Республикамизда иқтисодий ривожланишнинг янги босқичида кичик бизнесни янада ривожлантиришни рағбатлантириш билан бирга, унинг таркибида хусусий мулкка асосланган субъектлар улушини оширишга, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалий натижалари халқаро рейтингларда ҳам эътироф этиляпти.
Жаҳон банкининг “Doing Business 2020” ҳисоботида Ўзбекистон 7 ўрин юқорига кўтарилиб, дунёнинг 190 мамлакати орасида 69 ўринни эгаллади. Бу мамлакатимизга ишбилармонлик муҳитини яхшилашда энг катта ютуқларга эришган 20 та мамлакат қаторига кириш имконини берди. Бизнесни юритиш қулайлигини баҳолашнинг ўнта мезонидан тўққизтасида Ўзбекистон ўтган йилгига нисбатан юқорилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фаолият юритаётган ишбилармонлик секторидаги корхоналарнинг 99 фоиздан ортиғи кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Бу иқтисодиётда нисбатан кам маблағ сарфлаб, янги иш ўринларини яратш, бозор шароитига тез мослашиш, техник ва технологик янгиликларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, эркин рақобат муҳитини юзага келтириш, турли тармоқлар ўртасидаги ўзаро алоқани яхшилашда қўл келмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида уларнинг сони ҳам йилдан-йилга ошиб бориши кузатилмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, фаолият юритаётган кичик корхона ва микрофирмалар (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) республикамиз бўйича 411 203 тани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 76 436 тага ёки 22,8 фоизга кўпайди.
Туман ва шаҳарлари энг кўп фаолият юритаётган кичик корхона ва микрофирмалар сонига эътибор қаратадиган бўлсак, Чилонзор туманида 11 045 та, Андижон шаҳрида 11 023 та, Самарқанд шаҳрида 10 190 та ҳамда Наманган шаҳрида 9 146 та субъект мавжуд.
Иқтисодий фаолият турлари кесимида эса,энг юқори улушлар савдо соҳасида 131 597 тани ёки жами кичик корхона ва микрофирмаларнинг 32 фоизини, саноатда 82 746 тани ёки 20,1 фоизни, қишлоқ ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 40 719 тани, қурилишда 40 695 тани ва мос равишда 9,9 фоизни, маиший ва овқатланиш хизматларида 7,3 ҳамда бошқа фаолият турлари бўйича12,6 фоизни ташкил этган. Ўз навбатида, 2020 йилда 93 214 та кичик корхона ва микрофирмалар янгидан иш бошлади.
2020 йилда фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектлари (фермер ва деҳқон хўжаликларини қўшган ҳолда) сони ҳар минг кишига нисбатан ҳисобланганда республика бўйича 15,6 бирликка тенг бўлди. Ҳудудлар бўйича юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида 32, Сирдарё вилоятида 21,1, Навоий вилоятида 21 ҳамда Жиззах вилоятида 18,7 бирликка тўғри келди.
Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ривожланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрнини қуйидаги таҳлиллар орқали кўришимиз мумкин. Хусусан, 2020 йилда ушбу тармоқ субъектларининг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши 288 триллион 608,3 миллиард сўмни ёки 53,9 фоизни ташкил этган.
Саноат тармоғида кичик бизнес субъектлари ҳиссасининг ўсиши қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилиши, ягона солиқ тўлови ставкаларининг пасайтирилиши, ресурслардан ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларидан фойдаланишга рухсат бериш шартларининг соддалаштирилиши натижасида таъминланмоқда. Жумладан, 2020 йилда улар томонидан 100 триллион 796,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлиб, тармоқ умумий ҳажмидаги улуши 27,5 фоизга етган.
Саноатнинг таркибий йўналишлари бўйича кичик тадбиркорлик субъектларининг асосий улуши қайта ишлаш саноатига тўғри келади, у 97,1 фоизини ташкил этади. Ўз навбатида, 2020 йилдаги оғир пандемия шароитига қарамасдан тадбиркорлар томонидан 16 триллион 367,4 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 15 триллион 674,4 миллиард сўмлик тўқимачилик ва кийим кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз агросаноат мажмуасининг етакчи тармоғи бўлиб, деҳқончилик, чоравачилик ва мева-сабзавотчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини ўз ичига қамраб олади.
Республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 2020 йилда 97,0 фоизга етди ёки 252 триллион 485,7 миллиард сўмлик заминимиз неъматлари эл дастурхонига етказиб берлди, уларниннг муайян қисми экспорт қилинди.
Қурилиш соҳасида ҳам бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг тутган ўрни кундан кунга ошиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилда 63 тириллион 614,9 миллиард сўм ёки жами бажарилган қурилиш ишларининг 72,4 фоизи айнан кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган. Шунингдек, ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 2,4 фоизга кўпайган.
Шу билан бирга, жорий йилда республикамизда 1 триллион 379,3 миллиард сўмлик арзон уйлар ҳамда 4 триллион 85,1 миллиард сўмлик янги турар-жойлар кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилди.
Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш инвестицияларни, хусусан, турли соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини амалиётга самарали татбиқ этиш билан таъминланади. Амалга оширилаётган ушбу лойиҳаларининг ҳажмига қараб, иқтисодиётда юз бераётган ўзгариш ва силжишлар ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Шу боис ҳам инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бугунги кунда мамлакатимиз ривожланиши ва тараққий этишининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, жорий йилда республикамиз бўйича асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 100 триллион 395,3 миллиард.сўм ёки жами киритилган инвестиция ҳажмининг 49,7 фоизини ташкил этди ҳамда 2017 йилга нисбатан 11,6 фоизга кўпайди.
Асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг молиялаштириш манбалари бўйича таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2020 йилда хориждан келтирилган тўғридан тўғри инвестицияларнинг 78,7 фоизи ёки 1 миллиард 370,6 миллион доллар қисми ёки давлат кафолати остида бўлмаган хорижий инвестицияларнинг 80,1 фоизи ёки 1миллиард 492,7 миллион доллари ёки бошқа турдаги хорижий инвестицияларнинг 71,2 фоизи, яъни 201,4 миллион доллар қисми айнан кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб қилинган.
Асосий капиталга киритилган нвестицияларда кичик
тадбиркорлик субъектларининг улуши % да
Сўнгги йилларда савдо объектларининг, айниқса, кенг тармоқли савдо шохобчаларининг бутун мамлакатимиз бўйлаб ишга туширилиши чакана савдо товар айланмасида кичик бизнес
ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши ҳам сезиларли даражада кўпайди. 2020 йилда жами чакана савдо товар айланмаси 160 триллион 85,3 миллирад сўмга етган бўлса, унинг 82,2 фоизи кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳиссасига тўғри келди.
Кичик тадбиркорлик субъектлари республикамиз экспортида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар томонидан 2020 йилда 3 миллиард 100,6 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот (товар, ишлар ва хизматлар) экспорти амалга оширилди ва 2017 йилга нисбатан 341,3 миллион долларга кўпайди.
Унинг таҳлили шуни кўрсатдики, энг юқори ўринларда озиқ-овқат маҳсулотлари 1миллиард 264,4 миллион доллар ёки жами кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилган экспорт ҳажмининг 40,8 фоизини, текстиль ва тўқимачилик маҳсулотлари 815,5 миллион АҚШ доллари ёки 26,3 фоизини, хизматлар экспорти 314,1 миллион доллар ёки 10,1 фоизини ҳамда бошқа маҳсулотлар экспорти 263,5 миллион долларни ёки 8,5 фоизини ташкил этган.
Пандемия шароитида яъни мамлакатда кескин карантин чоралари жорий этилганига қарамай кичик тадбиркорлик субъектларининг фаоллиги билан 2020 йилда жаҳоннинг 86 та давлатига маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилгани эътиборга молик.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасига қаратилган эътиборнинг кучайтирилиши натижасида мазкур йўналишда ҳам мамлакатимизда олдинги йилларга нисбатан анча ривожланди. Хусусан, 2020 йилда кўрсатилган жами хизматларнинг 112 триллион 743,5 миллиард сўми ёки 51,5 фоизи кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилди.
Аҳоли бандлиги бўйича сўз борганда, айтиш жоизки, кичик тадбиркорлик субъектларининг ўрни ниҳоятда сезиларли ва аҳамиятли бўлиб бормоқда. Жумладан, бугунги кунга келиб, жами банд аҳолининг 75,1 фоизи ёки 9 935 миллион киши айнан кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан иш билан таъминланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз бўлади.
Аъзам ИКРОМОВ,
Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари