Давлатимиз раҳбари ИТБ президентини Тошкент шаҳрида Банк Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.
Президентимиз ИТБ билан шериклик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаб, Банкнинг Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга оширишдаги стратегик ролини алоҳида қайд этди.
Бугунги кунда ИТБ билан биргаликда уй-жой коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқларни, соғлиқни сақлаш, таълим, сув хўжалиги, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Музокаралар чоғида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йил якунигача Банк томонидан 1,6 миллиард долларлик ўта муҳим лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришни маъқуллаш назарда тутилган алоҳида дастур қабул қилинди. Таъкидланганидек, бу ИТБ билан муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш ва 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича мамлакат дастурини қабул қилиш сари муҳим қадам бўлади.
Банкнинг Тошкентдаги тўлақонли ваколатхонасини тез фурсатда ташкил этиш, янги молиялаштириш воситаларини жорий қилиш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси камбағалликни қисқартириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни, айниқса, аёллар ва ёшлар бизнесини ривожлантириш борасидаги вазифалар ечимига муҳим ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Транспорт инфратузилмаси бўйича минтақавий лойиҳаларни, Оролбўйида экологик дастурларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик, шунингдек, ИҲТнинг алоҳида траст фонди кўмагида Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш ва уни ижтимоий-иқтисодий тиклаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Банк бошчилигидаги ислом оламининг етакчи молиявий институтларини ўз ичига олган Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг навбатдаги йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш муддатларини кўриб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.