Интеллектуал мулкни ҳимоялашнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари такомиллашади

    Хўш, интеллектуал мулк ўзи нима? Нима сабабдан интеллектуал мулк муҳофазаси ва ривожига эътибор бу қадар кучаймоқда?

    Жорий йил 12 октябрда Президентимиз раислигида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш ҳамда ҳар бир соҳа ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари муҳокама этилди.

    Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, интеллектуал мулк ўзи нима? Нима сабабдан интеллектуал мулк муҳофазаси ва ривожига эътибор бу қадар кучаймоқда?

    Бу саволларга жавоб сифатида шуни айтиш мумкинки, интеллектуал мулк инсон томонидан яратиладиган ижодий ақлий фаолият маҳсули ҳисобланади. Интеллектуал мулк иқтисодиёт ривожланишининг таркибий қисмларидан биридир. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида интеллектуал мулк ривожига катта эътибор қаратилгани сабабли, уларнинг инвестициявий жозибадорлиги яхшиланган, интеллектуал мулкнинг ички ялпи маҳсулотдаги улуши кескин ортган. Мисол учун, интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда эса 7 фоизни ташкил этади.

    Бугунги технологик тараққиётда интеллектуал мулк ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда, давлатнинг глобал иқтисодиётдаги рақобатбардошлигини белгилаб бермоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, интеллектуал мулкнинг иқтисодиётга келтирадиган фойдасини қуйидаги мисол орқали кўриш мумкин. 2019 йил АҚШда умуртқа мушак атрофиясини даволаш учун янги дори воситаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг патент нархи 2 миллион АҚШ долларидан ошади, бу дунёдаги энг қиммат дори ҳисобланади.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам интеллектуал мулкни ривожлантириш ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Интеллектуал мулк агентлиги 2019 йилда Адлия вазирлиги тизимига ўтказилгани натижасида ушбу соҳани такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Адлия вазирлиги ташаббуси билан интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

    Жумладан, ушбу соҳага коррупцияга қарши курашиш механизмлари жорий этилди. Агентлик амалий тажрибага эга бўлган кадрлар билан тўлдирилди ва уларни моддий рағбатлантириш чоралари кучайтирилди. Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнига илк маротаба 200 дан ортиқ ҳудудий адлия органи жалб қилинди. Шунингдек, очиқлик ва шаффофлик принципини таъминлаш мақсадида интеллектуал мулкни давлат рўйхатидан ўтказишда талабномаларни қабул қилиш жараёни тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.

    Бундан ташқари,интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан киритилган таклифларга асосан, интеллектуал мулк соҳасида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларга белгиланган маъмурий жарималар миқдори 3-4 баравар оширилди.

    Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳамда ихтирога, фойдали моделга ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларнинг бузилиши юзасидан янги нормалар киритилди.

    Адлия вазирлиги томонидан қисқа муддат ичида қилинган ушбу ишлар интеллектуал мулк соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш ва объектларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

    Албатта, бу ижобий ишлар билан бир қаторда интеллектуал мулк соҳасида айрим муаммо ва камчиликлар ҳанузгача сақланиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилиш давомида бу борада бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Интеллектуал мулк агентлиги, барча тармоқ ва соҳалар ҳамда ҳудудларга интеллектуал мулк муҳитини тубдан яхшилаш, бунда ҳар бир идора, тармоқ ва соҳага интеллектуал мулк объектларини киритиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш, барча вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ҳудудлар билан бирга, кенг муҳокамалар асосида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини қамраб олган уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

    Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти мутахассислари кўмагида интеллектуал мулк объектларини баҳоловчилар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари ва селекция ютуқларининг “электрон ярмаркаси”ни ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Патент эгаларини тадбиркорлар билан боғлаб бериш, тадбиркорларнинг маҳсулотларини “бренд”га айлантириш дастури ва “электрон майдончаси”ни ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳудудда йилига камида 4 марта брендлар ярмаркаси, кўргазмаларни ўтказишни амалиётга жорий этишга эътибор қаратилди.

    Интеллектуал мулк объектлари яратувчиларига харажатларни қоплаш, патент эгаларини мукофотлаш каби имтиёзлар тизимини жорий этиш, “Саноат мулки объектлари платформаси”ни яратиш, тадбиркорларни интеллектуал мулкни яратиш ва ҳимоя қилиш асосларига ўқитиш бўйича мунтазам фаолият юритадиган қўшма дастурни йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.

    Адлия вазирлиги бу йўналишда келгусида бир қатор ишларни амалга оширишни режалаштирган. Жумладан, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда буюк британиялик мутахассисларни жалб этган ҳолда, “Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулкни ривожлантириш соҳасидаги миллий стратегияси”ни ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг корпоратив масъулиятини белгилаш, халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказишда тезкор экспертиза тартибини киритиш, интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий ҳимояни янада кучайтириш мақсадида Интеллектуал мулк кодексини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

    Барча чора-тадбирлар интеллектуал мулк соҳасини янада такомиллаштириш, шу жумладан, тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган зурур шарт-шароитларни яратиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва, албатта, инвестициявий жозибадорликни юксалтириш орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини янада яхшилашга хизмат қилади.

    Бобоқул ТОШЕВ,

    юридик фанлар доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates