Дастур IТ-мутахассислари ва уларнинг оила аъзоларига қулайлик яратиш билан бирга, тез ва осон кўчиб ўтишга ёрдам берадиган хизматлар тўпламини ўз ичига олади.
Дастурда қуйидаги бепул ва асосий хизматлар тўплами мавжуд:
- виза билан таъминлаш (агар керак бўлса);
- аэропорт трансферлари ва транспорт;
- давлат ва хусусий компаниялар билан учрашувлар ташкил этиш;
- барча қулайликларга эга бўлган уй-жой танлаш;
- йирик IТ-компанияларда ишга жойлашишда ёрдам бериш ёки истиқболли IТ-лойиҳаларда иштирок этиш учун таклифнома;
- болалар боғчаси ва мактаб болалари учун танлов;
- Ўзбекистоннинг тарихий ва табиий диққатга сазовор жойларига оилавий саёҳатларни ташкил этиш;
- Ўзбекистонга мослашиш учун махсус дастур;
Шунингдек, IТ-компаниялари учун қуйидаги бепул хизматлар тақдим этилади:
- компанияни тез ва осон тарзда рўйхатдан ўтказишда ёрдам бериш;
- малакали ходимларни танлашда ёрдам бериш;
- барча қулайликларга эга офис майдонидан имтиёзли равишда фойдаланиш;
Маълумот учун: IТ Парк резиденти томонидан компания рўйхатдан ўтказилгандан сўнг барча хизматлар бепул тақдим этилади.
Нега айнан Ўзбекистон?
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланиб, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва турмуш даражасини ошириш мақсадида бир неча йил аввал бошланган ислоҳотлар бугунги кунда ўз натижасини кўрсатмоқда. Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнесни юритиш – 2020” ҳисоботида Ўзбекистон амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва самарадорлиги бўйича дунёдаги энг яхши 20 та ислоҳотчи давлат қаторига кирди.
Ўзбекистонда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинган бўлиб, унда яқин йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида, жумладан, барча тузилмалар ҳамда давлат бошқарувида 280 дан ортиқ IТ-лойиҳаларни жорий этиш кўзда тутилган.
Мамлакатда стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 12 та венчур фонд ишга туширилди, 40 дан ортиқ хорижий инвестор ва маблағлар ҳисобидан 80 миллион AҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб этилди.
Мамлакатимизда 130 дан ортиқ олий ўқув юртлари, жумладан, 22 та хорижий олий ўқув юртлари мавжуд бўлиб, уларнинг дипломлари дунёнинг кўплаб давлатларида тан олинган.
Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 11 мингтага етди, “Coca Cola”, “General Motors”, “Nestle" шулар жумласидандир.
IТ мутахассислари ва IТ компаниялари учун ажратилган имтиёзлар
Ўзбекистонда 2028-йилгача IТ-компаниялари учун катта солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этилмоқда, хусусан:
- барча турдаги солиқлардан тўлиқ озод қилиш;
- ходимлардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 7,5 фоизгача пасайтирилди;
- ўз эҳтиёжлари учун дастурий таъминот ва жиҳозларни олиб киришда божхона тўловларидан тўлиқ озод қилиш;
- валюта ўтказмаларида чекловларнинг йўқлиги.
Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимизда IТ-мутахассислари фаол тайёрланмоқда. Жумладан, барча ҳудудларда 205 та ўқув IТ марказлари ташкил этилиб, уларда 85 мингдан ортиқ талаба таҳсил олди. Мамлакатда 1 миллиондан ортиқ талабаларни бирлаштирган “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси ишга туширилди.
Республикамизда Microfsoft, IBM, Oracle, HP, SAP, Cisco, EPAM, Exadel, iTechArt, HW, ZTE, Telegram, WhatsApp ва бошқа машҳур компаниялар фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунга қадар 500 дан ортиқ IТ-компаниялар фақат IТ Park резидентлари ҳисобланади.









