Улар Ўзбекистонда одамлар бундан-да фаровон яшашининг ҳуқуқий асосини яратиш билан боғлиқ Конституцияга ўзгартиришлар киритишга қаратилган қатор таклифлар билдирмоқда. Кейинги йилларда барча соҳаларда юз берган туб ўзгаришлар натижаси шуни тақозо этмоқда. Аҳолидан Республика комиссиясига келиб тушаётган кўплаб таклифлар ҳам буни кўрсатиб турибди. Жорий йил 20 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг комиссия аъзолари билан учрашиб, қилган очиқ мулоқотини тингладим ва ўз муносабатимни билдирмоқчиман.
Биринчидан, Президентимизнинг Конституция лойиҳасини қабул қилиш учун референдум ўтказиш лозимлигини айтганлари ростдан муҳим. Чунки давлатимиз раҳбарининг масалани аввало ҳалқ билан бамаслаҳат ҳал этиш борасидаги сиёсатлари оқилона йўл ва буни изчил давом эттирилмоқда. Халқ билан мулоқот тамойили нафақат амалиётда кенг қўлланилмоқда, балки кўнгилга яқин ижтимоий-сиёсий тушунчага айланди. Конституцион комиссия йиғилишида ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ эътиборига ҳавола этиб, референдум йўли билан қабул қилиш таклифи Асосий қонунимизни янги таҳрирда маъқуллашда кенг омма иштироки лозимлигини англатади. Зеро, шундагина ўзгартиришлар билан қабул қилинадиган янги конституция ҳақиқатан халқ конституцияси бўлади.
Иккинчидан, мазкур тарихий йиғилишда Юртбошимиз масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, халққа мурожаат ҳам йўлладилар ва ҳар биримиз Бош қонунимизга киритилаётган ўзгаришларни қалбимиздан ўтказиб, уларга холис фикр билдиришга даъват этдилар.
Мен университет профессори сифатида айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. Аввало, Президентимиз ўз чиқишларида “Педагогларнинг мақомини ошириш, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилишга йўл қўймаслик кераклигини конституция даражасида белгилаб қўйиш керак”, дея алоҳида таъкидлаганларида хурсанд бўлдим. Ахир ўринли таклифни асосий қонунимизда белгилаб қўйилиши айни муддаодир. Чунки таълим тизимини ичидан биламан, ютуқ ва камчиликларини, синовларини бошимдан кечирганман. Давлатимиз раҳбари изчил ислоҳотлар ижросида ҳар бир соҳа вакилига доимий эътибор қаратади. Шулар қаторида боғча, мактаб, техникум ва олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатади.
Яхши эслайман, Президент раислигида 2019 йил 23 августда ўқитувчиларнинг жамиятда нуфузини ошириш масаласига бағишланган махсус видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Ўшанда “Ёшларнинг ҳам, халқнинг ҳам, миллатнинг ҳам, давлатнинг ҳам тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ” деган янгича тамойилни белгилаб, ўқитувчига бўлган муносабатни бугун жамиятда ўзгартишимиз керак”, деб уқтиргандилар. Ҳар бир йиғилишда мазкур тамойилни янгича ёндашув, ташаббус билан бойитиб бормоқдалар. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” ғояси ҳам шу эзгу мақсадни мужассам этган.
Бинобарин, “Педагогларнинг жамиятдаги мақомини оширишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаб қўйиш ҳақидаги фикрлар янги уйғониш даври учун мустаҳкам пойдевор яратишда, Янги Ўзбекистон олдида турган ўта долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга”. Чунки ўқитувчи шахси бу таълим тизимининг марказидаги шахс. Илмли, билимли, замонавий малакага эга кадрларни шулар тайёрлайди. Қолаверса, фарзандини камолига етказишда ўқитувчи шахсининг роли бениҳоялигини ҳар бир оила ҳис қилади.
Конституциямизда педагогларнинг мақомини ошириш тўғрисидаги нормаларни ифодалаш ўз вақтида ва зарурият деб ҳисоблайман. Соҳанинг фахрий вакилиман, салоҳиятимиз ва амалий ишимиз билан бу чақириқларга лаббай деб жавоб қайтарамиз, шогирдларимизни, ўқувчи-талабаларимизни ҳам чорлаймиз.
Турсунбой ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Наманган давлат университети профессори