Барчамизга маълумки, мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6097-сонли Фармони имзоланди.
Фармон билан илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизими жорий этилиб, илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди. Натижада бугунги кунда илмий-инновацион соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли мониторинг қилиб бориш имконияти яратилди.
Бугун илм-фан ва таълим соҳасида замонавий рақобат муҳитини ривожлантириш учун давлат ва нодавлат муассасалар фаолияти тенг ҳуқуқлилик асосида қўллаб-қувватланмоқда.
Хусусан, Тошкент давлат юридик университетида ҳам тадқиқотчилар ва мустақил изланувчилар учун кенг имкониятлар яратилган. Бугунги кунда университетнинг коворкинг марказида “Legal Tech” лабораторияси фаолияти самарали йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда тадқиқотчиларнинг илмий ишлари натижаларини амалиётга жорий қилиш юзасидан амалий тавсия ва йўналишлар бериб борилмоқда.
Шу билан бирга мустақил изланувчи ва докторантларнинг ўз тадқиқотларини самарали олиб боришини таъминлаш мақсадида университет Ахборот-ресурс марказида илмий ишларни сақлаш учун махсус хона ташкил этилган бўлиб, хона барча замонавий моддий-техник база билан таъминланган.
Бундан ташқари, университетда тадқиқотларни мониторинг қилиш учун мўлжалланган “e-researcher” электрон тизими ҳам мавжуд бўлиб, ушбу платформанинг бир қанча афзалликлари мавжуд:
1. Шахсий портфолини шакллантириш имконияти — тадқиқотчилар ўз илмий фаолиятларини бир жойда тўплаб, тизимли равишда сақлаш имкониятига эга бўлади.
2. Тадқиқотчиларнинг якка тартибдаги режаларини автоматлаштириш — тадқиқотчиларнинг иш режалари тизимда автоматик равишда шакллантирилади, бу эса вақтни тежайди ва бюрократик юкни камайтиради.
3. Доимий мониторинг — тадқиқотчиларнинг илмий фаолияти мунтазам равишда кузатиб борилади, бу эса самарадорликни ошириш ва муаммоларни ўз вақтида аниқлаш имконини беради.
4. Илмий мақолаларни онлайн тартибда юбориш имконияти — профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар университетнинг илмий журналларига ўз мақолаларни тўғридан-тўғри тизим орқали юбориш имкониятига эга бўлиб қолмай, муаллифлар ўз мақолалари ҳолати ҳақида доимий равишда маълумот олиб туриши мумкин.
5. Ягона платформа афзаллиги — барча илмий фаолият бир тизимда бирлаштирилган, бу эса маълумотлар алмашинувини соддалаштиради ва самарадорликни янада ошишига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, замонавий ҳуқуқшунослик фанида инновацион услубларни қўллаш, халқаро тажрибаларни интеграция қилиш ва илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш орқали ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш мумкин. Шу жумладан, қайд этилган инновацион ёндашувлар ҳуқуқий тадқиқотларнинг сифатини янада ошириш, илмий натижаларнинг амалий аҳамиятини кучайтириш ва ҳуқуқшунослик соҳасида янгидан-янги тадқиқотларни яратишга хизмат қилади.
Авазбек Юлдошбеков,
ТДЮУ Илмий бошқармаси
Илмий тадқиқотлар ва илмий-педагог кадрларни
тайёрлаш бўлими бош мутахассиси