Инсон қалби муҳандислари Талаба ёшларга маърифат улашиш – вазифамиз

    Мамлакатимизда мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишлар самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, аҳоли, аввало, ёшлар қалбида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш тизимини яратиш мақсадида катта қадамлар қўйилди.

    Кенг қамровли ислоҳотлар ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаб, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам бермоқда. Турли маънавий-маърифий семинарлар, тренинглар, мусобақалар ва бошқа тадбирлар эса ватанига, халқига фидойи, мустақил фикрлайдиган, масалаларни онгли равишда, масъулият билан ҳал қила оладиган, изланувчан, янгиликка интилувчи ва истиқлол ғояларига садоқатли авлодни вояга етказишда муҳим роль ўйнамоқда.

    2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун қудратли кучга эга бўлган маънавият устувор аҳамият касб этишини таъкидлаган эди.

    Бугунги глобаллашув даврида воқеликни теран таҳлил қилиб, кучайиб бораётган турли таҳдидларга нисбатан ҳар қачонгидан кўра огоҳ бўлиб яшашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ана шундай шиддатли даврда маънавият соҳасидаги долзарб муаммолар ечимини топиш янги Ўзбекистонимизни барпо этиш йўлида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, бугун ҳар биримиз ватанпарвар бўлиб майдонга чиқишимиз даркор. Зеро, Президентимиз кенгаш йиғилишида таъкидлаганидек: «Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда «ўзбек», «Ўзбекистон» деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади».

    Жамиятимиз бугунги кунда жадал ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бундай даврда ҳар биримизга мустаҳкам таянч зарур. Маънавий ва маданий қадриятлар, меъморий ёдгорликлар, умуман олганда, аждодларимизнинг бой маданий ва маънавий мероси ана шундай таянч бўлиб, халқни, миллатни бирлаштириб, олға ҳаракатлантиради. Бу эса ёшларимизнинг ахлоқий жиҳатдан ҳар томонлама етук шахс бўлиб шаклланишида, ватанимиз янада равнақ топишида, халқимизнинг буюк ўтмишидан фахрланувчи миллат фарзандлари бўлиб камол топишида муҳим аҳамият касб этади.

    Маънавият ва маърифат азалдан инсон ҳаёти учун мустаҳкам қалқон вазифасини ўтаб келаётган беқиёс кучдир. Бу икки мустаҳкам таянчсиз жамият ва давлат юксак тараққиётга эриша олмайди. Бугун юртимизнинг барча таълим муасассалари, маҳалла гузарлари ва мактабларида ўтказиб келинаётган «Маърифат улашиб» тадбирлари эса таррақиётга эришишимиз учун кўприк вазифасини ўтайди.

    Фарғона политехника институтида бўлиб ўтган шундай тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шавкат Дўстмуҳаммад ҳамда Анвар Мирзо иштирок этди. Тадбир аввалида ижодкорлар талабаларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шароитлар, «Ренессанс ҳалл», «Студент оффиcэ» ҳамда янги ташкил этилган музей фаолияти билан яқиндан танишди.

    Сўнг институт маданият саройида талаба-ёшлар билан ижодкорлар учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида улар олий таълим тизимидаги ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва ёшларни таълим-тарбия олишида қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатнинг энг муҳим жиҳатлари ҳақида сўз юритди. Бугунги кунда ёшларимиз яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиши, таълим-тарбия олиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ўз ҳиссаcини қўшиши муҳимлиги таъкидланди. Айниқса, «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз» тамойили асосида бирлашиш, бугунги таҳликали ва шиддатли ўзгаришлар, жаҳондаги воқеа-ҳодисалар контекстида янги Ренессанс пойдеворини қўйишда ёшларнинг ўрни муҳим экани айтилди.

    Куннинг иккинчи ярмида ижодкорлар Фарғона шаҳридаги 4-ИДУМ ва Қувасой шаҳридаги 3 ва 13-умумий ўрта таълим мактабларида бўлиб, ўқувчилар билан самимий мулоқот ўтказди. Мактабда ижодкор ва бадиий адабиётга ихлосманд ўқувчилар адиблар ижод лабораторияси билан яқиндан танишди. Ўзаро суҳбат тарзида ташкил этилган тадбирда халқ шоири Иқбол Мирзо туйғуларини мисраларга сингдиришга ҳаракат қилган, дилидагини тилларга моҳир рассомдек рангин бўёқлар билан безаган, ижодга меҳр қўйган ёшларга қимматли масалаҳатлар берди. Ушбу учрашувларда севимли шоирларимиз иқтидорли ўқувчи-ёшларни кашф қилиш билан бирга, истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда доим қўллаб-қувватлашини таъкидлади. «Маърифат улашиб» лойиҳаси ҳам бир хилликдан, маъруза тинглашдан чарчаган ёшлар учун айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди.

    Маънавият – нур. Бу нур маҳаллаларга, мактабларга ва олийгоҳларга кириб бориши ҳар бир раҳбар, масъулнинг асосий ишига айланмоғи лозим. Фарғона политехника институти техника йўналишига ихтисослашган бўлишига қарамай, етишиб чиқадиган мутахассис-кадрлар оддий муҳандис эмас, тафаккури маърифат билан тўйинган қалб муҳандислари бўлиб шаклланишига шубҳамиз йўқ.


    Шерзод ДEҲҚОНОВ,

    Фарғона политехника институтининг ёшлар масалалари ва

    маънавий-маърифий ишлар бўйича 1-проректори


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 215-сонида (2024 йил 24 октябрь) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates