Халқаро валюта жамғармаси томонидан 2020 йил 18 май куни Ўзбекистон Республикасига имтиёзли қарз маблағлари ажратилиши маъқулланди. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- «Тезкор кредитлаш дастури» » (Rapid Credit Facility) бўйича 10 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли даври билан) 92,05 млн SDR (ёки МАҲ - махсус айирбошлаш ҳуқуқи) миқдоридаги фоизсиз қарз;
- «Тезкор молиялаштириш инструменти» (Rapid Financing Instrument) бўйича 5 йил муддатга (3 йиллик имтиёзли даври билан) 1,05% йиллик фоиз ставкаси билан 183,55 млн SDR миқдоридаги қарз.
Ўзбекистон Ҳукумати ва Марказий банк ўртасида мазкур қарзларни республика бюжетига тушириш ва қарзга хизмат кўрсатиш механизмларини ифодаловчи Англашув Меморандуми имзоланган.
Ҳужжат билан «Тезкор кредитлаш дастури» ва «Тезкор молиялаштириш инструменти» бўйича қарзни қайтариш, фоиз ва хизмат кўрсатиш ҳақи бўйича тўловларни амалга оширишнинг прогноз жадваллари тасдиқланди. Мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва хизмат кўрсатиш ҳақи Ўзбекистон Давлат бюджети томонидан қопланади.
Молия вазирлиги ХВЖ томонидан ажратиладиган қарзлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Давлат харидлари тузиладиган шартномалар доирасида очиқлик ва шаффофлик асосида бенефициарлар кўрсатилган ҳолда амалга оширилиши керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.06.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абудазимова