Шахсан йиғилиш ўтказиб, ижрони ташкил қилиш механизмларини тушунтиради. Шунингдек, ҳужжат ижросини таъминлашда муҳим бўлган молиявий манбаларни аниқ белгилаб беради.
Кадрлар савияси — топшириқлар ижроси натижадорлиги ва аҳоли фаровонлиги гарови
Ижро интизомини мустаҳкамлашда ҳокимликдаги ҳар бир ходимнинг масъулиятини ошириш, қатъий тартиб-интизом ўрнатиш, касбий ғурур, меҳнатсеварлик ва ташаббускорлик ҳиссини уйғотиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли ҳокимликда масъул ижрочилар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг сифатли бажарилишини назорат қилиш бўйича қуйидаги мезонлар белгилаб олинган:
биринчи — аниқлик, яъни ҳар бир вазифани муваффақиятли ва энг мақбул йўл билан ижро қилиш бўйича аниқ механизмлар белгилангани;
иккинчи — тезкорлик, яъни белгиланган муддатни кутмай, топшириқни тезкорлик билан бажарганлик;
учинчи — ҳаққонийлик, яъни топшириқ ижроси бўйича тайёрланган маълумотларнинг амалда бажарилган ишлар билан ўзаро мувофиқлиги;
тўртинчи — тўлиқлик, яъни топшириқ ижросини таъминлаш натижасида кўзланган мақсадга тўлиқ эришилганлик;
бешинчи — масъулият, яъни юклатилган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш борасида масъул ижрочилар томонидан ўз ваколати доирасида чоралар кўрилгани.
Шунингдек, ҳокимликда ижрочи ходимларнинг шахсий масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, юклатилган вазифани ўз вақтида ва сифатли бажарган ходимларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган. Ушбу тизим орқали ижрочи ходимлар рағбатлантирилмоқда.
Тумандаги давлат ташкилотлари ходимлари ҳамда “маҳалла еттилиги”нинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳамда йиғилиш баёнларида белгилаб берилган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш юзасидан иқтисодий ўқувлар ташкил қилинмоқда.
Мурожаатлар — ҳокимлик назоратида
Туман ҳокимлигида тадбиркорлар ва фуқаролар мурожаатлари мунтазам қабул қилиниб, тоифаларга ажратилган ҳолда тегишли ижрочиларга тезкор етказилади. Ҳокимликда мурожаатлар ижроси бўйича масъул ходим томонидан ҳар бир мурожаат келиб тушганидан ечимини топишигача бўлган жараённи назорат қилиш тизими жорий этилган.
Ҳоким, сектор раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарлари маҳаллага чиққан ҳолда қабуллар ташкил қилиши ва мутасаддилар билан бирга муаммоларни жойида ҳал этиши тизими йўлга қўйилган.
Ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролар юбораётган мурожаатлар, жамоатчилик томонидан муҳокама этилаётган мунозарали масалалар туман ҳокимлигида тезкорлик билан кўриб чиқилади.
Бунинг учун ҳокимлик ахборот хизмати ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб боради ва туманга тегишли маълумот пайдо бўлиши билан дарҳол муаммони ҳал қилиш ёки тегишли жавоб тайёрлаш учун ижрочига етказади. Жорий қилинган ушбу тизим бўйича ҳар бир мурожаат шахсан ҳокимнинг назоратида.
Самарали ижронинг натижаси — иқтисодий барқарорлик
Иқтисодий барқарорлик, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлиги ошириш, меҳнат миграцияси ва камбағалликни қисқартиришда тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада Президентимиз таъкидлаганидек, “Тадбиркорликни жадал ва янада кенг ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш — энг муҳим вазифадир”.
Туманимизда бугун 4622 та юридик шахс мақомига эга тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Бу борада яратилган шароитлар ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда 2024 йилнинг ўзида 782 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 9 октябрда Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси тақдимоти билан танишиш пайтида Зангиота туманини пойтахт билан яхлит агломерация асосида ривожлантириш бўйича топшириқ берди.
Ушбу топшириқни туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб олган режаларимизни қайта кўриб чиқиб, маррани янада баланд олишимиз зарур деб тушундик.
Туманимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган корхоналар сони 904 та.
2024 йилда 138 та янги саноат корхонаси рўйхатдан ўтди. Йирик корхоналар сони 9 тага (2023 йилда 6 та), хорижий капитал иштирокидаги корхоналар 58 тага (2023 йилда 54 та) етди.
Натижада аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бир йилда 1,6 баробар кўпайиб, 35 миллион сўмни ташкил қилди.
Мисол учун, Катта чинор маҳалласида “Mir glass” МЧЖ қиймати 5 миллион доллар бўлган 100 та иш ўринли ойнага ишлов бериш лойиҳасини, Боғзор маҳалласида “Seven Group” хорижий корхонаси қиймати 3,5 миллион доллар бўлган 50 та иш ўринли маиший техника ишлаб чиқариш лойиҳасини, Чинор маҳалласида “Trendmeat” МЧЖ қиймати 20 миллиард сўм бўлган 50 та иш ўринли гўштни қайта ишлаш лойиҳасини ишга туширди.
Жорий йил 7 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Президентимиз хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди. Бугун туманимизда хизматлар соҳасида 2882 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улар 2024 йилда 4226 миллиард сўмлик хизмат кўрсатган (ўсиш — 16 фоиз).
Иқтисодиётда хизматлар соҳасининг улушини кўпайтириш ва бу жабҳада аҳоли бандлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан. Шу мақсадда 2024 йилда туманимизда қатор савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, хусусий клиника, мактаб ва боғчалар барпо этилди.
Мисол учун, Нурафшон маҳалласида “Alhfa-plaza trade” МЧЖ 12 қаватли бино барпо этиб, 600 ўринли савдо дўконлари, 200 ўринли меҳмонхона ва ресторан фаолиятини бошлади. Эшонгузар маҳалласида “Expekted Homes” МЧЖ томонидан 5 қаватли бинода 400 ўринли савдо дўконлари, болалар ўйингоҳи ҳамда 7 қаватли автотураргоҳ қурилди.
Бу каби йирик савдо комплекслари Истиқлолнинг 5 йиллиги ва Иқбол маҳаллаларида ҳам барпо этилди. Улар жорий йилда фаолият юрита бошлайди.
Ижтимоий соҳада хизмат кўрсатиш ҳам алоҳида эътиборда. Боғзор маҳалласида 360 ўринли хусусий мактаб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, туманда жами 550 ўринга эга бўлган 3 та хусусий ва 10 та оилавий боғча ташкил қилинди ҳамда 175 қатновга эга бўлган 3 та хусусий клиника фаолият юрита бошлади. Жорий йилда Ўрта овул маҳалласида 500 ўринли замонавий дам олиш маскани барпо этилади.
Қурилиш соҳаси Зангиота тумани иқтисодиётининг асосий драйвер йўналишларидан бирига айланди. Ўтган йили туманда 1,5 триллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Бу ўринда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Мисол учун, Эшонгузар маҳалласида жами 2600 та хонадонли 19 та кўп қаватли уй-жой қурилиши лойиҳалаштирилиб, бугун 1912 хонадонли 11 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Ушбу уй-жойларнинг биринчи қаватида болажонлар учун хусусий боғча ва аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари очилди. 2025 йилда 268 хонадонли 6 та уй фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, Навқирон маҳалласида жами 1502 хонадонли 21 та кўп қаватли уй-жой қурилиши бошланган. Шу кунга қадар 15 та уй қурилиб фойдаланишга топширилди. Натижада
1089 та оила уй-жойли бўлди. 2025 йилда эса 413 хонадонли 6 та уй эгаларига топширилади.
Ушбу мажмуада аҳоли эҳтиёжи учун зарур хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилди. Одамлар дам олиши учун шароит яратилди. Турли спорт майдончалари барпо этилди. замонавий боғчалар қад ростламоқда.
Бу каби уй-жой массивлари ҳақида яна қатор мисоллар келтириш мумкин. Хусусан, Боғзор маҳалласида жами 1215 хонадонли 19 та, Найман маҳалласида 5500 хонадонли 89 та, Аҳмад Яссавий маҳалласида 650 хонадонли 11 та кўп қаватли уй-жой қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари бошланди.
Албатта, ушбу массивларда аҳолига қулайлик яратиш учун хизмат кўрсатиш объектлари, дам олиш масканлари, спорт майдончалари, боғча ва мактаблар ҳам барпо этилади.
Туманга инвестиция жалб қилиш бўйича маррани баланд олганмиз. Ўтган йили апрелда Хитойга сафаримиз давомида келишувларга эришдик. 2024 йилда 104,3 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди (2023 йилга нисбатан 3 баробар кўп). Жумладан, Хитойдан 59,9 миллион доллар, Туркиядан 22,3 миллион доллар, Россиядан 10 миллион доллар, бошқа манбалар ҳисобидан 12,1 миллион доллар жалб қилинди.
Мисол учун, “Expekted Homes” МЧЖ турар жой бинолари ва савдо мажмуалари қуриш лойиҳасига Хитойдан 19,9 миллион доллар, “Quyosh nuri barchaga” МЧЖ савдо комплекси ташкил қилиш лойиҳасига Туркиядан 4,6 миллион АҚШ доллари, “Foamline Vostok” МЧЖ поролон ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳасига Россиядан 5 миллион доллар қийматида инвестиция йўналтирилган.
2024 йилда 22 та янги корхона экспортга жалб қилиниб, экспорт қиймати 89 миллион АҚШ долларни ташкил қилди (2023 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп). Экспортнинг асосий қисми Қозоғистон (20,2 миллион доллар), Туркия (16,5 миллион доллар), Россия (16,4 миллион доллар), Хитой (13,1 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келди.
Мисол учун, “Techno cable group” МЧЖ 11,9 миллион долларлик кабель, “Foamline Vostok” МЧЖ 10,5 миллион долларлик поролон экспорт қилди.
Камбағалликдан фаровонлик сари
Аҳоли фаровон яшаши ва камбағалликни қисқартириш учун одамларни даромад келтирувчи иш билан банд қилиш — муҳим вазифа. Бу жараёнда тадбиркорларнинг ўрни катта.
Ҳозир барча имконият яратилган. Фақат ватанпарварлик, фидойилик ва темир интизом билан ишласак, Зангиота туманини ишсизликдан ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантира оламиз.
Қайд этилганидек, туманимизда ўтган йилнинг ўзида юридик шахс мақомига эга 782 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди. Бундан ташқари, 1417 та янги якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини бошлади ва бугун туманда улар сони 6 мингдан ошди.
2025 йилда 35 минг кишининг бандлигини таъминлашни режа қилиб олганмиз. Бу режа маҳалла ва сектор кесимида тақсимланиб, халқ депутатлари туман кенгашида муҳокама қилинган ва тасдиқланган.
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият”, яъни бандлик ва юқори даромад топиш, таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, яшаш шароитини яхшилаш, давлат органлари ходимлари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш тамойиллари белгиланди.
Дастурга асосан, ҳудудимизда 2025 йилда 1250 та оилани камбағалликдан чиқариш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиб, камбағаллик даражаси 3,8 фоизга туширилади.
Туманимиз аҳолисининг эллик фоиздан ортиғи ёшлардан иборат. Улар ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шароитни яратиб бериш бизнинг асосий вазифамиз. Шу боис, мактабларда ўқувчилар бекам-кўст таълим олиши учун бор имкониятларни ишга солиб, 2024 йилда 6 та мактабга янги замонавий компьютер жамланмалари олиб берилди. 7 та мактаб мусиқа асбоблари, 10 та мактаб бадиий адабиётлар, 30 та мактаб спорт инвентарлари билан таъминланди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган акция доирасида ота-оналар мактабларга 20 мингдан зиёд китоб ҳадя қилди.
Туманимиз пойтахт билан чегарадош. Шу боис, иқтисодий ўсиш билан бирга аҳоли сони ҳам ошиб бормоқда. Аҳоли эҳтиёжи ва туманни ривожлантириш йўналишларини ҳисобга олган ҳолда йўл инфратузилмасини яхшилаш ва жамоат транспортидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда туман иқтисодиётининг яна бир драйвери бўлган логистика марказлари ва сақлаш хизматлари фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича ўзимизга қўшимча режалар белгилаб олганмиз.
Биз — ҳокимлик жамоаси ижро этувчи орган сифатида топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши муҳимлигини ҳис этган ҳолда самарали ижро интизомини жорий қилиш борасида мунтазам ишлаймиз. Бунинг учун барча шароит ва имконият яратилган.
Эркин РУСТАМОВ,
Зангиота тумани ҳокими