Жаҳонда 5 млрд инсон трансёғларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланмаган

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сўнгги йилларда трансёғлардан фойдаланиш сезиларли даражада ошган.

    Чунки улар одатда организм учун фойдали ёғларга қараганда арзонроқ ва қатор кимёвий ва физик хусусиятларга эга. Масалан, хона ҳароратида қаттиқ ҳолатда сақланиб қолади, шу сабаб уларни турли хил қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиш қулай.

    Эслатиб ўтамиз, трансёғлар саноат ёки табиий тўйинмаган ёғли кислоталардир. Саноатда ишлаб чиқарилган ушбу маҳсулот маргарин, ўсимлик ёғлари, қовурилган таом ва пишириқлар, хусусан, кракерлар, печенье ва пирогларда мавжуд. Табиий трансёғлар кавш қайтарувчи ҳайвонлар (масалан, сигир, қўй, эчки) гўшти ва улардан олинадиган сут маҳсулотларида бўлади. Саноатдаги ва табиий трансёғларнинг иккиси ҳам бирдек зарарли.

    ЖССТнинг янги ҳисоботида айтилишича, дунё бўйлаб беш миллиард одам ушбу ёғларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланмаган бўлиб, бу юрак хасталиклари ва ўлим хавфини оширади. Ҳар йили саноатда ишлаб чиқарилган трансёғлар дунё бўйлаб 278 мингдан ортиқ ўлимга сабаб бўлмоқда.

    ЖССТ мазкур турдаги ёғларни тақиқлаш ёки уни кунлик энергия миқдорининг 1 фоизигача камайтиришни тавсия қилади. Яъни, кунлик рационда 2000 калория бўлса, трансёғлар 2,2 граммга тўғри келиши лозим. Уларни саломатлик учун фойдали ёғлар билан алмаштириш мумкин.

    Илғор тажрибага асосланиб, ЖССТ давлатлар учун иккита вариантни тавсия қилади:

    1) барча озиқ-овқат маҳсулотларида саноатда ишлаб чиқарилган трансёғлар умумий ёғ миқдорининг 100 гр учун 2 гр дан кўп бўлмаган мажбурий умуммиллий чекловни жорий этиш;

    2) трансёғларнинг асосий манбаларидан бири бўлган қисман гидрогенланган мойлар ишлаб чиқариш ёки уларни ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотида ишлатишни мажбурий умуммиллий тақиқлашни жорий этиш.

    Қатор мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, мажбурий чекловлар ихтиёрий чекловлардан фарқли ўлароқ, озиқ-овқат маҳсулотларидаги трансёғлар миқдорини ва уларни аҳоли томонидан истеъмол қилишни камайтиришда анча самарали.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates