Жаҳон таълими ва мактаб тизими ҳақидаги ноёб китоб ўзбек тилида нашр этилди

    Президент таълим муассасалари агентлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан таълим тадқиқотчиси Андреас Шляйхернинг “Жаҳон миқёсидаги таълим. XXI аср мактаб тизимини қандай барпо этмоқ керак?” номли китоби 5000 нусхада чоп этилди.

    Ушбу китоб, юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эга мактаб тизимлари нимаси билан фарқ қилади?, нима сабабдан таълим имкониятлари тенглигига эришиш бу қадар қийин?, самарадор тизим раҳбарини тарбиялаш, ислоҳотни муваффақиятли амалга ошириш учун нималар зарур?, таълим сиёсати ва тенг таълим имкониятлари, бешта етакчи таълим тизимларининг муваффақият омиллари, пилот лойиҳаларни жорий қилиш ва узлуксиз баҳолаш, тизим потенциалини ошириш каби мавзуларини ўз ичига олган ҳамда "Инвестицияларни оширгандагина таълимда ютуларга эришиш мумкин?", "Синфда ўқувчилар сонини камлиги ҳар доим яхши натижаларга олиб келади”, “Таълимдаги ютуқ туғма иқтидорга боғлиқ”, каби стериотипларни рад этиши ва аксини исботлаши билан ҳам аҳамиятли.

    Андреас Шляйхернинг ушбу асари таълим тизимига дахлдор барча учун таълимнинг мақсад ва моҳиятини чуқур англаш, ўз таълим тизимини ислоҳ қилаётган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш, таҳлил қилиш имконини беради.

    — Бугунги кунда таълим давлат сиёсатининг муҳим ва асосий бўғини ҳисоблангани боис, таълим тизимини трансформация қилиш, шунингдек, Ўзбекистонни том маънода рақобатбардош давлатга айлантириш мақсадида кўплаб ислоҳотлар олиб борилмоқда, — деди Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари Ҳилола Умарова.

    Таълим тадқиқотчиси Андреас Шляйхернинг “Жаҳон миқёсидаги таълим. XXI аср мактаб тизимини қандай барпо этмоқ керак?” номли ноёб асари биз учун жуда муҳим аҳамиятга ва алоҳида қимматга эга. Зеро, унда келтирилган таълимдаги муаммолар бизнинг тизимда ҳам мавжуд.

    Асар мамлакатимиз таълим тизимини такомиллаштириш учун нафақат давлат миқёсида, балки мактаб даражасида самарали қарорларни қабул қилиш ҳамда таълим жараёнини XXI аср талаблари асосида ташкил этишда беминнат кўмакчи бўлишига ишонамиз.

    Ушбу китоб юртимиздаги таълим ташкилотларига бепул тарқатилади.