Ҳақиқатан, ишкомлари бор, бўлганида ҳам уйларнинг томидан-да баланд. Салқингина узумзор йўлни кўча ҳам дегингиз келмайди. Агар машиналар юрмаса, худди файзли уйнинг саҳнидай, ҳавас қилгулик. Қани энди Жийдазор, Тутзор, Бодомзор, Олмазор, Ўрикзор отли кўчаларнинг ҳаммаси ҳам ўз номига монанд бўлса. Балки, бир пайтлар шундай меваларга бой бўлгани учун улар айни ном билан аталгандир.
Масалан, пойтахтимизнинг Бешқайрағоч кўчаси бўйлаб ҳар бир хонадоннинг рўпарасига мевали кўчатлар экилган, гўё йўл бўйида узун боғ ҳосил бўлган. Кейинги пайтда негадир бу кўчада ҳам дарахтлар анчайин камайиб қолганини кўрамиз. Отчопар бозорига кетаверишдаги Мевазор кўчаси ҳам аввал турфа мевали дарахтлар билан файзли эди. Ишдан ҳориб келаётганингизда автобус ойнасидан бу кўча шундай гўзал кўринардики, баҳри дилингиз очилиб, чарчоғингиз чиққандай бўларди. Баҳорда чаппар гуллаган, ёзда ғарқ пишган, кузда турфа бўёқда товланадиган дарахтларнинг кўпи кесиб ташланди. Майли, кексайиб қолгандир. Бироқ кўчанинг аввалги файзини, тароватини тиклаш учун яна ниҳол экиш керак эмасми? Дарахтзор кўчалар йўл бўйига файз бериши баробарида энг азиз неъмат — кислород манбаи-ку. Ахир кислородсиз яшай оламизми? Биргина 2019 йилги пандемия буни шундоққина кўрсатиб қўйди.
Ўрни келганида бир ибратли воқеани эслаш жоиз. 78 ёшли отахонга шифохонада 24 соат давомида кислород мосламасини улаб қўйишганида аҳволи яхшилана бошлайди. Муолажалардан сўнг унга тўлов чеки берилганида четга қараб йиғлаб юборади. Шифокор қарияга бунинг учун қайғурмаслигини айтади. У эса “Мен тўлов учун йиғлаётганим йўқ. Буни тўлашга пулим етади. Лекин 24 соатли кислород учун шунча тўловни кўриб, 78 йилдан буён Яратганнинг ҳавосидан бир сўм тўловсиз нафас олаётганимни ўйлаяпман. Бунинг учун мен унга қанча қарз эканимни биласизми?” дейди.
Дарахтлар бизга беминнат кислород беради. У пулга чақилса борми! Дарахтларни кесиб, илдизигача пуллашни биладиган кимсалар уларнинг экологик аҳамияти топган пулидан неча баробар қимматга тушишини ҳис қилганида эди...
Яшил ҳудудларда сайр қилиш стрессни камайтиради, қон босимини нормаллаштиради ва руҳий ҳолатни яхшилайди. Шу маънода, дарахт экиш ва уларни ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг экологик масъулиятидир. Кўчаларга дарахт экишни мажбурият эмас, эзгу ҳаракат деб билишимиз зарур. Юқорида ҳавас қилганимиз — мевазор, ишкомли кўчалар кўпайса, ҳам олма, ўрик, узумдек дармондорилар сероб бўлади, ҳам даромад келтираётгани учун кўчаларимизга меҳримиз ортади.
Андижоннинг Булоқбошисида тонналаб узум кўчалардаги ишкомдан тўғри экспортга йўналтирилмоқда. Вилоятнинг чекка ва чегара ҳудуди — Қўрғонтепа туманида ҳам ишкомли кўчалар пайдо бўлаётгани қувонарли. Бундан 2 йил аввал тумандаги “Учқун” МФЙда 2 та кўчага ток экилган. Шу кунларда унга қўшни Маъмуробод маҳалласида ҳам 2 километрдан зиёд жойга ишком ўрнатиляпти. Маъмуробод маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Абзалбек Араббоевнинг айтишича, ток кўчатларининг янги, хусусан, “Аватар”, “Андижон қора” навлари экилмоқда. Маҳалланинг 3 та кўчаси узумзор, битта кўча эса олчазорга айланади. Ҳашар йўли билан 1200 туп гилос кўчати экилган Водий гавҳари кўчасининг 2-3 йилдан кейинги кўриниши кўз олдимизга келди. Айниқса, баҳорда жуда гўзал манзара ҳосил бўлади. Ишкомли кўчалар ҳам ундан қолишмайди.
Аслида, барча меваларнинг ўзига хос хусусияти, харидори бор. Шу маънода, кўчаларимизни мевали дарахтлар, ҳатто оддий тол, терак билан бойитсак ҳам ўзимиз-да бойиб борамиз. Масалан, Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги арчазорлар, қрим қарағайи, каштан, чинор экилган кўчалар ҳудуднинг ҳавоси шифобахшлигини таъминлаб келяпти. Тоғнинг тоза ҳавосига уйғун соф кислороддан нафас олиш учун минглаб беморлар келади. Бунинг ортидан ҳудуд иқтисодиёти ривожланади. Шуни тушуниб етар эканмиз, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасидаги ишлар кўр-кўрона бўлмаслиги кераклигини англаймиз. Фалон маблағ эвазига ерга қадалаётган дарахтларнинг ҳар бири, албатта, яшашини истаймиз. Хайриятки, дарахтларнинг қуриб қолиши йилдан йилга камаймоқда. Бунда доимий назорат-рейд тадбирлари муҳим омил бўляпти. Саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2024 йилда 600 мингга яқин дарахт кесилишининг олди олинди. Ҳудудлардаги дарахт экиш ишларига раҳбарларнинг ўзи бош-қош бўлаётгани қувонарли.
Бухоро шаҳрининг И.Каримов кўчаси бўйлаб ўтган асосий йўлнинг 1 километрга яқин қисмига садақайрағоч, шумтол, қарағай каби 500 тупга яқин манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. Эндиги мақсад очиқ майдонлар бўйлаб ўриндиқлар, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш. Шунда бу ерлар аҳоли гавжум жойга айланади. Бу орқали савдо ва хизмат кўрсатиш ҳам ривожланади.
Қорақалпоғистондаги 17 та маҳаллада ҳам қайрағоч ва шумтол каби манзарали дарахтлар экилиб, яшил ҳудуд кенгайтирилмоқда. Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддиларининг айтишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида режалаштирилган 8 миллион 750 минг туп кўчатнинг барчаси экиб бўлинди.
2024 йилнинг 21 октябрь куни Президентимиз раислигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўчат экиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш имкониятлари кўрсатилган эди. Бу борада катта куч маҳаллалар экани, шу боис, “маҳалла еттилиги” вакиллари ўзига бириктирилган кўчаларда 100 тупдан жами 6 миллион дона манзарали дарахт ўстириши, бошқа кўчалар, бўш майдонлар ва кўп қаватли уйлар атрофида эса 3 миллион туп кўчат экилиши белгиланган.
Автомобиль йўллари бўйига кўчат экилиши, йўл ёқасидаги 2 минг километр жой 10 минг фуқаро ва тадбиркорга бўлиб берилиб, яшил майдонлар кенгайтирилиши кўзда тутилган. Шу йил 1 март кунидан бошлаб экилаётган дарахтлар “Яшил макон” электрон платформасига киритиб борилмоқда. Синов тариқасида ишга туширилган платформа ҳар бир дарахтнинг униб-ўсишини назорат қилиб боришга имкон беради. Буларнинг барчаси “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини том маънода келажак пойдеворига айлантириш учун хизмат қилади. Ҳа, глобал муаммо — экологик масалалар ечими маҳаллаларда ҳал этилмоқда.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири