2025 йил 14 февраль кўплаб ёшлар қатори менинг ҳам ҳаётимда жуда муҳим сана сифатида муҳрланиб қоладиган бўлди. Сабаби айнан шу куни давлатимиз раҳбари биз, ёшлар билан самимий мулоқот ўтказди. Тўғриси, учрашув давомида бизга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида эшитар эканман, шу мамлакатнинг фарзанди эканимдан фахрланиб кетдим. Келажагимиз бугунимиздан ҳам кўра фаровонроқ бўлишига яна бир бор амин бўлдим. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг эҳтиёжманд оилалар фарзандларини чет элда ўқитиш бўйича айтган гаплари менда катта таассурот қолдирди.
Бугун юртимизда ёшлар учун барча шароит ҳамда имкониятлар бор. Буни улардан фойдаланиб келаётган бир ўзбек фарзанди сифатида баралла айта оламан.
2007 йилда Фарғона вилоятида туғилганман. Ҳозир Тошкент халқаро Вестминстер университети ҳузуридаги академик лицейда ўқияпман. Ортда қолган 2024 йил мен учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Декабрь ойида дунёга машҳур Гарвард университетидан 360 минг АҚШ доллари миқдорида грант ютиб олдим. Хўш, бунга эришишим қандай кечди? Ўйлаб қарасам, бунинг ҳам замирида мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор мужассам. Келинг, тушунтириб берай. Кўпчиликка маълум, Гарвард каби нуфузли олийгоҳлардан тўлиқ грант ютиб олиш учун билимнинг ўзи камлик қилади. Бунда номзодларнинг ижтимоий фаоллигига ҳам алоҳида эътибор берилади. Мен эса юртимиздаги кўплаб ижтимоий лойиҳаларда қатнашиб келаман.
Ҳозир Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ибрат фарзандлари”нинг “Ibrat Debate” лойиҳасига раҳбарлик қиляпман. Бу лойиҳанинг асосий мақсади инглиз тилини биладиган ёшлар орасида дебатлар ташкил этиш ҳисобланади. Айнан лойиҳа доирасида бугунги кунгача 100 га яқин дебат ташкил қилинди. Уларда 3000 дан зиёд иштирокчи қатнашди. Айни пайтда лойиҳада 100 дан ортиқ волонтёр фаолият юритмоқда.
Олдимга қўйган мақсадларим жуда кўп. Уларнинг энг асосийси нуфузли олийгоҳда ўқиб келиб, унда ўзлаштирган билим ва кўникмаларимдан юртимизда фойдаланиш, ўзим танлаган иқтисодиёт йўналишининг ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшишдир.
Ёшлар бирлашсак, катта кучмиз. Биздан талаб этиладигани билимнинг қудратини вақтида англаш, имкониятлардан бохабар бўлиб, улар натижасида эришган ютуқларимизни шу халқ ривожи учун сарфлаш лозимлигини ҳаётий йўриғимизга айлантиришдир. Зеро, бугунги куннинг талаби ҳам айнан шу.
Азизбек ЗАЙЛОБИДДИНОВ,
Тошкент халқаро Вестминстер университети
ҳузуридаги академик лицей ўқувчиси