Истеъмолчи мурожаатига ечим топилди

    2023 йил 22 май куни Учқудуқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Т.Солиева ариза билан мурожаат қилди.

    Маълум бўлишича, мурожаат эгаси 2021 йил август ойида Зарафшон шаҳрида жойлашган “N” дўконидан 12 миллион 800 минг сўмга “Samsung” русумли музлаткич сотиб олган. Музлаткич шу вақтга қадар, ҳали кафолат муддати тугамасдан тўрт марта бузилган.

    Фуқаро мурожаатида билдирилишича, дўкондаги сервис хизмати ходимлари “Музлаткич аслида “заводской брак” чиққан, буни дўконда алмаштириб бермайди”, деган баҳоналар билан уни сарсон қилган.

    Учқудуқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аралашуви билан, фуқаронинг мурожаати ижобий ечимини топди: дўкондаги сервис хизмати томонидан музлаткичнинг носоз эҳтиёт қисми вилоят марказидан олиб келиниб, сифатли, бепул таъмирлаб берилди.

    Жамият ходимларига беминнат хизматлари учун раҳмат, дея миннатдорлигини билдиради истеъмолчи.