Инсон Ватани, тили, маданияти, жанговарлиги билан тирик

    Ҳозирда озод мамлакатнинг ҳар бир онгли фуқароси ўз ҳаётида дунё ахборот оқимларининг шиддатли забтини сезиб туради, Истайдими, истамайдими, ўзи ҳам шу ахборот оқимларининг иштирокчисига айланади.

    Шу ўта зиддиятли оқимларда ШАХС шаклланади, мамлакатнинг янги қиёфаси шаклланади. Ахборот уларнинг ички ҳамда ташқи қиёфаларига дам-бадам сифат ўзгаришларини олиб киради.

    Кейинги вақтларда атрофимизда пайдо бўлаётган ахборотлар ичида бизни ғоятда қувонтираётганлари, илҳомлантираётганлари, ғайрат камарини белга маҳкам боғлаб ислоҳот дулдулини дадил олға бошлашга чақираётганлари билан биргаликда ХХ1 аср дунёсида тамомила эскириб анахронизмга айланиб улгурган империячилик асоратларини қўмсаб уларни турли шаклларда тиклашга чақираётган овозлар ҳам қулоқларимизга бот-бот чалиниб туради.

    Уларни тинглаб, шу охир замонда ҳам неоколониализм васвасалари ҳали батамом тугаб битмаган экан-да деган хулосага келасиз. Ҳар ҳолда уларга қараганда, Ўзбекистон мамлакати, ўзбек халқини яна тобе, забун ҳолга туширишни орзу қилиб, эрта—кеч шуни мўлжал олиб, тайёргарлик кўриб ётган тубан, ашаддий босқинчи кучлар тарих саҳнасидан бадар йўқолмаган экан-да деб чуқур ўй-мулоҳазаларга ботасиз.

    Бойқушу қузғунларнинг инсон қони, зардобига тўймаган манҳус овозлари Ер юзидан, гўзал Марказий Осиёдан ўчмаган экан-да, дарвоқе, дарҳол буларнинг олдини бирваракай олмоқ керак деган зиёли фикрга келасиз.

    Ўзбекистон икки аср давом этган, бизни халқ, инсон сифатида йўқ қилиб юборишга муттасил интилиб келган тажовузкор босқинчи кучларнинг зулм-зўравонликларини асло унутган эмас. Она юрт, озодлик йўлида жангларда тўкилган қонлар муқаддас!
    Икки аср саноқсиз қурбонлар табаррук ёди унутилган эмас.

    Халқнинг не-не ақл, салоҳият, истеъдод юлдузлари ноҳақ қирилди, не-не асарлар маҳв этилди, не-не обидалар харобага айланди. Ватани, шаъни, озодлиги, эрки, дунёдаги ўз ҳаққоний ўрни учун фидо бўлган аждодларнинг сўзлари, хаёллари, дастурлари биз учун муқаддас, курашларга, жангларга чорлаб илҳомлантириб туради ҳар дамда! Уларнинг қутлуғ қони муқаддас қилган еримиз, сувимиз, мусаффо ҳавомизни сақлаш, ҳимоя қилиш ҳар биримиз учун шараф, фарзандлик бурчимиз, оъмолимиздир.

    Биз янги замон қурувчилари, ХХ1 маъруф аср зиёлилари, неоколониализм, империячилик талвасаларини кескин ва бутунлай рад этамиз. ХХ1 аср оламида энди уларга асло ўрин йўқ деб биламиз. Эй, бегуноҳ инсонлар қонларини тўкишдан, бани башарга фақат завол кетиришдан тўймаган кимсалар, чекилингиз энди! Етар Ер юзини вайроналарга айлантирганингиз. Алҳазар! Илон-чаёнлар сўнг дам келганда ўз заҳарли нишларини ўзларига уражаклар ва яна ўзларини думларидан бошлаб батамом еб битиражаклар, иншоаллоҳ!

    Ўзгалар моли, жонига тўймайдиганлар борлигини биламиз.

    Биз зулм ниш берганда қараб томоша қилиб ўтирадиган халқ эмасмиз. Тадбир ақлдан дейдилар, Тадбиримизни кўрамиз. Таҳдид-тажовузларни маҳа этгувчи яхлит ягона кучга айланамиз. Бунга иродамиз, матонатимиз етарли. Жасоратимиз, стратегиямиз тарих синовларидан ўтган!

    Ўзбекистон, ўзбек халқи тинчликпарвар, ислоҳотпарвар, илмпарвар халқ. Давлат раҳбари, ҳукумати бошчилигида иқтисод, маданият, илм-маърифат, халқаро муносабатларнинг ранг-баранг соҳаларида самарали мулоқотлар, алоқалар, ҳамкорликларни кенг йўлга қўймоқда. Тараққийпарварлик сиёсатини асл сиёсат даражасига кўтармоқда. Мудҳиш айирмачиликларни қатъиян рад этмоқда.

    Айирмачиликлар не-не кулфатларни ёғдирмади Марказий Осиё, Турон-Туркистон халқларини бошига, ҳаётига! Ўзбекистон раҳбарининг чин инсонпарварлик ва тараққийпарварлик сиёсати жаҳон афкор оммасининг таҳсинига, қўллаб-қувватлашига эришмоқда. Миллионлаган ёш авлод, миллионлаган хотин-қизлар, ўрта ва кекса ёшдаги кишилар истиқлол ҳаётидан ўз муносиб ўрнини топмоқда, болалар билим чўқилларини ишғол қилмоқда, энг янги тадқиқотлар умуминсоният, Ер юзида ҳаётни сақлаб қолиш, экологик маданият тамойилларини кучайтиришга холис хизмат қилмоқда.

    Демократик ғоялар халқ ҳаёти қарашларига эволюцион тарзда чуқур сингиб турмуш фаровонлигини юксалтирмоқда.Биз нима қиламиз? Четдан келаётган дўқ—пўписалар, салтанатчилар овозларидаги товланишларини индамай жон қулоғи билан тинглаб ўтираверамизми? Йўқ, бу бизнинг йўлимиз эмас! Одатимиз эмас!

    Асло қараб ўтирмаймиз! Ранг-баранг дипломатик чоралар кўрамиз, жаҳон афкор оммасининг диққат-эътиборини бу жабҳаларга тинимсиз, ҳеч қандай чарчоқ билмасдан жалб этамиз. Ҳаммадан ҳам муҳим, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини қадам-бақадам изчил тарзда мустаҳкамлаб борамиз. Ёш йигит-қизларимиз жанговар бўлишлари, энг янги жаҳон ҳарбий билимлари билан қуролланишлари, энг янги қурол-аслаҳаларни мукаммал эгаллашларига эришамиз.

    Неоколониализм тарафдорларининг иркит сиёсатлари, мағзавага қоришган кирдикорларига бефарқ қарамаслик, ит ҳурар, карвон ўтар деб беғам бўлмаслик, тарихнинг шафқатсиз сабоқларидан ҳаёт ва келажак учун энг зарур хулосаларни чиқариш ҳар биримиз учун ғоятда муҳим ва бир зум ҳам кечиктирилмайдиган ишдир.

    1865 йил ёз ойи Тошканд остонасидаги фожиалар, 1918 йил баҳор фаслидаги қонга ботган мухториятимиз биздан жавоб сўрашини ҳеч ким ҳеч қачон унутмасин. 1937 йил асл истеъдодларимиз шафқатсиз нобуд қилингани ўзбекман деганнинг, ҳеч бир ўзини ватанпарвар санаганнинг эсидан чиқмасин.

    Тамомила пуч ва ўта кетган сохта нарсалар, шоир айтмоқчи “ширин ёлғонлар” ақлимизни банд этмасин.ХХ1 асрда яшаётганимизни бир зум ҳам унутмайлик! ХХ асрда иккита оғир жаҳон урушини бошидан кечирган Европа ва Америка, Япония тўла тикланиб зўр тараққиёт йўлидан кетмоқда. Биз эса шу асрда вайрон ва хароб бўлиб қолдик.Чунки тарихдан сабоқ чиқармадик. Сабоқ чиқармаганлар йўлларини йўқотадилар, гумроҳ номини, тамғасини қозонадилар. Биз шуни истаймизми? Жуда тўғри, ит ҳурар, карвон ўтар. Бироқ биз қараб турмайлик!

    Иброҳим ҒАФУРОВ,
    Ўзбекистон Қаҳрамони

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates