Мазкур маскан адабиётга, ёш ижодкор қалбига бўлган меҳр, ишонч ва истиқбол. Бу — Ватанимизда сўзга берилаётган юксак эътиборнинг рамзи. “Йил сайин бир макон бу қадар кўп юракни уйғотадими, бир даргоҳ бу қадар юксак илҳом марказига айланиши мумкинми?”, десангиз, жавобим тайин: ҳа, агар бу макон — Зомин бўлса!
Бугун “Зомин” адабий семинарига 28 йил тўлди. Бу йил ҳам 7-9 июль кунлари, тоғлар бағрида яна шеър шаббодаси эсади, яна сўзлар дард билан, қувонч билан, орзу билан қоғозга қуйилади. Мазкур сафарга ҳар йили бўлганидек, орзулари кўксида униб турган юзлаб ижодкорлар йўл олади.
Ушбу семинар 1997 йилда Президентимиз ташаббуси билан бошланган эди. Ўшандан буён 3000 нафарга яқин ёш ижодкор кашф этилди, ғолибларнинг биринчи китоблари 10-20 минглаб нусхада чоп этилди. Бу эса, жаҳонда камдан-кам учрайдиган адабий эътирофдир. Ёш ижодкорлар орасида Зулфия номидаги давлат мукофоти, “Мард ўғлон” ҳамда халқаро миқёсдаги кўплаб адабий танловлар ғолиблари чиқмадими дейсиз?!
Куни кеча мамлакатимизда Ёшлар куни нишонланди. Бу байрам айни Зомин семинарининг маънавий самарасини, ижтимоий қадриятини яна бир бор ёритиб берди. Президентимиз томонидан Зомин семинарида “пишган” Ислом Эшниязов, Фахриёр Бахтиёров, Санжар Тошбеков, Қобилжон Шерматов каби ижодкорлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Бу нафақат уларнинг индивидуал ютуғи, балки адабиёт мактаби сифатида Зомин семинарининг муваффақиятидир. Айни натижалар замирида Президентимизнинг истеъдодга бўлган қатъий ишончи, эътибори, давлат сиёсати даражасида йўлга қўйилган ижодкорни қўллаб-қувватлаш тизими мужассам.
Зомин — шеърлар туғиладиган жой эмас, балки шеърлар улғаядиган, ҳаёт билан синашадиган макон. Ҳар бир семинар иштирокчиси бу ерга орзу билан келади. Улар баъзан шубҳа, баъзан ишончсизлик билан юрагидаги сўзларни бағрига тугиб келишади. Аммо бу ерда дилдан гапиришни, тинглашни, ўз овозини эшитишни ўрганишади.
Мен шуни чуқур ишонч билан айта оламан: Зомин — ёшлар учун бадиий камолот мактаби, устоз ва шогирдлик анъанасининг жонли ифодасидир. Бу даргоҳда танқид устувор, аммо меҳрли. Бу даргоҳда муваффақиятга етаклайдиган йўл танлаб берилади, аммо бир-биридан устунлик эмас, барчага имконият бир.
Зомин — бу тарих. Аммо у фақат ўтмишда эмас, бугунимизда, эртамизда яшаяпти. Ҳар йили семинар қатнашчилари орасидан бир қанчаси ижодий лойиҳалар, спектакллар, таржималар, публицистик асарлари билан эътироф топмоқда. Бу, албатта, Президентимизнинг фидойилик билан йўлга қўйган изчил сиёсати натижасидир.
Биз бу йилги семинар арафасида яна ўша маънавий ҳаяжонни ҳис қиляпмиз. Кимдир илк бор устоздан баҳо эшитади, кимдир қаламига ишонади, кимдир адабиёт йўлида мустаҳкам қадам ташлайди. Буларнинг ҳар бири — бир келажак, бир умид.
Бугунги глобаллашув даврида Зоминнинг қадри янада ортмоқда. Чунки бу ерда шеърлар компьютер орқали эмас, қалб билан ёзилади. Ҳар бир шеър, ҳар бир ғазал, ҳар бир монолог — Ватанга бўлган муҳаббат билан жаранглайди. Иштирокчилар она тилининг гўзаллигини қайтадан кашф этади, ўзлигини янада чуқурроқ англайди. Бу ерда истиқлол маъноси — юрак билан ҳис этилади. Зомин — бу нафақат адабиёт, бу ватанпарварлик мактаби, қалбни, руҳни, тилни поклайдиган сабоқларнинг маскани. Ҳар бир семинар — янги давр, янги босқич. Бу йил ҳам тоғ бағрида юраклар учрашади. Сўзлар дардини топади. Адабиётга содиқ қалблар биргаликда ҳаёт ва санъат, халқ ва Ватан ҳақида гаплашади. Ва биз яна Зоминга қараб йўл оламиз. У ерда бизни яна ўша мусаффо тонглар, илҳомга тўла юраклар кутмоқда. Яна бир неча қалам соҳиби ўз овозини топишга яқин турибди.
Зомин — юрагимиздаги муқаддас макон. Бу юрак тўхтамагунча, Зомин илҳоми ҳам тўхтамайди.
Фарида АФРЎЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари









