Ҳафталик бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси умумий фонди 7 715 585 миллион нусха нашрни ташкил этмоқда, шундан, 6 963 493 нусхани босма нашрлар, 752 092 нусхасини электрон шаклдаги адабиётлар ташкил этади.
Бугунги кунга келиб, кутубхоналар фаолиятида катта ижтимоий ўзгаришлар юз бермоқда. Кутубхона имиджини кўтариш, маънавий қиёфасини ўзгартириш, ижтимоий салоҳиятини ошириш, жамоатчилик орасида кутубхоналар мавқеини кўтариш мақсадида талайгина ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳолига кутубхона хизматини кўрсатиш мақсадида республикамизда 186та туман ва шаҳар кутубхоналари ташкил этилган, кўплаб кутубхоналар қайта реконструкция қилинди, тўлиқ таъмирланди, уларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Қувонарлиси, соҳа вакилларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда, уларнинг фаолиятлари рағбатлантирилмоқда, юксак эътироф этилмоқда, улар нуфузли давлат мукофотларига сазовор бўлиб келмоқда.
Бу йилги Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг бошқа ҳафталиклардан фарқи шундаки унинг доирасида 2-маротаба “Ёш кутубхоначилар” форуми “Yangi O‘zbekistonning intellektual salohiyati-yoshlar qoʻlida!” номи билан ўтказилаётир. Шунингдек, бу йил ҳафталик билан бирга 2-4-ноябрь кунлари “Tashkent BOOKFEST” халқаро кўргазма-ярмаркаси ҳам ташкил этилади.
Форум доирасида “Кутубхона ва ёшлар. Очиқ микрофон: Чексиз имкониятлар касби” номли очиқ мулоқот, “BOOK Slam Келинг! Кўринг! Ўқинг!” мавзусида ёш кутубхоначилар иштирокида танлов, “Ўз МЕНингни топ!” психологик семинар-тренинг ва бошқа кўплаб маҳорат дарслари, амалий семинарлар, танловлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
“INFOLIB UZBEKISTAN-2022” ХI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад республикамизда ахборот-кутубхона соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига ахборотлар олишнинг манбаи, шакл ва методларини етказиш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш, китобхонлик ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш, ёшларни интеллектуал билими ва савиясини оширишга қаратилган тадбирлар орқали уларни кутубхоналарга қизиқишини оширишдан иборат.
Ҳафталик доирасида жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, соҳа мутахассислари ва китобхонлар учун бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари, танловлар, тренинглар, маҳорат дарслари ўтказиш ҳамда нашриётлар иштирокида китоб кўргазмалари, ярмаркаларини ташкил этиш, мутахассисларнинг маънавий-маданий билимларини оширишга йўналтирилган тадбирлар, маҳорат дарслари, иштирокчиларни кенг жалб қилган ҳолда интеллектуал билимини оширувчи викториналар, таниқли фан ва маданият намояндалари, санъаткор ва ижодкорлар иштирокида ижодий учрашувлар, театрлаштирилган чиқишлар намойиш этиш режалаштирилган.