Ҳазрат Алишер Навоийга эҳтиром ёхуд Инсоният қуёши таърифида битилган роман тўғрисида бир-икки оғиз сўз

    Бугун ўзбек насри хазинаси истеъдодли ёзувчи Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” номли янги романи билан бойиди. Аслида, “эмас осон бу майдон ичра турмоқ...”. Ўзбек адабиёти тарихида ҳазрат Алишер Навоий образи бор, театр ва кино талқинлари ҳам. Аммо маънавий заруратга кўра, адиб Алишер Навоий сиймосига қайта мурожаат қилди.

    Тарихни тилга киритиш, тарихий шахсларни “кийинтириш”, ишончли портретларини чизиш, мозий муҳитига мос сўзлатиш, қалбига қулоқ тутиб, дарду аламини англаш — буларнинг бари истеъдод эгасидан ўзи бино қилаётган қаср тарҳини қайта ва қайта режага солишни талаб этади.

    Ҳазрат Навоийнинг ўзбек адабиёти тарихида мавжуд образини такрорламаслик учун изланиш, тарих китобларини ўқиш, аллома шоирнинг кўнглини тушуниш ҳамда эътиқодий амал ва аъмолларини баён этиш учун ёзувчи кенг кўламли дунёқарашга эга бўлиши лозим. Тарихни тирилтириш учун воқелик тафсилоти, саналар ёки маълумотларни билишнинг ўзи камлик қилади. Оддий, қуруқ маълумот баёни, хабар матнлари ўқувчини зериктириши мумкин. Асрлар бағрида сокин ётган соҳир овоз садоланиши учун инсоний инжа ҳис-туйғулар худди рубоб торидек теран тортилиши ва чертганда мусиқий оҳанг тарқатиши лозим. Ҳирот ё Самарқанд, Марв ёки Астробод кўчаларидаги чанг-тўзон, тўй-томоша, шовқин-сурон, базм ва машварат, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий ҳаёт тасвири чинакам барҳаётликни талаб этади. Исажон Султоннинг романи ўқувчи қалбига аллақандай рубобий сокинлик бағишлайди, мудроқ тасаввурларни уйғотади, турғун тафаккурни юритиб юборади.

    Ҳар бир ижодкор юрагида ўзининг юксак идеаллари, орзулари бўлади, Алишерлардек мумтоз фуқаролари истиқомат қилади. Биз роман воситасида муаллиф бадиий тафаккури ва тасаввуридаги ҳазрат Навоий олами билан танишамиз. У биз ўйлаб юрган Ҳазрат қиёфаси билан теппа-тенг келса, табиийки, мамнун бўламиз, қувонамиз, таъсирланамиз. Дарҳақиқат, Исажон Султон истеъдодли адиб ўлароқ, қайсидир маънода биз тасаввур қилиб юрган Алишер Навоий образини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Ҳазрат Навоий билан йўлдошлик, қурдошлик, қувониш, алам тортиш, изтиробларга берилиш, ғазал ўқиш, сўздан завқланиш, Ҳироту Ироқ кўчаларидан кезиш, Али Яздийдек алломаи замондан дуолар олиш, Султон Ҳусайн билан дўстлашиш, Бадиуззамонга насиҳатлар сўйлаш, Абулмуҳин Мирзони сулҳга чорлаш, одамлар дардини тинглаш, улуғ бир сафар орзуси билан яшаш, тўғриси, буларнинг ҳар бири роман бўйлаб Алишер Навоий билан бирга ҳамқадам юриб ва қўниб ўтиладиган манзиллардир.

    Ёзувчи Алишер Навоийнинг образи негизига одамийлик, дўстга садоқат, ваъдага вафо, эзгулик, яхшилик каби қатор гўзал фазилатларни жойлаштиради. Романдаги бошқа барча иккинчи даражали образлар бош қаҳрамоннинг ана шу нодир фазилатларини теранроқ намоён этишга хизмат қилади. Аслида, тарихий-биографик мазмунли улкан насрий асарлар табиати ҳам шундай, яъни бош образнинг руҳий-психологик оламини ҳар томонлама тўкис кўрсатишга йўналтирилади.

    2

    Роман композицияси ҳазрат Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” девони ички структурасига мос “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадоеъ ул-васат”, “Фавоид ул-кибор” деб аталган тўрт қисмдан иборат. Алишернинг болалиги, ёшлик йиллари, ўрта ёшда кўрган-кечирганлари ва, айниқса, кексалик палласидаги фойдалар романда батафсил баён қилинади. Тўртинчи қисм нисбатан катта ўринни эгаллайди. Бу табиий ҳамдир. Зеро, Навоийнинг ижоди ҳар жиҳатдан пишиб етилгани, айнан, башариятнинг адабий завқи, ўзбек адабиёти ва, умуман, дунё адабиёти маънолар хазинасига тақдим этган дурдона асарлари умрининг айнан ўша йилларида ёзилгани тарихий ҳақиқатдир. “Хамса”ни тугаллаб завқланишлари, қолу ҳол ҳолатлари, “Муҳокамат ул-луғатайн” муҳокамалари, “Лисон ут-тайр” парвозлари — буларнинг барчасини ёзувчи жуда теран англайди ва Ҳазрат ижодининг завқ-шавққа тўла паллаларига муносиб бадиий тасвир, изҳору ифодалар топади. Романнинг ижод психологиясига тегишли бундай саҳифаларида муаллиф билан Алишер Навоий сўзлари ўзаро уйғунлашиб, ғаройиб бир сирли, жозибали гармония ҳосил этади. Ёзувчи бадиий адабиётнинг метафорик табиати — “тимсол тили”ни яхши билади. Ўспирин шоир бир даврада ажойиб ғазал ўқийди. Шайх Камол Турбатий мажлис аҳлига юзланиб, Алишер Навоий закосига: “Шоҳид бўлингизким, назм жанггоҳига кирган бу ёш йигит барча лашкарбошиларни доғда қолдириб, бир ўқ билан Зуҳрони урди, баҳодир бўлди!”, дея баҳо беради.

    Бадиий структураси пишиқ ишланган романда Алишер Навоий даҳоси, “мен”и ана шундай тимсол тилига кўчирилади. Бадиий сўз санъатида ийжоз мақоми — кам сўз билан кўп маънолар англатиш санъати қадрланади. Ўйламай айтилган ёки ёзилган ортиқча сўз офат келтиради. Тўқима образлар таърифида бадиият қоидалари ўз вазифасини бажаради, кўпинча характер мантиғига мос тарзда уларнинг хатти-ҳаракатини бадиий ғоя ифодаси томон буриш ҳам мумкин. Аммо тарихий шахслар қисматини муаллиф жуда эҳтиёт бўлиб, билиб, ўрганиб, уларга рўбарў бўлишдаги ҳисоб-китобини ўйлаб ёзади ва жуда тўғри қилади. Дейлик, айнан Ҳиротда Навоий истиқомат қилаётгани учун ўз жанговар юришларини жиловлаб турган Шайбонийхон образига ҳам жуда холис баҳо беради; ундан душман ясалмайди.

    Заруратга кўра, қушлар, ҳайвонот олами, ош-овқатларнинг, жанг қуролларининг номлари, турли тарихий рўзғор анжомлари ва ҳатто муайян ҳудудда яшайдиган қавмлар — пашожий, ғабрий, ламғоний, лурий, ғурийларнинг феъллари, юриш-туришлари, кийим-бошларигача ўрганади. “Моҳи машшоқлар дуҳул, нодир, кўс, таблақ, табал, қўшнай ва сурнай чалиш билан машғул эдилар. Шунингдек, найи Румий, буғ, нафир, тирсакки усталари ўз навбатини кутиб туришарди” – Алишер Навоий ўз табаррук тахаллусига муносиб айнан шу типдаги мусиқа асбобларининг барчасини яхши билгани ҳақиқат; ёзувчи ҳам уларни билиши, фарқлай олиши ва ўрни келганида ўз асарида жаранглатишга ҳақли, менимча. Шунда тарихий-маданий муҳитга кирилади, шунда чолғувчилар базмида атрофга турли мусиқа асбобларидан куй-қўшиқ таралади. Ёзувчининг бундай меҳнат-машаққати, ўрганиши ва тадқиқи, табиийки, изсиз кетмайди; адабий-назарий баҳо ва ўлчов тарозисининг муваффақият палласига юк босади.

    Романнинг сюжет чизиғида рамзий маъно ташувчи самовий думли юлдуз тафсили, унинг ҳаракатига Ҳазрат ҳаёти давомида бир неча бор гувоҳ ­бўлишидан адиб ҳикмат излайди. “Қазо фарроши ўзининг сиймин супургиси ила шимолдан адашиб келиб қолган булутларни осмон четига олиб бориб уйди, улар худди сарой товусининг ёйилган парларига ўхшаб қолди” каби тасвирлар Навоийнинг тонг отиш маҳали ҳақида ёзган ғазали мазмунидан олинган илҳом изҳорлари экани сезилади. Бошқа бир саҳифада “Гўё пиллага кирган қурт каби емоқ-ичмоқни бас қилиб, дунё ишларидан чекиндию ипак яратди. Яъни жондан кечиб, ипак бўлди. Гўё ерга кирган уруғ каби униб, лола бўлиб очилди: чечак бўлди” сингари жумлалар семантикасига Навоий ҳикматлари сингдирилади. Аслида роман жанри учун муаллифнинг ҳаёт фалсафаси жуда муҳим ҳисобланади. Улуғ шоирнинг кўнгил оламига ошно тутинган ва инсон қалбининг бадиий манзараларини намойиш этишга бел боғлаган Исажон Султон ўз асарини ора-орада “Золимлар гўё салтанат меваси ичига тушган қурт каби эдилар”, “Дунё ҳаёти бир фитнадир, уни тарк этганларгина саодатга эришганлар”, “Тангри таоло баҳорни қишнинг табиби қилиб юборди” сингари ҳаётий тажрибаларидан майдонга келган ҳикматлар билан зийнатлайди.

    3

    Романдаги ўқувчи қалбини ларзага соладиган эпизодлардан бири — бу “қуюқ сочлари бир оз жингалак, қошлари тўғри ва текис, юзи оқ, ёноғи қирмизи, кўзларида жасурлик ўти чақнаган, хуш хулқли, заковатли ўсмир” Мўмин Мирзо ўлими билан боғлиқ саҳифалар бўлса керак. Ўша паллада гўё “сарой узра мусибат қуши учиб юрган”дек бўлади. Ёзувчи таъбирича, “тун жодугари вақт хуфтондан ўтгандан сўнг, макр-ҳийла тўрини” кенг ёяди. Кейин эса “Мастлик булутлари зеҳн ойини тугал беркитади” ва Султон Ҳусайн сархушликда ўз набираси қатли ҳукми ҳужжатга имзо қўяди. Ёрлиқни элтаётган чопарлар ҳоли тасвирида “тун қора, чопарлар ундан ҳам қора” ранг бўёқларни қўллайди муаллиф, “самода булут тўла, шивалаб ёмғир урарди”, дея қўшимча қилади. “Қора чопар” фаслида берилган Мўмин Мирзонинг қатлига доир даҳшатли манзаралар одам қалбини вайрон қилади. Айниқса, шаҳид кетган ўн бир яшар закий, оқил, доно, зукко ўсмирнинг ўзини бўғиб ўлдирган чилвир-ипга ёрлиқни боғлаб бобосига юбориш таклифи ўқувчи қалбини ларзага солади. “Васиятим шуки, ишингиз битгач, бобом фармонини шу камон ипининг бир қаричи ила боғлаб, ўзларига қайтариб беринг. Айтингки, бу ишнинг сўроғини Тангримнинг даргоҳида албатта сўрагаймен!” Бундай фожиалар ҳам тарихий ҳақиқат, унинг бадиий ифодаси эса бегуноҳ-маъсум боланинг илтижоси, вужуди, кўзлар тасвири, мардона, ҳаққоний ва таъсирли сўзлари Исажон Султон маҳоратининг маҳсули, албатта.

    Романнинг тўртинчи бўлими “Марв” фаслида ота-бола — Султон Ҳусайн билан Абулмуҳсин Мирзо ўртасидаги зиддият қаламга олинади. Куч ота томонда — бебош ўғлига бир ҳамла билан сабоқ бериши мумкин. Аммо ота истиҳолага боради. Ота барибир отадир, шу боис, ўғил ҳам тараддудда, яъни “падар қаршисига қўшин чиқармоқнинг гуноҳи ва маломати оғир” бўлишини юрак-юракдан ҳис этади. Шунда Султон Ҳусайн ўғлига тарбия берган ва ҳатто унга атаб “Ахлоқи Муҳсиний” китобини ёзган Ҳусайн Воиз Кошифийни сулҳ учун элчиликка юборишни истайди. Лекин шаҳзода Абулмуҳсин Алишер Навоийнинг элчи бўлишини хоҳлайди. Шундай қилинади ҳам. Ҳазрат барча юмушларини, ҳатто Маккаи Мукаррамага сафарини қўйиб, Марвга йўл олади.

    Алишер Навоий билан Абулмуҳсиннинг ўзаро учрашувлари, суҳбати, шаҳзоданинг шоир насиҳатларини жон қулоғи билан эшитишлари тасвирланган бир неча саҳифалик бу эпизодда ҳиссиёт, ҳаяжон ва ҳаёт нафаси уфуриб туради. Навоийнинг “падар сўз айтганида ҳатто бош кўтарилмас, киприк қоқилмас”, “Султонлар сўзи қилич каби бўлғай. Ўғил ила падар қиличи орасида халқ тургайдир. Сиз қилич чиқарсангиз ҳам, Мирзо қилич чиқарса ҳам халқ жабр кўргайдир” каби бебаҳо насиҳатларидан кейин, ниҳоят Абулмуҳсин шоир гапга кўнади, таслим бўлиб, Навоий эҳтироми учун “Амрингиз бош устига!”, деб сулҳга розилик билдиради. Ҳазратнинг чеҳраси ёришади, мамнун бўлиб:

    Бошни фидо айла ато қошиға,

    Жисмни қил садқа ано бошиға байтини ўқийди. Зиддиятлар, жанг-чопқу тўғрисидаги суҳбат шеъриятга уланади. Навоий ўқиган байтлар “Ҳайрат ул-аброр”дан эканини Абулмуҳсин Мирзо мамнуният билан таъкидлайди. Навоий фурсатни бой бермай, танбеҳотда давом этади. Ота-онасини ой билан қуёшга тенглайди ва:

    Бўлсун адаб бирла бори хизматинг,

    Хам қил адаб “дол”и киби қоматинг... дейди.

    Шу ўринда Исажон Султоннинг бағоят гўзал бир топилдиғи шу икки образ гурунгига кўрк бағишлайди. Яъни Навоийнинг фикрларини тинглаган Абулмуҳсин Мирзонинг кўнгли юмшайди, меҳри товланиб ийиб кетади ва: “Дол” не, “син” каби оқармен”, деган шоирона бир ифодани қўллайди. Зотан, Алишер Навоий отага таъзимда арабий ёзувдаги букилган “дол”дек таъзимда бўлишдан сабоқ бераётган бир маҳалда, айнан шоирнинг китобат санъатига монанд Абулмуҳсин Мирзо “дол”дек букилиб эмас, балки “син” ҳарфининг сувдаги тўлқин ўркачлик шаклига ишоратан отасига сувдек оқиб, итоат этишини билдиради. Орадаги зиддиятлар барҳам топади, сулҳ тузилади.

    Султон Ҳусайннинг илтимосига кўра, Навоий шаҳзода Бадиуззамонга ҳам панд-насиҳат қиладики, ­романдаги бундай саҳифаларда улуғ шоирнинг мамлакат салтанатидаги тинчлик, осудалик ва хотиржамлик учун нақадар улкан хизматлар қилгани теран тасаввур қилинади.

    4

    Романдаги поэтик нутқ жуда муҳим ва алоҳида бир адабий ҳодисадир. “Боғлар узра товуш чиқармасдан бойқуш учиб ўтди” — бойқуш тилга олингани ёки “бойқушнинг хунук саси” келганидан кейин бирор беадаблик ёки қайсидир ҳудуддаги нотинчлик каби кўнгилни жиндай хира қиладиган воқелик баёни келади. Адиб навбатдаги ҳодисага ўқувчини руҳан тайёрлайди. Услубан Исажон Султон романи ижтимоий-тарихий, маиший-ахлоқий воқелик билан табиат ҳодисалари орасига параллел чизиқ тортади. Жуда кўп саҳифаларда ёзувчи табиатдаги бирор ўзгаришга, дейлик, чақмоқ чақиши, қуёшнинг заррин нурлар сочиши, булутли кун, қиш изғирини, баҳор нафаси билан боғлиқ тасвирларга ўқувчи диққатини қаратар экан, навбатдаги саҳифаларда бериладиган тарихий ҳодисалар, образлараро муроса, мунозара ёки ички зиддиятлар шунга мосланади. Алишер Навоийнинг мусофирлиги, хусусан, Самарқанддаги машаққатли кунларидан кейинги хотиржам тортиб, илм олишга руҳан ҳозирланаётганида адиб: “Ҳа, баҳор кўп нарсани ўзгартирган, само пастлагандай, юлдузлар яқинлашиб ажиб келажакни ваъда қилгандай жимирлашарди”, каби жумлаларни ёзади. Ёки “Яна куз келди. Улуғ Самарқанд осмони ёмғирли булутларга бурканди. Ҳар тараф лой-балчиқ бўлди”. Бундай “лойгарчилик”дан кейинги ҳодисалар мураккаб тус олиши табиий.

    Алишер Навоий ҳаёт ичида, оддий ва салтанат одамлари орасида жуда табиий равишда берилади. Унга ҳавас қиладиганлар кўп, айни дамда романнавис шаҳарларни ҳам худди одамдек жонлантиради. Масалан, ўқувчи кўзи ўнгида Ҳирийга қайтаётган Алишер Навоий ҳақида ёзади: “Нозу неъматини аямаган, зумрад кузи, нуқра қиши, забаржад баҳорию симобий ёзи ила ҳар турлук неъматларини беминнат тутган Самарқанд Ҳирийда фасоҳат билимларини олган, қора кунларда чериклик қисматига рози бўлиб келган Алишерни ўз юртига олим қилиб қайтармоқда эди”. Шу зайлда Навоийни Самарқанд кузатиб қолади...

    Исажон Султоннинг тарихий муҳитни ҳис этиши, мумтоз наср ва назмга хос услубни пухта англаганига бошқа бир мисол шуки, роман охирида “Мангулик азимати” фасли ва ундан кейинги “Хотима”сида Навоийнинг боқий оламга рихлати ҳақида сўз боради. “Хамса”дан Фарҳоднинг нидоси келади, кимдир кўзёшлари билан “Муножот”ни ўқийди. Исажон Султон бу ўринда яна “Саҳар ховар шаҳи чарх узраким хайлу ҳашам чекти” мисралари билан бошланувчи шоирнинг “Чекти” радифли ғазалига тўхталади ва унинг:

    Китоба сунъ килки сураи

    ваш-шамс тафсирин,

    Фалак тоқи ҳавошисида

    зарҳалдин рақам чекти

    байти келади. Шу қўшмисра муносабати билан ёзувчи ёзади: “Не тонгки, айни вақтда “Ваш-шамс” ҳам ўқилмоқда эди”. Табиий равишда сура берилади. Бундай ўзаро боғланиш, ғазалдаги битта бирикма ассоциацияси билан Қуръони каримдаги сурани айнан ҳазрат Навоийга бахшида ўлароқ рақам қилиш романнинг мумтоз адабиёт билан ҳар томонлама уйғунлиги гармониясини кучайтиради, албатта.

    5

    Дунё адабиётида интертекстуаллик деган бир адабий ҳодиса борки, унинг моҳияти ёзилган асар таркибида бошқа адиблар қаламига мансуб асарлардан олинган парчаларнинг ўрин олиши билан изоҳланади. Адибнинг “Алишер Навоий” романида тарихий ҳодисаларнинг реал бадиий ифодаси кучли, бегона матнлардан кўра, айнан Алишер Навоийнинг ўз асарларидан олинган парчалар кўпчиликни ташкил этади. Замонавий реалистик романлар ўз тўқимасига кўра, янгидан-янги усуллар, тасвир йўсинлари билан бойиб бораётгани учун ўзбек адабиётида муҳим бир адабий ҳодиса бўлган Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романига янгиланаётган реализмнинг яхши намунаси сифатида қараш ўринли бўлади.

    Алишер Навоий сиймоси Ҳиротга, Султон Ҳусайн салтанатига кўрк бағишлайди. Мабодо қисмат қалами бу икки дўст тақдирини ўзгачароқ ёзганида, балки Султон Ҳусайнни ҳам тарихда ўтган кўплаб шоҳу акобирлар қатори инсоният унутган ёки тарихнинг оддий бир саҳифасида шунчаки ҳукмдор ўлароқ зикр қилган бўларди, эҳтимол. Султон Ҳусайннинг бахту саодати — Алишер Навоийдир. У аллома шоир дўсти туфайли эъзоз топди, мангулик булоғидан сув ичди. Янги романда шоир кўнгилли подшоҳ билан подшоҳ кўнгилли шоирнинг ўзаро дўст-биродарлиги, бир-бирларининг дилини сўзсиз ҳам тушуниши қиррасига урғу берилади...

    Исажон Султон романи таркибида ҳаракатланаётган образлар сони қанча? Зарурат бўлса, санаш мумкин. Аммо мен санаганим йўқ. Чунки барча майда, эпизодик, иккинчи даражали образлардан мурод — Алишер Навоий. Романда асрий чинордек Алишер Навоий сиймоси олис мозийдан яқин келиб, кўзга яққол ташланиб турибди. Шунинг ўзи кифоя. Ўзбек адабиёти Алишер Навоий билан кўркам ва бой. Адабиёт Навоийсиз рангсиз тусга кириб, Мовароуннаҳр бўшаб қолади. Ҳазрат сиймосига ижод аҳли доимий мурожаатининг битта сабаби ҳам шунда...

    Гапим якунида бир истак айтишга жазм этдим. Келгусида бу асар фильм ҳам бўлар, иншааллоҳ. Асардаги бирор кимсанинг қиёфасига киришни хоҳладим. Бўлажак кўп қисмли бу тарихий-миллий фильмнинг бир дақиқалик саҳнасида пайдо бўлгим келди. Шайх Абдуллоҳ Ансорий... Бу эмас, бунга ҳаддим сиғмайди. Бердисини айтгунча шошилманг. Ундай зотлар ёнига йўл бўлсин менга. Романнавис тасвирича, шайх Абдуллоҳ Ансорий мақбараси ёнида кекса бир чол ўтирибди. Жоврубкаш — супургувчи, унинг қўлида китоб бор. Адиб унинг қўлига китоб тутқазибди. Қувондим. Шу чол қиёфасига талабгорман. Шу чол ёнига келиб, Алишер Навоий ҳам жоврубкашлик қилади. Фильмдаги шу жоврубкаш чол қиёфаси, бир дақиқалик ўрни менга етарли. Аслида мақом, мартаба, даражот топилса эди, такаббурликдан кечиб, бир умрга шундай улуғлар пойида жоврубкашлик қилмоқ лозим. Фақат бу йўлда роль ижро этиш, юмшоқ қилиб айтганда — уят. Биров қиёфасига кириб юрган актёр-мушаххислар шундай ҳам мўл жамиятда...

    Одатдаги адабий танқидий мақола ва тақризларда анъанавий стеоротип — босмақолипга айланган бир ҳолат бўлади. Асарнинг “айбғинаси”дан ихтиёрий-мажбурий сўз очилиб, жиндай танқидий фикр юритилади, таклифлар айтилиб, ёзувчига олимона йўл-йўриқлар кўрсатилади. Шу анъанадан қочиб, Исажон Султоннинг ҳали келажакда кўплаб илмий талқинлар учун манба бўладиган “Алишер Навоий” романидаги “баъзи камчилик”лардан сўз очмадим. Ҳикмат ва фазилат излаб ўқидим. Улар эса кўп. Айримларини ёздим, холос.

    Муҳтарам ўқувчи! Романни ўқиш ва уқиш Сизга ҳавола!

    Баҳодир КАРИМ,

    адабиётшунос

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates