Айни пайтда сармояларни қайси соҳаларга йўналтириш зарурлиги масаласи долзарб бўлиб бормоқда – бир томондан, кўпроқ фойда олиш, иккинчи томондан – Ўзбекистонни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларига эришиш учун.
Потенциал жозибадор бўлиш учун саноат соҳалари қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитига эга бўлишдан ташқари, маълум қиёсий афзалликларга эга бўлиши керак. Прогнозлаштириш ва макро иқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари ўтказган тадқиқотда иккита саноат гуруҳи аниқланди.
Биринчи гуруҳ – халқаро савдода қиёсий устунликка эга ва инвестициялардан дарҳол даромад олиши мумкин бўлган тармоқлар мажмуи. Булар тўқимачилик саноати, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, электр жиҳозларини ишлаб чиқаришдир. Ушбу тармоқларнинг қиёсий афзалликларини белгиловчи асосий омиллар меҳнат харажатлари, потенциал бозорлар ва мавжуд хомашё ҳисобланади.
Иккинчи гуруҳ – ривожланиш потенциалига эга бўлган, лекин инвестициялардан маълум шароитларда даромад оладиган тармоқларни ифодалайди. Бунга кимё саноати, қора металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш киради. Ушбу тармоқларнинг ҳозирги устунлиги энергия нархининг нисбатан пастлиги билан боғлиқ.
Либераллаштириш шароитида технологик сиёсатни такомиллаштириш ва маҳсулот бирлигига ресурслар сарфини сезиларли даражада камайтириш шарти билан ушбу тармоқларга қўйилган инвестициялар даромад келтиради.
Тармоқларнинг қиёсий афзалликларини баҳолаш ички ва жаҳон нархларида ҳисобланган ялпи маҳсулотдаги қўшилган қиймат улушининг нисбатларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилди. Ҳисоб-китоблар учун ҳар бир кўриб чиқилаётган соҳа учун асосий маҳсулотлар танланган.