Икки эшик орасидаги салмоқли умр

    Маданият 21 декабр 2021 1911

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбек Миллий академик драма театрида ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган тантанали адабий-бадиий кеча ўтказилди.

    Унда давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчилар, шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, ижодий ташкилотлар, ёзувчининг оила аъзолари, ёш ижодкорлар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Адабий анжуман аввалида театр фойесида Ўткир Ҳошимов асарлари, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, давлат буюртмасига асосан Кинематография агентлиги томонидан ёзувчининг ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрланган “Чироқ кўтарган одам” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

    Тантанали кечада иштирокчилар адабий-маданий жараёндаги ислоҳотлар ҳамда Ўткир Ҳошимов маънавий меросининг ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритдилар.

    – Бундан ярим асрдан кўпроқ вақт илгари улкан адиб Абдулла Қаҳҳор ёш истеъдодли қаламкаш Ўткир Ҳошимовнинг “Чўл ҳавоси” қиссасини ўқиб: “Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади. …Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!” – дея бўлажак халқ ёзувчисига ўзининг оталарча хайрихоҳлигини изҳор этган эди. – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Ўткир Ҳошимов ўзининг оташин ижодий фаолияти билан устозлар ишончини тўла тўкис оқлади.

    Қарор ижроси юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтган давр мобайнида бир қатор ташкилий-ижодий ишлар амалга оширилди. Хусусан, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Ўткир Ҳошимов ижодига бағишланган кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечалари бўлиб ўтди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Ўткир Ҳошимов ижодининг ўрни ва аҳамияти” мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилиб, унда “Эл севган адиб: Ўткир Ҳошимов замондошлари хотирасида” номли китоби тақдимоти ҳам бўлди. Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласидаги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов яшаб, ижод қилган уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

    – Ўткир Ҳошимов XX асрнинг олтмишинчи-тўқсонинчи йиллари орасида асарлари энг кўп ўқилган ва ҳато энг кўп муҳокама қилинган ёзувчи, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров. – Ўқувчиси энг кўп ёзувчи ва шу маънода ҳақиқий халқ ёзувчиси. Китобхонлар минг-минглаб хатлар орқали ёзувчи билан мулоқот олиб борган. Асарлар ўзига қандай таъсир кўрсатгани, ҳатто ҳаётини қандай яхши томонга ўзгартиргани, қийинчиликлардан олиб чиқиб янгидан ҳаётга чорлагани хусусида ёзувчига ўз кўнгил эътирофларини йўллаган.

    Дарҳақиқат, Ўткир Ҳошимов ўқувчиларидан энг кўп мактуб олган ўзбек ёзувчисидир. Жорий йилда ёзувчининг мухлисларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” республика кўрик-танлови ташкил этилди. Ҳудудий босқичда фаоллик кўрсатган 23 нафар ўқувчи кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этди. Танловнинг республика босқичи ғолиблари шу йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида муносиб тақдирланди.

    Шунингдек, Ўзбекистон давлат драма театрида “Дунёнинг ишлари”, Ўзбекистон давлат сатира театрида “Ўткир Ҳошимов асарлари асосида ҳажвиёт”, Андижон ва Қўқон мусиқали драма театрларида “Тўйлар муборак”, Бухоро вилояти мусиқали драма театрида “Тўйлар муборак ёхуд уйланмасам ўламан” номли спектакллар ҳам саҳналаштирилди.

    Ўткир Ҳошимовнинг “Танланган асарлар”и, турк тилида “Ötkir Haşimov. Seçme Hikâyeler” (“Ўткир Ҳошимов. Танланган ҳикоялар”) китоблари чоп этилди. Шу билан бирга Туркиянинг Анқара шаҳридаги “Hece Yayinlari” нашриётида шоир ва таржимон Ҳамза Ўзтуркчи томонидан нашрга тайёрланган “Замонавий ўзбек ҳикоялари” номли тўпламдан Ўткир Ҳошимов асарлари ўрин олди.

    Адибнинг икки эшик орасида кечирган салмоқли умри ва баракали ижодига бағишланган 100 га яқин ортиқ мақолалар, адиб асарларидан намуналар газета ва журналларда, интернет сайтларида чоп этилди. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” газетасида Қарши давлат университети профессори Дамин Тўраевнинг “Халқ қалбидаги адиб”, Умарали Норматовнинг “Насрдаги шоир ёҳуд руҳият манзиллари”, Қодиржон Қаюмовнинг “Маданиятли бўлиш асар ёзишдан қийин”, “Адабиёт зиёси” газетасида Шодмон Отабекнинг “Виждонини сотмаган адиб”, Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасида Юсуф Файзуллонинг “Инсонийлик”, Хайриддин Султоннинг “Адибларнинг аёллари”, Алиназар Эгамназаровнинг “Эл севган адиб” каби 20дан ортиқ мақолалар эълон қилинди.

    Тадбир давомида, Ўзбек давлат драма театри актёрлари ижросида “Дунёнинг ишлари”, Қашқадарё мусиқали драма театри жамоасининг “Тўйлар муборак” спектаклидан парча намойиш этилди. Ўзбек Миллий Академик драма театри актёри Ихтиёр Отажонов ижросида ёзувчи қаламига мансуб “Лайлак” номли саҳна кўриниши, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан “Дафтар ҳошиясидаги битиклари” китобидан намуналар ўқилди. Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли ҳамда санъаткорларнинг куй-қўшиқлари эса кечага ўзгача шавқ-завқ бағишлади.

    Адабий анжуманда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates