Ижтимоий ҳимоянинг янги тизими инсон қадрини таъминлашга хизмат қилмоқда

    Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турлари 18 тадан 30 тага, қоплаб бериладиган маблағлар миқдори ўртача 10 бараваргача оширилди.

    Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Шу боис ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида аҳолининг имконияти чекланган, ижтимоий ҳимоя муҳтож қатламини тўлақонли қамраб олиш, уларга кўрсатилаётган кўмак сифатини янги босқичга кўтариш масаласи туради.

    Яқин ўтмишга назар ташласак, жамиятимизда имконияти чекланган кишиларга давлат идоралари, давлат хизматчиларининг муносабати аянчли ҳолатда эди. Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги, эҳтиёжманд оилалардаги муҳитни, кайфиятни яхши билиши натижасида юқорида келтирилган ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам бутунлай янги тизим яратилди.

    «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ишга туширилиб, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бошланди. Яъни, кам таъминланган оилаларга нафақа белгилаш асослари аниқ қилиб қўйилди. Биргина мана шу тизим натижасида очиқлик, тенглик, адолат тамойилларига қатъий амал қилишга эришилди.

    «Имконияти чекланган кишилар» деган тушунча давлат ва жамиятнинг ногиронларга бўлган тор, бир ёқлама муносабатини ифодалаб келган бўлса, янги ислоҳотлар даврида, аввало, қонунчилик ўзгариб, «ногиронлиги бўлган шахслар» деган тушунча юзага келди. Шу асосда давлат ва жамият ногиронларга имконияти чекланганлар, деб эмас, балки шахс сифатида муносабатда бўлишга ўтди. Бу муносабат унинг ҳуқуқлари тан олингани ва рўёбга чиқиши учун имконият яратилаётганини англатади.

    Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Республикамизнинг 208 та туман (шаҳар)ларида «Инсон» марказлари ва ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди. Маҳалла даражасида 12 тоифадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизими яратилди. Буларнинг барчаси ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилганидан далолат беради.

    Соҳада амалга оширилган ишларнинг яна бир қувонарлиси, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турларини 18 тадан 30 тага, қоплаб бериладиган маблағлар миқдори ўртача 10 бараваргача оширилгани бўлди. Қувонарлиси, зарур воситаларни электрон тарзда танлаб олиш имконияти яратилди. аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, муҳтож шахслар ваучердан фойдаланган ҳолда электрон тижорат орқали тегишли протез мосламаси ёки реабилитация воситасини ўз танловига кўра бевосита ўзи, қонуний вакили ёки ижтимоий ходимлар кўмагида харид қила олади.

    Шунингдек, 66 та ихтисослаштирилган мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида ногиронликнинг оғир турларига эга бўлган болалар учун «Ғамхўрлик» гуруҳлари ташкил этилиб, 500 дан ортиқ оғир турдаги ногиронлиги бўлган болалар йўналтирилди.

    Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилдан ҳозирга қадар 2481 та етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан уй-жойлар билан таъминланди. Биргина жорий йилнинг ўзида 775 нафар болалар уй-жой билан таъминланди ва йилнинг сўнггига қадар яна 15 нафар болаларнинг тураржойлар билан таъминланиши режалаштирилган.

    Тазйиққа учраганларга уч босқичли «маҳалла-туман-вилоят» тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизим жорий қилингани бу борада кузатилаётган қатор муаммоларга ечим бўлди. Эндиликда, тазйиқ ҳолати доимий ўрганилиб, кузатиб борилади, ҳимоя ордери талаб қилмасдан ижтимоий хизматлар кўрсатилади, ариза талаб этмаган ҳолда бошпана ва чуқур реабилитация қилиш учун психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.

    Ижтимоий ҳимоя тизимида ёлғиз кексаларга қаратилаётган эътиборнинг аҳамияти катта. Хусусан, 2024 йил 1 майдан бошлаб реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматларга тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун 648 минг сўмлик моддий ёрдам жорий этилди.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида, профессионал ёндашиш лозим. Ижтимоий хизмат тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади» Муҳими, бугун соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳар бир шахснинг жамиятда ўз ўрнини топишига ҳисса қўшмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates