баннер
28 мар 2025
15:50

    Юнон-Бақтрия давлати пайдо бўлиши ва емирилиши

    Милоддан аввалги III асрнинг ўрталарида салавкийлар давлатида юз берган сиёсий беқарорликдан фойдаланиб, салавкийларнинг Бақтриядаги ноиби Диодот ўзини шоҳ деб эълон қилди.

    Шу билан бирга, Парфия ноиби Андрагор ҳам Диодот билан бир вақтда, яъни милоддан аввалги 247 йилда ўзини шоҳ деб эълон қилган. Милоддан аввалги 230-йилларда Диодот вафот этади ва тахтга унинг ўғли Диодот II ўтиради. Юстиннинг ёзишича, Диодот II тахтга ўтиргач, парфияликлар шоҳи Аршак билан ўзаро тинчлик шартномасини тузган.

    Милоддан аввалги 220 йилда келиб чиқиши Кичик Осиёдаги Магнесия шаҳридан бўлган Евтидем ўз тарафдорлари билан Юнон-Бақтрия шоҳи Диодот II ва унинг яқин қариндошларини ўлдириб, ўзини шоҳ деб эълон қилган.

    Ёзма манбаларда қайд қилинишича, салавкийлар шоҳи Антиох III (милоддан аввалги 223-187 йиллар) шарқдаги ажралиб чиққан ўлкаларни яна салавкийлар тасарруфига ўтказиш мақсадида юриш бошлаган. Антиох III аввал Парфияни ўз давлати таркибига қўшиб олган ва Юнон-Бақтриянинг ғарбий чегараларига етиб келган. Бундан хабар топган Евтидем Герируд дарёсида жойлашган кечувларни қўриқлаш учун кўп сонли қўшин юборади. Аммо Антиох III қаттиқ қаршиликсиз қўшинлари билан дарёдан кечиб ўтиб, Евтидем қўшинларини Бақтрия пойтахти Зариаспа-Бақтр шаҳри томон чекинишга мажбур этади ва шаҳарни қамал қилади. Қамал икки йилча давом этган. Антиох III нинг асосий мақсади исёнкор ноибларни яна ўзига бўйсундириш бўлган. Лекин шаҳар қамалининг узоқ вақт давом этгани, шаҳарликларнинг бир тан, бир жон бўлиб пойтахтни ҳимоя қилгани Антиох III ни шаштидан қайтарган. Натижада икки томон музокаралар ўтказишга мажбур бўлган. Евтидем ўзаро тинчлик битимини тузиш лозимлигини қуйидагича изоҳлаган: “Чегарада иккимизга хавф солиб турган кўп сонли кўчманчилар ўрдалари турибди. Агар у “ёввойилар” чегарадан ўтиб ҳужум қилса, мамлакат улар томонидан босиб олинади”.

    Охирги музокарада Евтидемнинг ўғли Деметрий ҳам қатнашган. Полибийнинг ёзишича, Антиох III Деметрийни илиқ кутиб олган. Унинг қадди-қомати, сўзлашиш маданиятини шоҳ унвонига лойиқ кўрган ва қизларидан бирини тортиқ қилиб, отасининг шоҳлик унвонини сақлаб қолишига рози бўлган. Музокаралардан сўнг Антиох III ва Евтидем ўртасида келишув қасами ҳамда ёзма сулҳ тузилган. Бу сулҳга биноан, Евтидем шоҳ унвонини сақлаб қолган. Антиох III эса Евтидем филларини ҳамда қўшинга керак бўлган озиқ-овқатни олиб, Ҳиндистон томон юришини давом эттирган ва Ҳиндикуш тоғларидан ошиб ўтиб, ҳиндлар шоҳи Сафагасен билан дўстлик битимини тузган. Антиохнинг Ҳиндистон томон юриши Юнон-Бақтрия шоҳларининг келажакдаги ҳарбий юришлар йўналишини белгилаб берган.

    Евтидем ҳукмронлиги даврида Юнон-­Бақтрия давлати таркибига ғарбдаги қатор қўшни вилоятлар қўшиб олинган. Улар орасида Марғиёна, Арея, Аспиан ва Турива алоҳида ўрин эгаллайди. Евтидем ҳукмронлиги даврида Суғдиёна ҳам Юнон-Бақтрия тасарруфида бўлган.

    Юнон-Бақтрия ҳудудларининг янада кенгайиши Евтидемнинг ўғли Деметрий номи билан боғлиқ. Деметрий тахминан милоддан аввалги 200-йилларда ҳокимият тепасига келади. У давлат ҳудудини янада кенгайтириш мақсадида эътиборини шарққа, Ҳиндистон томонга қаратади. Унинг қўшинлари аста-секин Маурья давлати таркибига кирган ерларни босиб ола бошлайди. Тахминан милоддан ­аввалги 180-йилларда Маурья шоҳи Брихандратха қўшинлари Деметрий томонидан тор-мор этилади ва Гандхаранинг бош шаҳри Патилапутра (Пешовар) истило қилинади.

    Деметрий Ҳиндистонни забт этиб юрган бир вақтда Бақтрияда Евкратид томонидан давлат тўнтариши уюштирилган. У ўзига “халоскор” деб ном берган. Бу билан Евкратид Бақтрияни Деметрийдан халос қилганини қайд этмоқчи бўлган. Воқеадан хабар топган Деметрий қўшинлари билан Бақтрия томон йўл олади. Бу тўғрида Юстин қуйидагиларни баён қилган: “Деярли бир вақтнинг ўзида Митридат Партавада, Евкратид эса Бақтрияда подшоҳ бўлди, иккаласи ҳам буюк инсонлардир”.

    Евкратид Деметрийга қарши урушларни давом эттирди, у узлуксиз ҳамлалар қилиб, душман устидан ғалаба қозонди. Беш ой давом этган қамалдан сўнг Ҳиндистонни бўйсундирди. Бақтрияга қайтиш вақтида Евкратид бундан олдин ўзига тенг ҳукмдор қилиб тайинлаган ўғли Гелиокл томонидан ўлдирилди.

    Евкратид ўлими Юнон-Бақтрия давлати сиёсий инқирозини тезлаштирди. Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон ерларини бирлаштирган қудратли Юнон-Бақтрия ўрнида Диодот, Евтидем ва Евкратид авлодларидан бўлган ҳокимлар ўз вилоятларида тангалар зарб қилишни йўлга қўйди. Милоддан аввалги II асрнинг ярмида Бақтрия ва Суғдиёнада Антимах ҳукмронлик қилди ва ўз номидан тангалар зарб қила бошлади. У тангаларда ўзини “Теос”, яъни “Худо” деб қайд қилган. Бу билан Антимах аҳоли орасида ўз номини илоҳийлаштиришга ҳаракат қилган. Юнон-ҳинд шоҳлари орасида шоҳ Менандр алоҳида шуҳрат қозонган.

    Милоддан аввалги II асрнинг учинчи чорагида Юнон-Бақтрия ва Парфия давлатларининг шарқий ҳудудларига Марказий Осиёда яшаган кўчманчи қабилалар ҳужуми хавфи кучайди. Юнон-Рим тарихчилари уларни умумий скифлар номи билан ёки саклар, скараваки, тохарлар деб қайд қилган. Юнон-Бақтрия шоҳлари Ҳиндикуш ортидаги ерларни забт этиш, ўзаро урушлар оқибатида кучсизлангани сабабли бу кўчманчи қабилалар тазйиқига қаттиқ каршилик кўрсата олмади. Милоддан аввалги 128 йилда Дунхуандан Бақтрияга келган хитойлик сайёҳ-дипломат Чжан Сян Бақтрия юечжи-катта юечжи кўчманчилар томонидан забт этилганини қайд қилган.

    Бақтрия шаҳарлари ва шаҳарсозлиги

    Македониялик Александр юришлари давомида Бақтрия ва Суғдиёнанинг ҳунармандлик марказлари бўлган кўплаб шаҳарлар вайронага айланган эди. Александр вафотидан кейин шарқдаги ўлкалар, жумладан, Бақтрия ва Суғдиёна салавкийлар давлати тасарруфига ўтди. Салавкийлар даврида юзага келган сиёсий барқарорлик бу ўлкалардаги кўплаб шаҳарларнинг иқтисодий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди. Шаҳар ва қишлоқлардаги ҳаёт аста-секин изига туша бошлади ва тараққий этди. Бу жараён Юнон-Бақтрия даврида сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Эски шаҳарлар тез суръатлар билан ривожланди, кўплаб янги шаҳарларга асос солинди, уларнинг иқтисодий салоҳияти ошди.

    Юнон-Бақтрия подшоҳлиги даврида ­Бақтрияда иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт тез суръатлар билан ривожланиб, тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Юстин Диодотга “Бақтриянинг мингта шаҳри ҳукмдори” деб таъриф берган бўлса, Страбон “Евкратидга мингта шаҳар бўйсунган”, деб ёзади.

    Ёзма манбаларда Бақтрияда янги шаҳарларга ҳам асос солингани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Жумладан, Евкратидея шаҳри барпо этилган.

    Бақтриядаги энг йирик шаҳарлардан бири давлат пойтахти Зариаспа-Бақтр бўлиб, у Афғонистоннинг Балх шаҳри ўрнида жойлашган. Шаҳар мудофаа иншоотларининг мустаҳкамлиги сабаб Антиох III уни 2 йил қамал қилиб, ишғол эта олмаган ва Евтидем билан сулҳ тузишга мажбур бўлган.

    Юнон-Бақтрия даврида асос солинган йирик шаҳарлардан яна бири Ойхоним ёдгорлигидир. Бу ёдгорлик Афғонистоннинг шимоли-шарқий ҳудудида, Кўкча дарёсининг Панж дарёсига қуйилган ерида жойлашган. Шаҳарнинг тарҳи учбурчак кўринишида бўлиб, унинг энг узун жойи 2000 метрга яқин.

    Шаҳар икки — юқори ва қуйи шаҳардан иборат бўлиб, мустаҳкам мудофаа девори билан ўралган. Ойхоним эллин дунёсига хос бўлган ҳақиқий полис-шаҳардир. Шаҳардаги бинолар тизимли жойлаштирилган. Қуйи шаҳардаги шоҳкўчанинг икки томонидан маҳобатли устун ва айвонлар билан безатилган жамоат бинолари жой олган. Бу ерда шаҳар аҳолиси учун ибодатхона, гимназий ва бошқа маҳобатли бинолар қад кўтариб турган.

    Юнон-Бақтрия даврига оид қатор ёдгорликлар Сурхондарё вилоятида ҳам аниқланган. Холчаён, Далварзинтепа, Қадимги Термиз, Кампиртепа, Жондавлаттепа, Ҳайитободтепа, Талашкантепа ва Узундара каби археологик обидалар шулар жумласидан. Жондавлаттепа ва Ҳайитободтепадаги археологик тадқиқот натижаларига қараганда, бу шаҳарларга аҳамонийлар даврида асос солинган бўлиб, македониялик Александрнинг ҳарбий юришлари вақтида қисман вайрон этилган. Юнон-Бақтрия даврида эса қайта тикланган, ҳаёт тез суръатлар билан ривожланган ва улар муайян кичик деҳқончилик воҳалари марказларига айланган.

    Деҳқончилик ва ҳунармандчилик

    Бақтриянинг табиий географик ўрни, бой ҳайвонот дунёси ва серунум тупроқлари қадимдан инсонлар эътиборини ўзига қаратган. Шунинг учун бўлса керак, Страбон Апполодорнинг сўзига асосланиб, “Бақтрия бутун Ариананинг кўркидур”, деб қайд қилган. Ўлканинг ўртасидан шарқдан шимоли-ғарбий томонга Амударё — Окс оқиб ўтган. Ўлканинг жанубий қисмида жойлашган Ҳиндикуш ва шимолдаги Ҳисор тоғларидан оқиб келаётган қатор катта-кичик дарё ва сойлар деҳқончилик билан шуғулланишга қулай имконият яратган. Аҳоли турли-туман деҳқончилик маҳсулотлари етиштирган. Страбоннинг қуйидаги сўзларини қайд қилиш зарур: “Бақтрия зайтун ёғидан ташқари барча маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Мамлакат ерларининг серҳосиллиги сабаб Бақтрияни қўзғолонга чақирган юнонлар шундай қудратга эга бўлдиларки...”.

    Бақтрияликлар бошоқли ўсимликлар етиштиришга кўпроқ эътибор қаратган. Улар буғдой, арпа, сули ва шоли каби маҳсулотлар етиштирган. Плинийнинг ёзишича, “Бақтрияда буғдой донлари шундай йирикки, бизнинг бошоқларга тенг”.

    Аҳоли деҳқончилик билан бир қаторда боғдорчилик билан ҳам шуғулланган. Улар кўпроқ узумнинг турли навларини етиштирган.

    Бақтрия аҳолисининг иқтисодий ҳаётида чорвачилик катта ўрин эгаллаган. Улар қўй, эчки, сигир ва туялар боққан. Бақтриянинг икки ўркачли туялари қадимда ҳам, ҳозир ҳам эъзозланади.

    Бу даврда ҳунармандчиликнинг ўрни янада юксалади. Қурилиш, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик ва заргарлик соҳалари тез суръатлар билан ривожланди. Чунки шаҳар аҳолисининг бу соҳалар маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи катта эди.

    Шаҳар бозорларида маҳаллий ҳунармандларнинг маҳсулотлари билан бир қаторда юнон-македонлар тайёрлаган маҳсулотларни харид қилиш мумкин бўлган. Бунда маҳаллий ва эллин маданиятининг ўзаро бир-бирига таъсирини кузатиш мумкин эди. Бунга мисол қилиб кулолчилик соҳасини келтириш мумкин. Айнан шу соҳада маҳаллий ва эллин маданиятларининг ўзаро уйғунлашуви натижасида бу ерда сопол идишларнинг ўзига хос шакллари пайдо бўлди.

    Ички ва ташқи савдо

    Юнон-Бақтрия даврида Бақтрия ва Суғдиёнада товар-пул муносабатлари салавкийлар даврига қараганда янада кенг ривожланган. Бақтрия ҳамда Суғдиёнанинг шаҳар ва қишлоқларида Юнон-Бақтрия шоҳлари томонидан зарб қилинган тангаларнинг кўплаб топилиши бунинг ёрқин далили. Ҳатто Бухоро вилояти ва Қашқадарёнинг Китоб шаҳри яқинида Юнон-Бақтрия шоҳлари тангаларидан иборат хазиналар топилган. Бу тангалар, асосан, юнонларнинг антик олтин бирлиги стандартларига асосланган ва у 8 грамм олтинни ташкил этган. Бозорда, асосан, турли қийматдаги кумуш ва мис тангалар муомалада бўлган. Диодот ва Евтидем тангаларида “Шоҳ Диодот” ва “Шоҳ Евтидем”, деб ёзилган бўлса, Евкратид тангаларида “Буюк шоҳ Евкратид”, дея қайд қилинган.

    Юнон-Бақтрия даврида ташқи савдо жадал ривожланган. Бунда катта ҳудудларнинг бир давлат таркибига киргани алоҳида аҳамият касб этган. Буни Ҳиндистон мисолида ҳам кузатиш мумкин. Ҳиндистоннинг катта ҳудуди Юнон-Бақтрия таркибига қўшиб олиниши нафақат бу икки ўлка орасидаги савдо муносабатларини, балки халқаро буюк ҳинд йўли янада узвийлашувига сабаб бўлган.

    Бақтрия ва Суғдиёнада маданият ва санъат тез суръатлар билан ривожланган, ушбу масканлар маданияти ўзига хослиги ва илдизлари билан қадимги даврларга бориб тақалиши аниқланди. Юнон-Бақтрия даврида Бақтрия қадимги дунёнинг йирик маданий марказларидан бири бўлгани сўнгги йиллардаги археологик тадқиқотларда ўз тасдиғини топмоқда. Бу борада Кампиртепа, Қадимги Термиз, Халчаён, Ойхоним, Тахтисангин, Узундара ва бошқа ёдгорликлардан топилган тошдан, лой-ганчдан ишланган маҳобатли ҳайкаллар, рангли сюжетли деворий суратлар, меъморлик безаклари алоҳида ўрин эгаллайди. Улар ишланиш услублари, ўзига хослиги, таъсирчанлиги, бетакрорлиги билан ажралиб туради. Топилган ҳайкалларнинг бирида эллин дунёси анъаналари ёрқин ифодасини топган бўлса, бошқаларида маҳаллий Бақтрия анъаналари, яна бир қисм ҳайкалларда ҳинд-гандҳар маданияти анъаналари таъсирини кузатиш мумкин. Ҳайкалларда Юнонистон, маҳаллий маъбуд ва маъбудалар, шоҳлар ва саркардалар образлари тасвирланган.

    Санъатнинг беқиёс ривожланганини Юнон-Бақтрия шоҳлари томонидан зарб қилинган тангалар мисолида ҳам кўрса бўлади. Қадимги зарбчилар тангаларнинг кичик доирасида ҳар бир шоҳнинг нафақат ташқи қиёфасини аниқ ифода эта олган, балки ҳар бирининг ички дунёси ва феълини очиб беришга ҳам муваффақ бўлган.

    Бақтрия ва Суғдиёнада юнон-бақтрия даврида маданият ҳамда санъат ривож топганини ҳатто кундалик эҳтиёж моллари ҳисобланган кулолчилик маҳсулотлари мисолида ҳам кузатиш мумкин. Бу даврда тайёрланган сопол идишлар юқори сифати ва шакли билан ажралиб туради. Кулоллар идишларга бежирим шакл бериб, уларни амалий санъат асари даражасига кўтара олган.

    Шокиржон ПИДАЕВ,

    ЎзФА Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари номзоди

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech