Келажак бунёдкорлари мактабда тарбияланади — салоҳиятли педагогларга эҳтиёж юқори

    Ёш авлодни ҳаётга тайёрлашда ўқитувчилар кўмаги катта. Улар инсон шахсини шакллантирадиган ижодкорлардир.

    Муаллимларни фақат маълумот берувчи ва ўқув дастуридан ташқарига чиқмайдиган давлат хизматчиси, деб таърифласак, бу касбга тўғри таъриф бермаган бўламиз. Педагог ҳар бир бола, келажак учун намуна. Унга муносабат жамиятнинг ривожланиши ва мавқейини кўрсатади.

    Мамлакатимизда узоқ йиллар ўқитувчи ва ўқитувчиликка муносабат турлича бўлганини инкор этолмаймиз. Бугун бу муносабат тубдан ўзгарди. Муаллим шахси ва заҳматли меҳнати юксак қадрланмоқда. Педагогга қўйиладиган талаблар ҳам янгиланди.

    Президентимизнинг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» арафасида таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида илгари сурилган долзарб масалалар мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбари ўқитувчилик касби ва шу соҳа эгаларига яқин ўтмишдаги муносабат қониқарли бўлмаганини алоҳида қайд этиб, жумладан, бундай деди: «Афсуски, ана шундай шарафли ва олижаноб касб эгаларига биз яқин ўтмишда етарлича ҳурмат ва эътибор қарата олмадик. Сир эмас, қайси соҳага қўшимча ишчи кучи керак бўлса, биринчи навбатда, ўқитувчи-педагоглар жалб этиладиган бўлиб қолган эди. Биз мамлакатимизда янги ислоҳотларни бошлаган биринчи кунлардан эътиборан ана шу оғриқли масалани ҳал этишга – ўқитувчиларни, болалар ва аёлларни мажбурий меҳнатдан халос қилишга киришдик. Қатъий ирода ва интилиш билан бу нохуш ҳолатлар бугун тарихга айланди».

    Давлатимиз раҳбари узлуксиз таълимнинг мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, олий таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш учун педагогик таълим кластерлари ташкил этилишини таъкидлади. Таълим кластерлари тажриба-синов тариқасида дастлаб Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги педагогика коллежларида ташкил этилади ва ҳудудлардаги педагогика институтлари бошқарувида бўлади. Аввало, Андижон ва Бухоро педагогика институтларига ишонч институтимиз профессор-ўқитувчиларидан ўз фаолиятига янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.

    Бугун жаҳонга юз тутаётган Ўзбекистонда асосий мақсад янги замон кишисини тарбиялашдир. Бу жараёнда ёшларнинг маънавий, ахлоқий ва ижтимоий шаклланишини таъминлаш муҳим. Бундай улкан мақсадни амалга оширувчи шахс ўқитувчидир.

    Ҳар бир касбнинг муайян қадриятлари, мезонлари бор. Педагоглик компетенциялари ва услуби билан бошқа касблардан фарқ қилади. Бугун ўқитувчиликка махсус тажриба ва кўникма талаб қилинадиган касб сифатида қаралади. Соҳа вакиллари жамиятда муҳим вазифа бажариши, бунинг учун эса жиддий тайёргарлик кўриши ҳамда ахлоқий сифатларга, гўзал хулқ-атворга эга бўлиши лозим.

    Биз «Келажак — ёшлар қўлида», деймиз. Ёш авлод истиқболи эса ўқитувчи қўлида. Бу боғлиқлик жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилаб беради. Давлатимиз раҳбарининг «Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, фаол фуқаролик позициясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди? Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар», деган таъкидида ўқитувчиларнинг шарафли меҳнатини улуғлаш ва қадрлаш туйғуси яққол ифодасини топган.

    Инсон қачон танлаган касбидан фахрланади? Қачонки касбига эркин ва ижодий ёндашиш имконини берадиган шароит яратилса, иқтисодий қўллаб-қувватланса, шахси ва меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланса. Демак, ўқитувчилар ўз вазифасини бажаришда ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши лозим.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизда ўқитувчи мақоми мустаҳкамлангани ҳамда «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун қабул қилингани ҳам ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари, вазифа ва ижтимоий мақомини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. «Янгиланган Конституциямизда дунёдаги мўътабар шахс – ўқитувчи мақомини алоҳида мустаҳкамлаш, бу касбни жамиятдаги энг обрўли ишга айлантириш менинг неча йиллик орзуим, керак бўлса, армоним эди», деди давлатимиз раҳбари.

    Педагог мақомини мустаҳкамлаш таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Обрўли ўқитувчилар таълим жараёнида самарали ва инновацион усулларни қўллашга интилади. Натижада билим олиш жараёни яхшиланади. Бу эса, ўз навбатида, бугун таълим-тарбия соҳасидаги барча ўзгаришлар марказида билимдон, ижодкор, ватанпарвар ва жонкуяр муаллим шахси туриши лозимлигини кўрсатади. «Чунки таълимда, маърифатда орқада қолганлар – ҳеч шубҳасиз, тараққиётда ҳам орқада қолади. Бу – тарихда исботланган ҳақиқат». Маърифатсиз жамиятлар кўпинча низолар, ижтимоий муаммолар ва иқтисодий инқирозлар гирдобида қолганига тарихда мисол жуда кўп. Шунинг учун таълим соҳасида ислоҳотлар қилиш, педагогларнинг мақомини ошириш ва таълим сифатига эътибор бериш жамиятнинг умумий ривожланиши учун муҳим. Боиси, бугун жаҳондаги глобаллашув жараёнида мамлакат ва халқ тақдири, инсон манфаати илм-фан, таълим-тарбия самарадорлигига боғлиқлигини инкор қилиб бўлмайди. Шу сабабли таълимнинг барча бўғинида мазмунни такомиллаштириш, сифатни яхшилаш асосий вазифа бўлиб қолмоқда.

    Мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий қисми, албатта, олий таълим фаолиятини яхшилашга йўналтирилган. Жумладан, Бухоро давлат педагогика институти ташкил этилганига кўп бўлмаган эсада, соҳада муайян ютуқлар қўлга киритилди. Институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий мактабини яратиш мақсадида кафедралар негизида жами 10 дан ортиқ илмий-тадқиқот маркази, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш учун 34 та илмий тўгарак ташкил этилди.

    Халқаро ҳамкорлик доирасида 20 дан ортиқ профессор-ўқитувчимиз Германия, Туркия, Финляндия, Россиянинг илғор 1000 таликка кирувчи олий муассасалари қаторида турувчи Лейбнис институти, Москва давлат университети, Москва давлат педагогика университети, Карелия амалий фанлар университети, Ҳажеттепе университети, Истанбул университети, Қозон федерал университетида стажировка ўтаб, малака ошириб қайтди. Шу билан бирга, институтимизда маъруза ўқиши учун илғор университетлардан профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.

    Институтда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг шахсий ривожланиши ва ижтимоий фаоллиги ошириш ҳамда маънавий, ахлоқий, интеллектуал юксалишига катта эътибор қаратилган. Шу орқали белгилаб берилган вазифаларни тўла-тўкис бажариб, жамият тараққиёти ҳамда келажагини белгилаб берувчи салоҳиятли кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшамиз.


    Баҳодир МАЪМУРОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 215-сонида (2024 йил 24 октябрь) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates