Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-319-сон қарорида корхонада халқаро талабларга мувофиқ экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув – «Environment, Social and Governance» (ESG) тамойилларини жорий этиш ҳамда рейтингини қўлга киритиш топшириқлари белгиланган.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида корхонада «ESG» тамойилларини жорий этиш жараёнлари бошланган бўлиб, «Навоийуран» ДКнинг 2022 ва 2023 йиллар учун Барқарор ривожланиш ҳисоботлари халқаро миқёсда тан олинган «Global Reporting Initiatives» (GRI) стандартлари асосида шакллантирилди.
Жорий йил 6 май санасида «Навоийуран» давлат корхонасининг навбатдаги кузатув кенгаши йиғилишида 2022 йил якунлари бўйича тайёрланган Барқарор ривожланиш ҳисоботи кўриб чиқилди. Ушбу ҳисоботда 20 дан ортиқ GRI стандартлари асосида йиғилган маълумотлар акс эттирилган бўлиб, жумладан, корхонанинг атроф-муҳитга кўрсатаётган таъсирини ифодаловчи, энергия тизими самарадорлиги, ходимлар билан муносабатлари, корпоратив бошқарув билан боғлиқ ахборот, корхона иқтисодий самарадорлик кўрсаткичларини ва шу кабиларни ўзида мужассам этувчи кўплаб маълумотларни ўз ичига олади.
Юқоридаги қарор билан «Навоийуран» давлат корхонаси салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш мақсадида маълумотларни расман эълон қилиш бўйича чекловларни олиб ташлаш белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, «Навоийуран» давлат корхонасини дунёга янада танитиш ва ўз мавқеини янада мустаҳкамлашига қаратилган муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. Барқарор ривожланиш ҳисоботлари келгусида нуфузли хорижий компаниялар ва инвесторларни ҳамкорлик қилишга жалб этувчи манбалардан бири эканини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Мазкур барқарор ривожланиш ҳисоботининг давлат тили ва инглиз тилидаги нусхалари яқин орада нашр этилиши ҳамда кенг жамоатчиликка тақдим этилиши режалаштирилган.
«Навоийуран» ДК ахборот PR хизмати
Реклама