Онлайн кутубхона платформаси кўриш қобилияти чекланганлар учун имконият

    Юртимизда ногиронлиги бор фуқаролар учун муносиб ҳаёт тарзини шакллантириш, инклюзив жамият барпо этиш кун тартибидаги масалалардан бирига айланган.

    Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматлардаги ахборот технологияларидан, имо-ишора тили ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш вазифаси белгиланган.

    Тошкент шаҳридаги “SHAROIT PLUS” ногиронлар жамоат бирлашмаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида заиф кўрувчи шахслар учун ишлаб чиқилган очиқ ва бепул аудиокитоблардан иборат дастлабки онлайн кутубхона — “Kitob Plus” лойиҳасининг гибрид форматдаги тақдимоти ана шу эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлардан.

    Онлайн кутубхонадан ўзбек ва рус тилидаги турли адабиётлар, маълумот ва мақолалар ўрин олган. Бундан ташқари, спектакллардаги жонли мулоқот кўриш имконияти чекланган инсонлар учун қулай форматда тақдим этилади. Контентни мунтазам янгилаб бориш кўзда тутилган.

    — Бугун кўриш имконияти чекланган шахслар учун кўплаб аудиокитоб платформалари мавжуд. Аммо уларнинг барчаси ҳам фойдаланиш учун тўлиқ имконият беролмасди. Аудиокитоб қидириб юрардик, — дейди Кўзи ожизлар жамияти Чилонзор тумани бўлими раиси Музаффар Пўлатов. — Янги илованинг афзаллиги шундаки, исталган жойда мобиль телефон орқали сайтдаги аудиокитобдан фойдаланиш, спектакллардан баҳраманд бўлиш мумкин. Гапирувчи тизим кўриш имконияти чекланганлар учун телефон ёки интернетдан фойдаланишда катта қулайлик яратади.

    Иловадаги барча элементлар муқобил матнга эга. Уларнинг устига курсор белгиси қўйилса, вазифаси нимадан иборатлигини махсус гапирувчи дастурлар тўлиқ ўқиб беради. Бошқариш ҳам жуда осон. Бу кўриш имконияти чекланганларга бадиий адабиёт ва саҳна асарларини қулай ҳамда тўлиғича тақдим этишга хизмат қилади.

    Лойиҳа раҳбари Мирали Ғиёсов аудиокитоблар тарихи, бугунги аудиокитоб эшитиш платформалари, кўриш бўйича ногиронлиги бўлганлар дуч келаётган муаммолар, махсус платформага эҳтиёж ва “Kitob Plus” лойиҳаси ҳақида сўзларкан, жумладан, бундай деди:

    — Брайль ёзуви кашф қилинганидан кейин кўриш бўйича ногиронлиги бўлганлар дастлаб брайль алифбосини, яъни бўртма ёзувларни ўқиб савод чиқарган. Радио ва овоз ёзиб олиш ускуналари яратилганидан кейин гапирувчи китоблар йўналиши юзага келди ҳамда кўриш имконияти чекланганлар учун аудиокитоблар тайёрлана бошланди. Бу дастлаб АҚШда, кейин собиқ иттифоқда анча ривожланди. Аудиокитобларнинг асосий талабгори кўзи ожизлар эди. Ҳозир бундай китоблар барча учун қулай мутолаа шаклига айланди. Азалдан мавжуд аудиокитоблардан фойдаланиш кўришда муаммоси бўлганлар учун қулай эмасди. Улар аудиокитобдан фойдаланиш учун кутубхонага бориши, китобни флешка ёки дискка ёздириб олиши, эшитиб бўлганидан сўнг янги китоб учун флешка ёки диск кўтариб яна кутубхонага бориши талаб этиларди. Кейинроқ эса ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалар, YouTube платформаларида ҳам тарқатила бошлади. Аммо бу ҳам масалага ечим бўла олмади. Чунки китоблар ҳар ерда ва тарқоқ ҳолатда эди. Ҳозир юртимизда аудиокитобларни тақдим этувчи кўплаб платформалар мавжуд. Унда нега янги платформага эҳтиёж сезилди, аудиокитоб эшитиш учун бошқа дастурлар ҳам бор-ку, деган ҳақли савол пайдо бўлиши мумкин. Тўғри, турли платформалар орқали аудиокитоб эшитиш мумкин. Бироқ улар кўзи ожизларга мослаштирилмаган. Ногиронлиги бор инсонлар гапирувчи дастурлардан фойдаланаётганда турли муаммоларга дуч келди. Қолаверса, ўзига қулай бўлмаган дастурни ишлата олмаганини ҳам инкор этолмаймиз. Улар керакли китобни қидириб топиб, ўқиб чиқолмасди. Брайль ёзувидаги китобларни чоп этиш жуда қийин ва қимматга тушадиган жараён. Шунинг учун кўриш борасида ногиронлиги бўлганлар янги чиқаётган адабиётлардан ҳамма қатори баҳраманд бўлолмасди. Ечим сифатида ўзбек тилида нутқ синтезаторини ҳам яратдик. Бу орқали кўзи ожизлар компьютерда электрон китобларни бемалол ўқиши мумкин эди. Лекин бу ҳам масалага тўлиқ ечим бўлолмади. Шунда кўзи ожизларнинг мобиль қурилмасига махсус дастур ўрнатиш ҳамда ўзбек ва рус тилидаги аудиокитоб, радиоспектаклларни шу иловага жойлаштириш устида ишладик.

    Мазкур лойиҳа соҳада катта тажрибага эга россиялик дастурчи, “LOGOS” онлайн кутубхонаси бош директори Михаил Корнеев кўмагида яратилди. Экотизимга эга янги платформа телефондан эшитишни бошлаган аудиокитобингизни сайтда эшитишда давом этиш имконини беради. Эшитилаётган аудиокитобнинг тўхталган жойи эслаб қолинади. Исталган қурилмадан кириб китобни қолган жойидан тинглашингиз мумкин. Бу кўриш қобилияти чекланганлар учун катта қулайлик.

    — Айни пайтда ўзбек тилидаги қарийб 600 га яқин аудиокитоб, 400 га яқин спектакль мавжуд, — дейди Мирали Ғиёсов. — Қолаверса, янги нашр этилаётган китоблар ҳам бор. Уларни овозлаштириш, платформани контент билан тўлдириш учун холис ҳамкорлар ва ижтимоий вазифаларни зиммасига олувчи бизнес в акиллари, давлат ташкилотлари кўмагига муҳтожмиз. Чунки платформани контент билан мунтазам тўлдириб бориш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар доим ҳамма билан тенг ахборот олиш имкониятига эга бўлишига эришиш — энг катта мақсадимиз.

    Онлайн кутубхона ўзига хос дизайнга эга. Бу дизайнда учта асосий элемент бор: кутубхонанинг ўзи, китоб жавони ва профил созланмалари. Онлайн кутубхона тўрт асосий бўлимга бўлинади. Булар: китоблар, муаллифлар, сухандон ва жанрлар.

    — Исталган муаллифни танлаш имконияти яратилган, — дейди лойиҳа координатори Абдулазиз Салимов. — Унинг асарлари тўлиғича чиқиб келади. Жанрни танлаб, унга тегишли барча китоб билан танишиш мумкин. Кейинги имконият жавон бўлиб, ундан жуда кўп китоб жой олган. Фойдаланувчи учун ҳар сафар ўзи истаган китобни қидириб топиш мураккаб бўлиши мумкин. Иловада “Китоб жавони” деган функция бор. Бу ўзимиз эшитаётган, кўп мурожаат қилаётган китобларни мана шу жавонга қўйиш имкониятини беради. Хоҳлаган пайтимиз шу китобларга қайтишимиз мумкин.

    Бугун юртимизда кўриш имконияти чекланганларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, ҳар бир жабҳада имконият яратиш, қолаверса, таълим, умуман, ижтимоий соҳада қўллаб-қувватлаш учун турли лойиҳалар тақдим этилмоқда. “Kitob Plus” ана шундай ажойиб лойиҳалардан бири бўлди. Янги платформа кўриш имконияти чекланганларга қулайлик яратиш баробарида билим олиш ҳуқуқини ҳам таъминлайди.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates