Куни кеча Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да ана шундай имтиёз асосида ўқишга қабул қилинган 76 нафар қизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ирода Қўчқорова, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Тоҳиржон Каримов томонидан талабага айланган қизларга самимий табриклар йўлланди ва гулдасталар тақдим этилди.
- Яқинда 18 ёшга кирдим. Бугун эса шодлигим қўшалоқ бўлди, жуда бахтлиман. Гарчи имкониятим чекланган бўлсада, асло руҳимни туширмайман. Ҳаётга муҳаббатим, одамларга меҳрим бошқача. Болалигимдан тикувчиликка, чизиш-бўяшга, нимадир янгилик яратишга иштиёқим кучли. Шунинг учунми, ғайрат-шижоат, севган машғулотим бўйича интилишдан тўхтамайман. Талаба бўлиш барчанинг орзуси, шукур, ниятим ўз вақтида ушалди, мақсадимга имтиёзли тарзда эришдим. Қаранг, мўъжиза рўй бериб, Наманган муҳандислик-технология институтининг «дизайнерлик» йўналишига давлат гранти асосида талабалар сафидаман. Бунга Президентимизнинг тегишли кўрсатмасига мувофиқ Наманган шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тавсия этилганимдан ғоят хурсандман ва миннатдорман, - дейди биз билан суҳбатда Наманган шаҳридаги 51-мактаб битирувчиси, 1-гуруҳ ногирони Робия ЮСУПОВА.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.