«Йил аёли» миллий танлови республика босқичи ғолиблари тақдирланди

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи (57 нафар), Сенат аъзоларининг 27 фоизи (16 нафар), маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 25 фоизини аёллар ташкил этади.

    Жорий йил 27 декабрда «Йил аёли» миллий танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    Маросимни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди.

    Тадбирда Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида хотин-қизларнинг иштироки тобора кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

    Соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида 100га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

    «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

    Бугун хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди.

    Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда қарийб 3 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич ўтган даврда икки баробар ошиб, 5,7 фоизга етди.

    Мамлакатимизнинг гендер тенглик соҳасидаги эришган ютуқлари халқаро даражада муносиб эътироф этиб келиняпти. Ўзбекистон 2024 йилда Гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Натижада 2022 йилда қайд этилган 103-ўриндан 51 та поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади. Ушбу Индекс 158 та мамлакатни қамраб олиб, гендер тенгликка эришиш йўлида муваффақият ва камчиликларни аниқлаш имконини беради.

    Тадбиркор аёллар сони икки баробарга ортиб, 205 мингдан ошди. Аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларга имтиёзли шартлар асосида кредитлар ажратиш бўйича ишлар жадал олиб бориляпти.

    Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, «Йил аёли» миллий танлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги ПФ – 87-сон Фармони ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш ҳамда илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

    Жорий йилда мазкур танловнинг туман (шаҳар) босқичларида 3 091 нафар аёллар қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида 1 146 нафар аёллар иштирок этиб, 150 нафари республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

    Танловда иштирокчилар 12 та номинация бўйича, шунингдек, биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари тегишли тартибда мукофотланди.

    Қорақалпоғистон Республикасидан иштирокчи Нигора Палванова «Йил аёли» миллий танловининг олий соврини – Гран-при соҳиби бўлди. Ғолиб Президент совғаси – автомобиль билан тақдирланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates