Аниқланишича, Янгийўл туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган фуқаро (И.Й.) «OLX» платформасида сохта эълонлар жойлаштириб келган ва «Telegram»да аёллар исм-шарифи билан 10 га яқин аккаунт яратган.
У «Iphone» телефонларини арзон сотиш баҳонасида фуқаролардан олдиндан тўлов олган. Маблағларни бошқа шахсларга тегишли банк карталарига ўтказдириб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Хабарга кўра, гумондордан жиноят қуроли сифатида фойдаланилган банк карталари ва телефон рақамлари ашёвий далил сифатида олинди. Дастлабки тергов давомида Нурафшон, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Бўка, Қибрай ва Тошкент туманларида содир этилган 8 та шу каби жиноят айнан ушбу шахс томонидан амалга оширилгани фош этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б, г» бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ аҳолини яна бир бор огоҳликка чақириб, онлайн савдода олдиндан пул ўтказмасликни, арзон эълон ва таклифларга ишонмасликни, шубҳали ҳолатларда дарҳол ички ишлар органларига мурожаат қилишни сўради.








