Ташриф давомида Хитой Халқ Республикаси Атом энергетикаси агентлиги ҳамда Хитой Энергетика бошқармаси раҳбарияти билан ушрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари, жумладан 2024 йилнинг январ ойида давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ташрифлари давомида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг уран йўналиши бўйича йирик корпоратсиялари ўртасида имзоланган келишувлар муҳокама қилинди.
Ташриф давомида “Навоийуран” ДКнинг мутахассислари China National Uranium Corporation (CNNC) корпорацияси таркибидаги “BRICEM CNUC” (geologiya) ва “BRIUG CNUC” (texnologiya) илмий марказларига ташриф буюришиб, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда татбиқ этилган технологиялар билан танишишди.
Хорижий сафар давомида CNNC корпоратсияси таркибидаги уран маҳсулотини конверсия қилиш ва бойитиш, атом электр станциялари учун ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти ҳамда корпоратсияда қўлланилаётган янги инновацион технологиялар билан ҳам танишилди. Шунингдек, корпорация раҳбарияти билан ушбу технологияларни республикамизда жорий қилиш орқали қўшимча қийматли маҳсулот яратиш борасида музокаралар олиб борилди.
Хизмат сафари якунида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Навоийуран” ДК ҳамда CNNC корпорацияси таркибига кирувчи CNUC компанияси билан республикамизда истиқболли ҳудудларда геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича уч томонлама келишув ҳамда уран ва бошқа фойдали элементларни қидириш ҳамда ажратиб олиш бўйича Инновацион илмий-технологик марказни яратиш бўйича Меморандум имзоланди.
Имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг сентябр ойида CNNC корпорацияси вакилларининг Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриши ҳамда ишларни бошлашга келишиб олинди.
"Навоийуран" ДК ахборот хизмати