Суҳбатда томонлар Россия Федерациясининг етакчи илм-фан ва таълим муассасаси РХХДБА негизида республика давлат органларининг 150 нафар вакиллари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича олиб борилган дастлабки ишлар натижаларини муҳокама қилдилар.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мамлакатимизда кадрлар захирасини шакллантириш ва тайёрлаш бўйича комплекс вазифалар белгилангани қайд этилди. Ўзбекистон миллий иқтисодиётини ривожлантиришдаги долзарб муаммоларни ҳал этиш учун зарур бўлган йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш мақсадида модуллар мавзулари бўйича тегишли таклифлар киритилди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Тадбир якунлари бўйича томонлар Меморандумнинг муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдирдилар. Бу ўз навбатида давлат органларини кадрлар билан таъминлаш сифатини оширишга хизмат қилади. Академик, илмий ва маданий алмашинувлар ҳамда таълим ва маданий дастурларни амалга ошириш соҳасидаги Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг янада чуқурлашишига ишонч билдирилди.