Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури – амалда

    Таълим 4 июл 2023 1714

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан жорий йил бошида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш жадвали, ўқув курслари дастури ва модули ишлаб чиқилди.

    Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023-йил давомида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курсларини ўтказиш режаси ҳам тасдиқланди.

    Режага мувофиқ, онлайн ва офлайн шаклдаги ўқув курслари Фарғона вилоятида – 22-23 февраль, Бухоро вилоятида – 29-30 март, Тошкент вилоятида – 18-19 апрель, Сурхондарё вилоятида – 17-18 май, Андижон вилоятида – 20-21 июнь, Наманган вилоятида – 22-23 июнь кунлари ўтказилди. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимиз ҳудудларининг ярмини қамраб олган ана шу машғулотларга миллий ва халқаро экспертлар жалб қилинди.

    Ҳар бир ҳудуддан 50 нафар – ички ишлар тизими ва 10 нафар – прокуратура тизими ходими тингловчи сифатида иштирок этди. Натижада терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 350 нафар ходими қийноққа солишга қарши курашиш борасидаги халқаро амалиёт ва миллий тажриба бўйича ўз билимларини ошириши таъминланди.

    Ўқув курсларининг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақовнинг видеомурожаати билан бошланди. Бунда Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича тушунтирилди.

    Машғулотларда Миллий марказ, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ва Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан фаол қатнашди.

    Иштирокчилар озодликдан маҳрум қилиш жойларида қийноқлар ва бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларининг олдини олиш соҳасидаги халқаро стандартларни кўриб чиқди. Шунингдек, қийноқлар ҳақидаги даъволарни ҳужжатлаштириш, қамоққа олиш жойларида шафқатсиз зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда тиббиёт ходимлари зиммасига юклатилган бурч ва масъулият мавзулари муҳокама қилинди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
    Миллий марказининг матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates