Интилишдан юксалган “Заковат”

    “Заковат”да 20 йил олдин ўйналган саволларни мухлислар ҳали ҳам эслайди. “Заковат”нинг ютуғи ҳам шунда. Унда буюк аждодларнинг муносиб ворислари иштирок этади ҳамда интеллектуал салоҳияти, иқтидори, изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан кўпчиликни ҳайратга солади.

    Мамлакатимизда илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор кўлами йил сайин кенгаймоқда. Ёшларнинг ақл-заковатини оширадиган, иқтидорини рўёбга чиқарадиган лойиҳалар изчил қўллаб-қувватланаётгани, интеллектуал салоҳиятни оширишга қаратилган ҳар қандай ташаббус рағбатлантирилаётгани янада қувонарли. Яқинда “Заковат” интеллектуал клубининг Бухоро вилоятида ўтказилган финал баҳсида барчамиз бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

    Мустақил мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти интеллектуал беллашув жойига ташриф буюриб, заковат баҳсини бевосита кузатди. Шу ернинг ўзида интеллектуал ўйиннинг фаол иштирокчиларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

    “Заковат” интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Абдурасул АБДУЛЛАЕВ билан суҳбатимиз клубнинг ташкил этилиши, ўтган йилларда эришилган натижалар, яқинда бўлиб ўтган интеллектуал беллашув таассуротлари хусусида бўлди.

    — “Заковат” интеллектуал ўйинининг юбилей сони бу даражада юқори савияда, шукуҳли ўтиши, очиғи, хаёлимга ҳам келмаган эди. Президент билан суҳбат “Заковат” мусобақаларининг тайёрланиш жараёни, мавжуд шарт-шароитлар, иштирокчиларнинг орзу-мақсадлари ҳақида бўлди, — дейди Абдурасул Абдуллаев. — Биз учун қандай шароит яратиш кераклигини сўради. Очиғи, ўшанда кўзимда ёш айланди. Сабаби, йиллар давомида кимдир мендан “Нима ёрдам керак?” деб сўрашини орзу қилганман. Ғояларимиз, мақсадларимиз юксак эди, аммо уларни тўла амалга ошириш учун ўша пайтлар имконият бўлмади. Чекланган шароитда ишладик. Шунда ҳам қобиқни ёриб чиқишга уриндик. Мана шулар ҳақида батафсил гапириб бердим. Шундан сўнг биз учун керакли барча шарт-шароит яратилиши ҳақида гапирилди.

    Бу бизни қанчалик руҳлантирганини изоҳлаб беролмайман. Жамоамизда етук кадрлар, ақлли, билимли инсонлар тўпланган. Улар билан бирга кўп хайрли ишларни амалга оширишимиз мумкин.

    — Шу ўринда 20 йил ортга назар ташласак. “Заковат” интеллектуал ўйинини ташкил этиш ғояси қандай юзага келган? Ўйиннинг илк сонини тайёрлаш, иштирокчиларни танлаш, ўйинга жалб этиш жараёни қандай кечган?

    — Ҳаммаси кечагидек ёдимда. “Заковат” кўрсатуви ғояси икки йил хаёлимда айланиб юрган. Ғояга пойдевор қўйишни ўйлаганман. Чунки бу кичик иш эмаслигини билардим. Бундай ўйин кўпгина мамлакатларда мавжуд. Нима учун Ўзбекистонда салоҳияти баланд интеллектуал ёшлар ўйинини ташкил этиб бўлмайди, деган саволни ўзимга кўп берардим. Сабаби, ўша давлатлар техника, иқтисодиёт нуқтаи назаридан ривожланган бўлиши мумкин, аммо Ўзбекистон иқтидорли, билимли йигит-қизлар кўплиги жиҳатидан улардан асло кам эмас. Ичимда ғояни пишитиб юрдим. Кейин ҳамфикрлар тўплай бошладим. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, Ўзбекистон Миллий университетининг ўша пайтдаги ректори Тўрабек Долимов фикримни доим маънан қўллаб-қувватлаб турди.

    Шу рағбат билан ЎзМУдан 20 га яқин иқтидорли йигит-қизни беллашувга жалб қилдик. Учта жамоа ташкил этиб, бир йил тайёрландик. Иштирокчилар ҳар қандай вазиятда ҳам жараённи тарк этмади. Доим шу ўйин руҳи билан яшади, меҳнат қилди. Аудиторияга кириб келиш, ўйиндаги иштирок, ғалабани қандай нишонлаш — барча жараённинг техник жиҳатлари ишлаб чиқилди.

    Ўйин эфирга узатилади, эълон берамиз ва бу ёғига қизиқувчилар кўпайиб кетади, деб ўйлаган эдик. Тахминимиз тўғри чиқди. Ишонасизми, эшигимиз олди ўйинда қатнашишга иштиёқмандларга тўлиб кетди. Кўрсатувнинг илк сони эфирга чиққанига 20 кун ҳам бўлмасдан мухлислардан минглаб мактуб олдик. Уларда турли саволлар, “Заковат”га дил изҳорлари битилган эди. Бир йил давомида қоплаб хат олдик. Унинг ҳаммасини очиб, битта-битта ўқирдим.

    “Заковат”да қатнашиш истагида кастингда қатнашмоқчи бўлган йигитқизлар кўпайиб кетди. Ўшанда ҳамма иш бир ўзимнинг зиммамда, ёнимда ҳозиргидек “Заковат”да пишиган, менга ҳамфикр 30-40 нафар йигитқиз йўқ эди. Ўзим ҳам режиссёр, ҳам муаллиф, ҳам бошловчи эдим.

    Секин-аста ҳаммаси маромига туша бошлади. Ёрдамчилар қанотимга кирди. Уларга ишларни бўлиб бердим. Бироқ кастинг ва интеллектуал ўйинда бериладиган саволлар билан шуғулланиш ўзимга қолди. Кечаси алламаҳалгача мактубларни ўқирдим. Биласизми, бошимдан кўп руҳий қийинчиликларни ўтказганман. Бир гал “Заковат”нинг навбатдаги сони тасвирга олинишидан бир кун олдин машинамда турган саволлар ёзилган қоғоз ўғирлаб кетилган. У пайтларда компьютер ҳали оммалашмаган эди. Уйга келиб, конвертларни битталаб титиб, саволларни тонггача қайта ёзганман.

    Ҳозир ортга қараб, ўтган вақтимдан қониқиш, шукроналик туяман. Тақдиримда интеллектуал клубда ёшларга бош бўлиш, мураббийлик қилиш ёзилганидан хурсанд бўламан.

    Инсоннинг ақли ва қалби билим билан озиқланади. Билим инсоннинг йўлини ёритувчи нурдир. Муваффақият, жасорат демакдир. Уни қанча сарфласак, шунча кўпайиб, сайқалланиб боради. Қанча кўп билганимиз сари шунча кам билишимизни англаб борамиз. Билим уммонидан баҳраманд бўлишни истаймиз ва натижада ўрганишга интиламиз.

    — “Заковат”нинг финал баҳсида клуб фаолиятини ривожлантириш, интеллектуал беллашувларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳақида кутилмаган таклифлар, ташаббуслар илгари сурилди. Ўша пайтда хаёлингиздан нималар кечди?

    — Биласизми, ўтган 20 йил давомида бизни энг оғринтиргани — бирор-бир ташкилот ёрдам қўлини чўзмади. Қаерга борсак, бизни мақташар, аммо ёрдам берилмасди. Вазирликларнинг эшиги тагида сарғайиб кун ўтказардик. Ахир, гап иқтидор, ақл, билим тарғиботи ҳақида кетаётган, интеллектуал ўйин қанчадан-қанча ёшларни илм эгаллаш сари руҳлантираётган эди.

    Аввало, кўрсатувни тасвирга олиш, омма эътиборига ҳавола этиш учун шароит керак эди. Аммо бу муаммолар ҳеч кимни қизиқтирмади. Ҳатто беллашувга масъул ёшлар ташкилоти ҳам масалага панжа орасидан қаради. Эсимда, 2002 йилнинг энг яхши ўйинчисига компьютер ваъда қилинган. Биз бир йил “Энг яхши ўйинчи компьютер билан тақдирланади”, деб эълон қилганмиз. Энг сўнгги дақиқагача ўша компьютерни кутганмиз. Аммо...

    Энг катта муаммо — тасвирга олиш учун жой керак эди. Беллашувларни бир муддат турли ташкилотларнинг мажлислар залида тасвирга олиб юрдик. Ижарага олинган қаҳвахоналар, зах, совуқ ертўлаларда ишлаган пайтимиз бўлди. Клубимиз учун Тошкентда махсус бино ажратилиши, ҳатто Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси барпо этилишини эшитиб, мана, қилса бўлар экан-ку, ҳақиқат бор экан-ку, дедим. Қалбим севинчга тўлди. Мижжамда ёш қалқди.

    Ғоя юзага келаётган пайтда уни амалга ошириш осон бўлади, деб ўйлагандик. Чунки илмга чанқоқ юртдошларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қилгандик. Ростдан ҳам, халқимиз илмнинг қадрига етади, юқорида айтганим минг-минглаб хатлар, ўйинда иштирок этиш истагидаги юзлаб йигит-қизлар, минглаб мухлислар шундан далолат беради. Аммо ёрдам керак бўлган пайтда ёнимизда ҳеч кимни кўрмасдик.

    Энди у кунлар ёмон туш каби хотираларда қолади. Ҳаракатни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳақидаги хабарни эшитганимдан сўнг хаёлимдан шу гап ўтди. Ахир ҳар бир мактаб, ҳар бир олийгоҳда “Заковат” клуби фаолияти йўлга қўйилиши, ғолиблар учун “Заковат” стипендияси жорий қилиниши орзумиз эди-ку.

    Вилоятларда “Интеллектуал парклар”, Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида “Интеллектуал мактаб” ташкил қилиниши, янги йилдан бошлаб талаба ёшлар ўртасида биринчи марта Президент соврини учун Интеллектуал олимпиада ўтказилиши — булар жуда кенг кўламли иш.

    — “Заковат” билан сизни нима боғлаб туради?

    — Ҳаётимни “Заковат” билан боғлашимнинг ягона сабаби илмга интилиш, деб ўйлайман. Унга меҳрим тушиб қолган. Шу ишдан бошқаси кўзимга кўринмаган. Ўнлаб интеллектуал ўйинлар юзага келди. Аммо бирортаси “Заковат”ни такрорлай олмади, ёпилиб кетди.

    Олдимга қўйган энг катта мақсадимга эришдим, деб айтолмайман. Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк аждодларимиз билан қанчалик фахрланамиз. Бироқ боболар билан фахрланишнинг ўзи камлик қилади. Улар яратган ўлмас меросни бойитадиган, илм равнақига ҳисса қўшадиган, юксак билимли инсонлар орамизда бисёр. “Заковат”да 20 йил олдин ўйналган саволларни мухлислар ҳали ҳам эслайди. “Заковат”нинг ютуғи ҳам шунда. Унда буюк аждодларнинг муносиб ворислари иштирок этади ҳамда интеллектуал салоҳияти, иқтидори, изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан кўпчиликни ҳайратга солади.

    Мақсад ҳам билим ва ақл билан одамларни ҳайратга солиш эди, бунга қисман эришдик. Олдинда эса қилинадиган ишлар кўп.

    — Клуб жамоасининг келгусидаги режалари ҳақида ҳам тўхталсангиз.

    — Яқинда “Заковат” интеллектуал клубининг қизғин ва муросасиз баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб бўлган Хоразм жамоаси давлат мукофотлари — “Келажак бун ёдкори” ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Уларга автомашина тақдим этилди.

    Энди тасаввур қилинг, буни кўрган қанчадан-қанча ёшлар руҳланди. Бу эътибор уларни чуқур билим олишга, илм-фан сирларини эгаллашга янада кучлироқ ундади. Ниятимиз ҳам ёшлар орасида соғлом илмий-маърифий рақобат муҳитини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, буюк аждодларимизга муносиб бўлган баркамол авлодни вояга етказиш. Бу борада “Заковат”чиларнинг фарзандларимизга алоҳида ўрнак ва намуна бўлаётгани, ўзимнинг ҳам “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланганим қалбимга ғурур-ифтихор бағишлайди.

    Бундай эътибордан сўнг кўп нарса ўзгариши шубҳасиз. Ўзимизнинг тасвирга олиш жойимиз бўлади. Талабалар шаҳарчасида клубимизнинг филиалини ташкил этмоқчимиз. Ўзбекнинг буюк олим ва фозиллари етишиб чиқишига ишончим комил. Насиб этса, бизнинг клубимиз аъзолари орасидан Нобель мукофоти совриндорлари чиқишига умид қилиб қоламан.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates