“Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган давлат сиёсати Қизилқум бағридаги мўжазгина Зафаробод қўрғонида ҳам ўз ифодасини топиб бораяпти. Бугунги кунда қўрғонча аҳолисининг 80 фоизини “Навоийуран” ДК ишчи-ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари ташкил этади. Шу боис, корхона раҳбарияти томонидан Давлатимиз ва Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳудудни обод этиш, аҳолининг муносиб турмуш кечиришлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бир сўз билан айтганда, юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бу ҳақда қўрғондаги “Ёшлик” маданият ва спорт марказида ташкил этилган “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган байрам шодиёналари давомида ҳам таъкидланди.
“Зафаробод қўрғони аҳолиси ва ёшларни зарур шароитлар билан таъминлаш мақсадида ҳудуддаги 16 ва 28-сонли умумтаълим мактаблари учун сунъий қопламали замонавий стадионлар қуриш ишлари бошлаб юборилди, — Меҳнат фахрийси Хайрулло Ўринов. Бизнинг Зафаробод қўрғони аҳли сўнгги йилларда жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқда. Буни мустақиллигимизнинг шарофати деб бемалол айтишимиз мумкин. Боиси, мен шу ерда 46 йилдан буён истиқомат қилиб келаётган бўлсам, ҳали бундай катта ислоҳотлар шоҳиди бўлмаган эдим. Бундай ўзгаришлар яна қўрғонча ички йўлларини, пиёдалар йўлакчаларини ва кўча ёритиш тизимларини тўлиқ янгилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошланган. Шунингдек, мусиқали фаввора, work out зоналари, турли хил байрам тадбирлари ўтказишга мўлжанланган 500 ўринли амфитеатр қурилиши ҳам режалаштирилган. Аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш мақсадида, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб имтиёзли асосда коттеджлар қурилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, аҳоли учун сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, бирламчи тиббий санитария ёрдами, шошилинч тиббий ёрдам ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида замонавий реанимобил транспорт воситасини олиб бериш бўйича амалий ишлар бошланган”.
Дарҳақиқат, мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирмоқда. Бу жараён кун сайин янги истиқболли режалар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ халқимиз ҳаётида ифода топмоқда. Барча соҳада, хусусан, саноат соҳасида қўлга киритилаётган муваффақиятлар биз танлаб олган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ишончли эканлигининг амалий тасдиғи сифатида намоён бўлмоқда.
Кекса-ю ёшни бир даврага жам қилаётган бу каби маданий-маърифий тадбирларда мустақиллик берган улуғ неъмат тинчлик ва осойишталикнинг қадр-қиммати хусусида фикрлар билдирилди.
“Навоийуран” ДКда ўтказилган асосий байрам тадбирида сўз олганлар ҳам бу ҳақда таъкидлаб, сўнгги йилларда юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, корхонанинг истиқболдаги лойиҳаларига тўхталиб ўтишди. Шунингдек, жорий йилга мўлжалланган ишлаб чиқариш кўрстакичлари ортиғи билан уддалангани қайд этилди.
“Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, юртимиз тоғ-кон саноати ва геологияси ҳам илм ва технология жиҳатидан кучайтирилмоқда. Бунинг натижасида қидирув ишларининг қамрови кенгайди, ерости бойликларининг янги захиралари аниқланди. Уларга асосланиб, йирик корхоналар қурилмоқда, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Биргина уран бўйича 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилгани фикримиз тасдиғидир, — деди корхона Бош директорининг биринчи ўринбосари – бош муҳандис Анвар Сапаров. — Жорий йилнинг январ-август ойларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми
6,9 триллион сўм ёки прогнозга нисбатан 112 фоизни, ўсиш суръати эса ўтган йилнинг мос даврига кўра 116 фоизни ташкил этди. Табиий уран ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичи 114 фоизга бажарилди ҳамда ўсиш суръати 116 фоизни ташкил этди, бурғилаш ишлари 109 фоизга бажарилиб, ўсиш суръати эса 125 фоизни ташкил этди. Экспорт ҳажми кўрсаткичлари 173 фоизга таъминланди ва ўсиш суръати 169 фоизни ташкил этди. Импортни қисқартиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 19,4 миллион долларга ёки прогнозга нисбатан 101 фоизга бажарилди ҳамда ўсиш суръати 243 фоизни ташкил этди. Инвестиция дастури доирасида 64,2 миллион долларлик капитал қўйилмалар ўзлаштирилди ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати қарийб икки баробарни ташкил этди.
Маҳаллийлаштириш дастуридаги 18 та лойиҳа доирасида 40,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 102 фоизга бажарилди ва ўсиш суръати 1,4 баробарга таъминланди”.
Шодиёналар давомида корхонада кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда байрам муносабати билан корхона ишчи-ходимларидан бир гуруҳига Тоғ-кон саноати ва геология вазири ҳамда корхона бош директорининг Фахрий ёрлиқлари топширилди. Шунингдек, II ва III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, “Навоийуран фахрийси” унвонлари билан тақдирландилар.
“Мен 25 йилдан буён “Навоийуран” давлат корхонаси Уран ишлаб чиқариш заводида ишлаб келмоқдаман. Бемалол айтишим мумкинки, бу корхона, бу завод мен учун катта тажриба, ҳаёт мактаби бўлди. – дейди Уран ишлаб чиқариш заводи технологик лабораторияси кимёвий таҳлил лаборанти Рўзиева Иродабону. - Доимо ушбу касбни танлаганимдан фахрланганман. Боиси, кимёвий таҳлил лаборанти бўлиш инсондан катта эътибор, зийраклик ва тажриба талаб қилади. Бугун энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида меҳнатим жамоа ўртасида эътироф этилиб, “Навоийуран фахрийси” унвони билан тақдирландим. Бу воқеа мен учун қувончли ва шарафли, шу билан биргаликда катта масъулият ҳамдир. Бундай эътибор ва эъзоздан мамнунман. Бу, кейинги фаолиятимга янада куч-ғайрат ва шижоат бағишлайди”.
“Бугун мен учун жуда қувончли кун. Мен узоқ йиллардан буён “Зафаробод” кон бошқармасида ишлаб келмоқдаман. — дейди “Зафаробод” кон бошқармаси 1-сонли ГТК Транспорт участкаси диспетчери Гулсин Сугиралиева. - Байрам арафасида 40 йиллик меҳнатларимни юқори баҳолаб, II даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирладилар. Бунинг учун корхонамиз раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Байрам барчага муборак бўлсин!”
Бўлиб ўтган тадбирларда “Навоийуран” давлат корхонаси раҳбарияти, соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар, муҳандис-техник ва ишчи-ходимлар ва маҳалла аҳли иштирок этди.
Тантаналарнинг бадиий қисмида санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг Она Ватан, тинчлик ва истиқлолни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлаб, йиғилганларга юқори кайфият улашди.
“Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирлари корхонанинг олис чўл ҳудудларини ҳам қамраб олди.
Корхонада ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни арафасида арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркаси ўтказиб келинади. Жорий йил ҳам мазкур анъанага мувофиқ, ана шундай павилион ташкил этилди. Корхона олдидаги майдонда замонавий ва бозор меъёр талабларига жавоб берадиган тоза ва озода расталарда териб қўйилган турли ноз-неъматлар, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари — полиз ва сабзавотлар, ҳўл мевалар, сут ва гўшт ҳамда тухум ва озиқ-овқат маҳсулотлари кенг ассортименти харидорларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб олиб келинди.
“Корхона тизимида мустақиллик байрамини кенг нишонлаш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. – дейди “Навоийуран” давлат корхонаси 6-сон Бирлашган касаба уюшмаси Қўмитаси раиси Даврбек Темиров. – Байрам муносабати билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилалар ҳамда ёлғиз пенсионерларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларга озиқ-овқат ва ўқув қуроллари тўпламлари тарқатилди, байрам дастурхонлари, турли спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. мен ўйлайманки, ушбу ишларимиз ишчи-ходимларимизнинг байрамни кўтаринки кайфиятда кутиб олишларига хизмат қилади. Айниқса, корхона ишчи-ходимлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш ҳамда жамоага байрам кайфиятини улашиш мақсадида ташкил этилган ярмарка ўзининг ҳамёнбоп ва мақбул нархлари ҳамда маҳсулотлар сифати билан ажралиб турди. Бу қулайлик ва танлаш имкониятининг кенглиги ишчи-ходимларга манзур бўлди”.
Савдо ярмаркасида “НКМК Жамғармаси“ давлат муассасаси Овқатланиш комбинати, “Дўстлик“ агрофирмаси ҳамда хусусий тадбиркорлар иштирок этиб, она заминимизда етиштирилган элликдан ортиқ турдаги турли маҳсулотларини харидорларга таклиф этишди.
Халқимизнинг эрки, ғурури ва ифтихорига айланган энг қадрли ва қимматли байрамимиз бўлган Мустақиллик айёми муносабати билан ташкил этилган мазкур савдо ярмаркаси ишчи-ходимларга қулайлик яратиш билан бирга, байрам арафасида нарх-наволар мўътадиллигини таъминлаш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
“Навоийуран” ДК ахборот PR хизмати
Реклама