Жануб жавоҳирининг “учбурчаги”

    Янги “Олтин учбурчак” (Golden triangle) лойиҳаси ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларидан янада оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилаётган янги “Олтин учбурчак” (Golden triangle) лойиҳаси ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларидан янада оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

    Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ишчи гуруҳ таркибида вилоят туризмни ривожлантириш, автойўл, қурилиш, ер ресурслари ва давлат кадастри, транспорт бошқармалари, вилоят ФВБ ёнғин назорати ва профлактикасини ташкиллаштириш булими масьул ходимлари, тегишли туман, шаҳар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари бор.

    “Олтин учбурчак” (Golden triangle) йўналишига Ҳаким Термизий, Султон Саодат, Исо Термизий мажмуалари, Жарқўрғон минораси каби тарихий обидалар, Хўжаипок, Сангардак, Хўжаикон тузкони, Хўжамайхона, Дарбанд дараси сингари тиббиёт ва экотуризм объектлари киритилган. Шунингдек, йўналишдан Қоронғу юлдуз, Тешиктош ғорлари, Зараутсой каби кўплаб ноёб тилсимга эга туристик намойиш объектлари ҳам жой олган.

    Ишчи гуруҳнинг илк йиғилишида унинг аьзолари амалга оширадиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

    — Мазкур йўналиш бўйича саёҳатга чиққан маҳаллий ва хорижлик туристлар учун келгусида барча шароитлар яратилади, — дейди ишчи гуруҳ раҳбари, вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов. — Шунга асосан йўналиш бўйлаб олтита автобус ҳаракатланиши йўлга қўйилади. Чипталарни онлайн харид қилиш тизими ташкил этилади. Йўллар тубдан таъмирланиб, атрофида кўркам бекатлар, савдо-овқатланиш, санитар-гигиена шохобчалари, турли миллий ҳунармандлик буюмлари савдоси билан шуғулланадиган павильонлар қурилади. Ҳар бир автобусга Wi-Fi тармоғи уланиб, аудио-гид тизими жорий этилади. Йўналишга алоқадор ҳудудларда меҳмон уйлари, ҳунармандлар хонадонлари, ҳунармандлар устахонаси каби ноодатий манзилларнинг лойиҳага жалб этилиши ҳам туристлар таассуротини янада бойитишда муҳим ўрин тутади. Уларнинг воҳа ҳудудида қолиш муддатини узайтиришга хизмат қилади. Гуруҳимиз аьзолари белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли бажарилишини таьминлашни назорат қилиб, уларга яқиндан кўмаклашади. Дуч келаётган муаммоларини ўрганиб, ечимини топишга ёрдам беради.