Истеъмолчи тонировка учун тўлов қиймати пасайишидан манфаатдор

    Қиш тугаб, баҳор келиши билан юртимизда кунлар исиб, ҳаво ҳарорати кескин ошади. Сўнгги йилларда юртимиз ёзи ўта иссиқ ва қуруқ келмоқда. Шундай жазирама кунларда кўчада ҳаракатланаётган автомашиналарда қуёшнинг иссиқ тафтидан ҳимояланиш учун ҳам ҳайдовчилар автомобили ойнасини тонировка қилиш (қорайтириш)га эҳтиёж сезади. Аммо ҳамма нарса ҳам истакларимизга боғлиқ эмас...

    Тонировка, яъни ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсат олишга ҳамманинг ҳам қурби етавермайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”да транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлардан бири сифатида барча транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлиши белгиланган.

    Енгил автомобилларга ойналарини муайян миқдорда тўлов асосида қорайтиришга 2018 йили 1 августдан рухсат берилган. Ўшанда қорайтиришага рухсатнома олиш учун тўлов жисмоний шахсларга 16,5 миллион сўм, юридик шахслар учун эса 22, 1 миллион сўм этиб белгиланган. Бундай нарх-навога кескин норозилик бўлавергач, бу қиймат анча пасайтирилди.

    Пасайтирилган нарх ҳам аҳолининг ойлик маошига нисбаттан олинганда ҳамма ҳайдовчига ҳам тўғри келавермайди. Бугунги кунда тонировка учун жисмоний ва юридик шахслар ЯИДХП орқали рухсат олиш учун мурожаат қилганда, тўловларнинг қуйидаги ставкалари белгиланган:

    орқа ён ойналар – жисмоний шахслар учун йилига 4,5 БМҲ (1 миллион 215 минг сўм); юридик шахсларга йилига 9 БҲМ (2 миллион 430 минг сўм);

    барча ён ойналар – жисмоний ва юридик шахслар учун йилига 45 БМҲ (12 миллион 150 минг сўм).

    Олд эшикларнинг ён ойналарини 50 фоизгача, орқа ойналари эса 100 фоизгача қорайтириш мумкин. Аммо бу нарх кўпчиликка тўғри келмаяпти. Имкони бор инсон ўз машинасида иссиқдан ҳимояланиб, бемалол юриши мумкин. Имкони йўқлар эса қуёш тафтида куйиб, жазирамадан қийналишга мажбур.

    Ижтимоий тармоқларда ҳам айнан тонировка масаласи доимий баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Айниқса, рухсатсиз тонировка учун жарима миқдори ҳайратланарли даражада юқори. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига киритилган ўзгаришга асосан, тегишли рухсатномасиз автомобиль ойналарини қорайтирганлик учун жарима БМҲнинг 25 баравари миқдорида (6 миллион 750 минг) этиб белгиланган.

    Ушбу қоидабузарлик яна такрорланса, энг кам иш ҳақининг 40 баравари (10 миллион 800 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади. Ваҳолонки, йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўладиган ҳолатлар жуда кўп. Тонировка сабаб содир этилган жиноят ва бошқаларга хавф туғдирадиган ҳолатларга дуч келмаганмиз.

    Аслида ҳар қандай тақиқ, жарима ортида манфаатдорлик бўлиши оғриқли масала. Ўзбекистонда биргина 2019 йилнинг 5 августидан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар 82 минг 125 та тонировка рухсатномаси берилиб, жами 302 миллиард 635 миллион сўм ундирилгани хабар қилинган эди. Тонировкага рухсатнома бериш ва ойналарни ноқонуний қорайтирган фуқаролардан ундириладиган жаримадан кўрилаётган фойда нимага сарфланаётгани ҳануз очиқ қолмоқда.

    Асосий масала шундаки, юридик ва жисмоний шахсларга тонировка учун нархни тенглаштириш лозим. Шу ўринда истеъмолчи сифатида юртдошларимиздан бир таклиф тушяпти: тонировкага эҳтиёж ошадиган мавсумда ойналар тусини мавсумий ўзгартириш текин бўлса, ҳеч бўлмаганда фуқароларнинг ойлик маошга мутаносиб равишда, ҳамманинг имкони етадиган қилиб арзонлаштирилса, айни муддао бўларди.

    Гулноза ШАРАФОВА,

    Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари

    федерацияси ахборот хизмати ходими

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates