2025 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Хитой Истеъмолчилар ассоциацияси ўртасида ўзаро манфаатли ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат икки давлат фуқароларининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, электрон тижорат соҳасидаги трансчегаравий мурожаатларни биргаликда кўриб чиқиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм йўналишларида ҳамкорликнинг янги механизмларини шакллантиришни назарда тутади.
Меморандум доирасида томонлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш, электрон тижоратда истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар амалга ошириш, статистик ва тадқиқот маълумотлари билан ўзаро алмашинувни йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш ва истеъмолчиларнинг хабардорлигини кенгайтириш, истеъмол бозорида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Мазкур Меморандум Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш билан бир қаторда, икки давлат истеъмолчилар жамоат бирлашмалари ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади ва истеъмолчилар манфаатларини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш бўйича янги имкониятлар яратади.
Келгусида ушбу Меморандум асосида қўшма семинарлар, илмий тадқиқотлар, электрон платформалар ва ўқув дастурларини амалга ошириш режалаштирилган. Бу орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими янада мустаҳкамланиб, икки мамлакат ўртасидаги дўстона ва ишончли алоқаларни ривожлантиришда янги сифат босқичи таъминланади.
Меморандумни имзолаш маросимида Хитой Истеъмолчилар ассоциацияси вице-президенти, Хитой Коммунистик партияси қўмитасининг масъул вакили Ган Лин хоним, шунингдек, Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси ходимлари иштирок этдилар.
Маълумот учун:
Хитой Истеъмолчилар ассоциацияси (қисқартма – ХИА, инглизча – China Consumers Association) Хитой Халқ Республикасида истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий ташкилот ҳисобланади.
1984 йил декабрда ташкил этилган ассоциация мамлакат бўйлаб 3 мингдан ортиқ маҳаллий жамиятларни бирлаштиради. Унинг асосий вазифаси – истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом рақобатни таъминлаш ва аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтиришдан иборат.
Ассоциация давлат органлари, суд тизими ва бозор назорати идоралари билан ҳамкорликда фаолият юритади ҳамда “China Consumers” журнали орқали маҳсулот сифати, хизматлар даражаси ва истеъмол хавфсизлиги ҳақида аҳолига мунтазам маълумот етказиб боради.
Сўнгги йилларда ташкилот онлайн савдо платформалари билан ҳамкорликда истеъмолчилар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш механизмларини ишлаб чиққан бўлиб, электрон тижоратдаги низоларни ҳал этиш борасида самарали тажриба тўплаган.
“Қаноатлантирувчи истеъмол” (satisfactory consumption) концепциясини илгари сураётган ассоциация сифатли маҳсулот, ишончли хизмат ва адолатли реклама тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган фаолият юритади.
Хитой Истеъмолчилар ассоциацияси фаолияти халқаро миқёсда эътироф этилган бўлиб, у Осиё минтақасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича етакчи институтлардан бири саналади. Унинг электрон тижорат, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида истеъмолчи ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича янги механизмларни жорий этишга оид тажрибаси Ўзбекистон учун ҳам муҳим амалий аҳамият касб этади.











