2024 йил ва келгусида юқори малакали IT мутахасссисларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, ёшлар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга бағишланган мазкур форумда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, IT-таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, белгилаб берилган вазифалар ва қарорлар ижросини таъминлаш борасида керакли маълумотларни берди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 33-мақсадида 2030-йилгача:
– IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш;
– БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида мамлакатимизни етакчи 30 та давлатлар қаторига киритиш;
– IT соҳасида 300 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш каби вазифалар белгиланган.
Ушбу вазифаларга мувофиқ, Ўзбекистонда ёшларнинг рақамли технологияларга оид билимларини ошириш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси, шунингдек, IT соҳасида ёшларнинг қобилиятини ривожлантириш, ахборот технологияларини улар орасида оммалаштириш ҳамда тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Форум давомида бугунги кунда ўқув марказлар учун яратилаётган имкониятлар, IT-экспорт компанияларнинг мутахассисларга бўлган эҳтиёжи ҳамда IT-курсларга бўлган талаблар, шунингдек, бизнесини ривожлантиришга доир фойдали маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, тадбир давомида IТ-хизматлар экспорти билан шуғулланувчи йирик компанияларнинг соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёжи ва талаблари ҳамда cоҳадаги ўқув марказларида сифатли кадрлар тайёрлаш тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.
Шу билан бирга, IT-хизматларни экспорт қилувчи компаниялар (EPAM, Exadel, East-Games) ва IT соҳасида кадрлар тайёрлайдиган ташкилотлар вакиллари билан ҳозирги кунда IT кадрлар бозоридаги ҳолат ва мавжуд муаммолар тўғрисида панел сессияси ташкил этилди.