Ихтисослаштирилган таълим қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича вазифалар қўйилди

    Ҳукумат 17 январ 2022 7926

    Президент Шавкат Мирзиёев 17 январь куни мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

    Мамлакатимизда кўплаб таълим масканлари қурилиб, ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилмоқда. Президент мактаблари қурила бошлаганда давлатимиз раҳбари улар бошқа муассасалар учун андоза бўлиши, таълим муҳитини ўзгартиришини айтган эди. Шундай бўлаяпти. Жамиятимизда илмга интилиш кучайди. Фарзандини яхши ўқитаман деган ота-оналар, ўқишга қизиққан ёшлар кўпайди.

    2019 йилда юртимизда 271 та ихтисослаштирилган мактаб бор эди. Президентимизнинг аниқ фанлар ва хорижий тилларни ўргатишга оид ташаббуслари, қабул қилган қарорлари натижасида математика ва физика фанлари бўйича 126 та, кимё-биология бўйича 87 та, ахборот технологиялари йўналишида 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил топди.

    Шу тариқа халқ таълими тизимидаги бундай мактаблар сони 790 тага етди. Уларнинг 135 таси тўлиқ ихтисослаштирилган ва ётоқхонаси мавжуд. Қолган 655 та мактабда атиги 25 фоиз синфларда у ёки бу фан чуқур ўргатилади. Улардаги таълим дастури, ўқитиш методикаси, фан тўгараклари оддий мактаблардан деярли фарқ қилмайди. Мисол учун, математика ёки чет тилига ихтисослашган синфларда 2 соат кўпроқ махсус фан ўтилади, холос.

    Бугунги замон талаби, келгусидаги тараққиёт суръатига муносиб бўлиш учун бу етарли эмас. Шу боис йиғилишда ихтисослаштирилган мактаблар қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

    – Бир нарсани чуқур тушуниб олишимиз керак: иқтисодиётимизга жуда катта марра олганмиз. Бу йил экспортимизни 14 миллиард долларга чиқармоқчимиз. 2025 йилга қадар мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга, экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз. Буни ким қилади? Билимли кадрлар! – дея таъкидлади Президент.

    Ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилиши белгиланди.

    – Бу Агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида иккитадан, туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказиладиган бўлди. Бунда ўша ҳудудда ривожланган тармоқлар, азалдан кучли ўқитилган фанларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда ишчи гуруҳ тузиб, ҳудудлардаги шароитларни ўрганиш, танланган мактабларни янги стандартлар асосида ўқув йилига тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

    Ихтисослаштирилган мактабларга қабул тартиби, ўқувчи ва муаллимлар билимини баҳолаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилди.

    Давлатимиз раҳбари таълим-тарбия мазмунига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

    – Ихтисослаштирилган мактаб дегани 2 соат кўп дарс ўтиш дегани эмас. Унда болалар махсус фан бўйича тўлиқ билимга, кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Ўқувчиларда миллий руҳ, ватанпарварлик ҳисси баланд бўлиши керак, – деди Президент.

    Мактаб таълимини ривожлантиришга маҳаллий ҳокимликлар, университетлар ҳам масъул экани, ўзлари учун истиқболли кадрлар захирасини тайёрлаб бориши зарурлиги таъкидланди.

    Таълим даражаси, аввало, ўқитувчининг билим ва малакасига боғлиқ. Шу боис ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади. Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.

    Агентликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази негизида илмий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди. У ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро методика асосида илғор таълим дастурлари ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

    Бу ишларни самарали ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда Президент таълим муассасалари агентлигининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши белгиланди.

    Давлатимиз раҳбари мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифати пастлигини кескин танқид қилди.

    – Ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатмайди. Чунки талабалар ёшлигиданоқ иккита тилни билади. Биз 1-синфдан 11-синфгача чет тилини ўргатамиз. Лекин мактабни битирган болаларнинг неча фоизи шу тилда гаплаша олади?! Бунга давлатнинг қанча пули кетаяпти! Қани натижадорлик, – дея ҳақли савол қўйди Президент.

    Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бошқа мактабларда ҳам таълим сифатини ошириш, фанлар ва хорижий тилларни чуқур ўргатиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

    – Таълим тизимини “оёққа қўймас” эканмиз, ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳам қилолмайди. Бунга бутун халқимиз, жамиятимиз маҳкам киришиши керак. Нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

    Мутасаддиларга йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижроси бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси қўйилди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates