“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан пойтахтимизнинг Олмазор тумани “Шон-Шуҳрат” маҳалласи ҳудудида инвестиция лойиҳаси асосида Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан ҳамкорликда янги, замонавий ҳамда энерготежамкор когенерация қурилмаси бунёд этилди.
Қурилма ишига кеча, “Congress Hall” мажмуасида Президентимиз иштирокида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросимида старт берилди.
Шунга кўра, электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 1,2 МВт, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қуввати 6,4 Гкалга тенг бўлган янги қурилма пойтахтимизнинг Олмазор тумани “Шон-Шуҳрат” маҳалласи ҳудудида қад ростлади.
Умумий майдони 0,16 гектарни ташкил қилувчи замонавий энергоиншоотнинг умумий лойиҳа қиймати 3,6 млн АҚШ долларига тенг, у “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Унинг фойдали иш коэффициенти 80 фоиздан юқорини ташкил этади.
Лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига 8 млн. кВт·соат электр энергияси ҳамда 52 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа асосида ривожланган давлатларнинг энг замонавий ва юқори тежамкор технологиялари ўрнатилиши ҳисобига йилига 0,7 млн. кубметр табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 67 фоизга камаяди. Лойиҳага кўра, 10 та янги иш ўринлари яратилди.
Бу ерда Германиядан келтирилган газ-поршен қурилмаси ҳамда иккита “Bosch” қозонлари ўрнатилди. Замонавий усулда қурилган энергоқурилмада ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси аҳоли хонадонларига ёпиқ тизим орқали етказиб берилиши туфайли йўқотишлар умуман кузатилмайди.
Қурилма ишга туширилиши натижасида, ҳудуддаги 18 та кўп қаватли уй, 1 та мактаб, 1 та ижтимоий соҳа объекти ва мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари барқарор равишда иссиқлик энергияси билан таъминланади.