Маълум бўлишича, муқаддам солиқ идораларида фаолият юритган, ҳозирда транспорт ва логистика хизматлари кўрсатувчи хусусий корхонада ҳисобчи бўлиб ишлаётган шахс ўзининг собиқ ҳамкасблари орқали бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи МЧЖга 17 миллиард сўмлик ҚҚСнинг манфий фарқ суммасини қайтариш ҳамда тўхтатилган ҚҚС гувоҳномасини қайта фаоллаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у корхона таъсисчисидан 20 500 АҚШ доллари олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан ҳисобчи ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида у ушбу «ёрдамини» Солиқ қўмитасининг катта инспектори орқали амалга оширишни режалаштиргани маълум бўлди. Мазкур давлат хизматчиси ҳам жиноят ишига гумонланувчи сифатида жалб этилди.








