Жамоатчилик назорати, рақамли технологиялар олий юридик маълумотли профилактика инспекторлари фаолиятида қандай акс этади?

    “Инсон қадри учун” ғоясини ижтимоий ҳаётга изчил татбиқ этишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ва кафолатли ҳимоясини таъминлаш, халқимиз учун хавфсиз ва фаровон ҳаёт яратиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантиришни тақозо этади.

    2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг иккинчи бўлими “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” деб номланиб, ушбу бўлимдаги ўн еттинчи мақсад ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтиришни назарда тутади.

    Мазкур мақсад доирасида ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтириш, қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда “Қонун — устувор, жазо — муқаррар” тамойилини бош мезонга айлантириш, тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

    Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2020-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ўн еттинчи мақсадида белгиланган вазифалар ижроси ўзига хос тартибда амалга оширилади.

    “КАСБИЙ МАДАНИЯТ КОДЕКСИ” БИЛАН ПРОФЕССИОНАЛ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ САРИ

    Ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида гавдалантиришдаги энг биринчи қадам уни халқчил профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтиришдир. Бунда Ички ишлар органлари ходимларининг “Касбий маданият кодекси”ни амалиётга татбиқ этиш ҳамда маънавий пок, ўз бурчига содиқ, халқпарвар ва масъулиятли ходимлар сонини кўпайтириш, уларнинг фаолиятини аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижадорлиги ҳамда ижтимоий фикр асосида баҳолаш тизимини жорий этиш зарур.

    Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий ички ишлар органларида Жамоатчилик кенгашларини тузиш орқали тизим фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш ҳамда органни максимал даражада “аҳоли билан мақсадли ишлаш”га йўналтириш, унинг хизмат фаолиятига хос бўлмаган функция ва тузилмаларини мақбуллаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, аввало, кадрлар тайёрлаш масаласига бориб тақалади.

    Албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни, айниқса, ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш борасидаги ислдоҳотлар анча олдин бошланиб, бу борада муайян тизим йўлга қўйилди.

    Масалан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Мазкур қарорга асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди.

    Таълим олувчиларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизимини яратиш, таълим олувчиларнинг аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини такомиллаштириш Филиалнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Бугунги кунда ушбу ўқув масканида бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури асосида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрланади.

    Мазкур таълим муассасаси битирувчилари жорий йилдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида маҳалла ва қишлоқларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширадиган, шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоат тузилмаларининг маҳаллалар кесимида биргаликда ишлашини ташкил этадиган ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидаги таркибий тузилмаси ҳисобланган маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларида ўз фаолиятини бошлайди.

    Шунинг билан бирга, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг олий ноюридик маълумотли профилактика инспекторлари учун “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлаш курслари йўлга қўйилди.

    ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ ЎЗАРО УЙҒУНЛАШУВИ

    Қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура деганда кўз ўнгимизга фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратилган ҳамда “Қонун — устувор, жазо — муқаррар” тамойили бош мезонга айланган мустақил тузилма келади. Албатта, бу идеал ташкилот таърифи. Аммо агар соҳа мутасаддилари прокуратура органлари томонидан қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширишда давлат ва жамоатчилик назоратини ўзаро уйғунлаштирувчи янги тизим жорий этса, фаолият ошкоралиги ва унинг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлашга интилса ҳамда бошқарувда коллегиал органлар ролини кучайтирса, бунга қисман бўлса-да эришиш мумкин. Бунда, энг муҳими, жамоатчилик назоратини кучайтиришдир.

    Тергов фаолиятида эса бу сал бошқачароқ кўриниш касб этади. Яъни тергов фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларга қарши курашишда тезкор-қидирув фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги таъкиланади.

    Бунда фаолиятни назорат қилиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган янги турдаги жиноятлар, шу жумладан кибержиноятларни фош этиш бўйича тезкор-қидирув фаолиятни ислоҳ қилиш, қўшимча куч ва воситаларни жалб этиш ҳамда ушбу жиноятларга қарши курашиш жараёнларида фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини ҳимоя қилишнинг самарадорлигини янада ошириш муҳимдир.

    РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИНГ САЛМОҒИ

    Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизимини тубдан ислоҳ қилишда жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш алоҳида ўрин тутади. Мурожаатлар билан ишлаш соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этган ҳолда аҳоли учун уйидан туриб, туну-кун тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятини яратиш ва жиноят ишини қўзғатишни рад этиш институтини ислоҳ қилиш ва жиноят ҳақидаги хабарларни рўйхатга олиш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш шулар жумласидандир.

    Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилганлиги халқимиз учун хавфсиз ва фаровон ҳаёт кафолатини таъминлашга хизмат қилиши ушбу мақсадни амалга ошириш механизми изчиллигида намоён бўлади.

    Тергов органлари фаолияти устидан назорат янада такомиллаштирилиб, жиноятчиликнинг янги тури ҳисобланган ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларга қарши курашишда тезкор-қидирув фаолият ривожлантирилиши назарда тутилган.

    Келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизими такомиллаштирилиб, ушбу тизим тубдан ислоҳ қилиниши, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш белгиланмоқда.

    Мазкур мақсад халқимиз учун тинч, осуда ва фаровон ҳаёт яратиш кафолатининг асосий мезони сифатида намоён бўлади. “Инсон қадри учун” ғояси тўла-тўкис амалга оширилишида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади. Мустаҳкам психологик тайёргарликка эга бўлган, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онги юқори даражада шаклланган, аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини мукаммал эгаллаган олий юридик маълумотли профилактика инспекторлари ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилма сифатида янги қиёфасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

    Самариддин ОЧИЛОВ,

    Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиалининг Тайёрлаш курслари декани

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates