Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик, агентлик масъул ходимлари ҳамда 500 дан ортиқ мамлакатимиз ёш авлодининг вакиллари – инвестор ва ишбилармонлар иштирок этди.
Хуррам Тешабаев ёшларни тадбиркорлик ва сармоявий фаолиятга кенг жалб этиш муҳимлигини ва Ўзбекистонда ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, жумладан, “Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида яратилаётган қатор имкониятларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунга қадар 700 га яқин ёшлар лойиҳалари, жумладан, 150 га яқин лойиҳаларни Ёшлар саноат зоналарида амалга ошириш учун жамғарма маблағлари ажратилди.
Тадбир савол-жавоб билан якунланиб, унда ёш инвесторлар ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича батафсил маълумотлар олиш, ўзларини қизиқтирган саволларни ўртага ташлаш, истиқболли ғоялар билан ўртоқлашиш имконига эга бўлди. Кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш, ёшларнинг қизиқарли инновацион таклифларини тегишли “Йўл хариталари”га киритиш юзасидан масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун: Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стартап-лойиҳалари танловида ғолиб бўлган 26 та лойиҳага 21,5 миллиард сўм грант маблағлари ажратилди, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналаридаги лойиҳаларни молиялаштириш учун, шу жумладан, “Саноат ипотекаси” асосида ишлаб чиқариш объектлари биноларини сотиб олиш учун 40 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтириш режалаштирилган.