16 октябрь — Жаҳон озиқ-овқат куни БМТ тақвимидаги энг машҳур ва аҳамиятли халқаро кунлардан саналади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан жорий этилган ушбу сана 150 дан ортиқ мамлакатда нишонланади. Бу дунё бўйлаб очлик ва тўйиб овқатланмасликка барҳам бериш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида қарор қабул қиладиган кун. 2023 йилги Жаҳон озиқ-овқат кунининг мавзуси сув муаммоларига бағишланди.
Муҳим сана муносабати билан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан олий ўқув юртлари талабалари ўртасида фототанлов ташкил этилди. Танлов мақсади ёшлар эътиборини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда сув ресурсларидан оқилона ва барқарор фойдаланишнинг муҳимлигига қаратишдан иборат.
Танлов шартларига кўра, иштирокчилар ўз ишларида қишлоқ хўжалигида сувнинг ролини акс эттиришлари, сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларининг ифлосланишига қарши курашиш муҳимлигини ва бошқа муҳим жиҳатларни кўрсатиб ўтишлари лозим эди.
Республиканинг турли олий ўқув юртларида қишлоқ ва сув хўжалиги, ирригация, агротехнология, ветеринария, ўсимликшунослик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларида таҳсил олаётган талабалар катта фаоллик кўрсатдилар. Танлов ҳакамлар ҳайъати таркибига қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги нуфузли мутахассислар, ФАО мутахассислари, таниқли фотосуратчилар киритилган.
Жорий йилнинг 16 октабрь куни Тошкент Давлат аграр университетида фототанлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ижодий танлов натижаларига кўра энг яхши асарлар муаллифлари аниқланиб, дастлабки учта ўрин ғолиблари қимматбаҳо совғалар — ноутбук, планшет ва смартфон билан тақдирландилар. Бундан ташқари, бир қанча иштирокчилар рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлишди.
— Ёшларимиз, бугунги талабаларимиз қишлоқ хўжалигини янада барқарор ривожлантириш, соҳани модернизация қилиш, иқтисодиёт ва аҳолининг доимий ўсиб бораётган эҳтиёжларини зарур ҳажмдаги сув ресурслари билан қондириш имкониятларини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз сув хўжалиги салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишларига умид билдирамиз”, — деди ФАОнинг “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳаси координатори Азиз Нурбеков.