Женевада Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги чора-тадбирлари баҳоланди

    Ушбу баҳо БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳининг 44-сессиясида Ўзбекистоннинг 4-миллий маърузаси кўриб чиқилиши асносида янгради.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш борасида самарали чоралар кўриб келяпти.

    Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларга қарши курашиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бошқа йўналишлари шулар жумласидандир.

    Ўзбекистоннинг 4-миллий маърузаси кўриб чиқилишига бағишланган сессияда иштирок этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 2023 йил 8-10 ноябрь кунлари Женевада бўлди.

    Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳи томонидан ўтказиладиган сессияда миллий маърузалари кўриб чиқиладиган 14 давлатдан бири ҳисобланади.

    Ўзбекистоннинг миллий маърузаси юзасидан 84 та давлат вакиллари сўзга чиқди. Деярли барча делегациялар вакиллари Ўзбекистон томонидан Универсал даврий шарҳ бўйича 2013 ва 2018 йилларда бўлиб ўтган муҳокамалар даврида берилган тавсияларни изчил бажариш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан очиқ ва амалий мулоқотни ривожлантириш бўйича қўйилган амалий қадамларни ижобий баҳоладилар.

    Бир қатор давлатлар Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган конституциявий ислоҳот ўтказилганини олқишлади.

    Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030» стратегияси мисолида мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва таъминлашга ҳамда бу соҳадаги халқаро мажбуриятларини бажаришга содиқлиги яққол намоён бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

    Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган БМТ тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.

    Ўзбекистоннинг, айниқса, пахта терими даврида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатига барҳам бериш, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш борасидаги ютуқлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо мамлакатлар томонидан ижобий баҳоланди.

    Миллий маъруза муҳокамаси давомида Ўзбекистон томонидан: БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш; болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Болалар омбудсманини таъсис этиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш; инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг узлуксиз тизимини шакллантириш; аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш; сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини қўллаб-қувватлаш; коррупцияга қарши кураш олиб бориш; қийноқларга қарши курашиш каби соҳаларда кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги эътироф этилди.

    Сессия иштирокчилари Ўзбекистон Ҳукуматининг ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга имкониятларни янада кенгайтириш масалаларига қаратаётган эътиборини ҳамда Ўзбекистон томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинганини мамнуният билан қайд этдилар.

    Муҳокамалар чоғида Ўзбекистоннинг қатор халқаро шартномаларга қўшилиши юзасидан айрим давлатлар томонидан тавсиялар берилди.

    Аксарият давлатлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
    Миллий марказининг матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates