Жигар ҳажми катталашиши ёхуд гепатомегалия хасталиги борасида Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова фикрларини бўлишди:
— Жигар катталашишини аниқлаш усуллари қандай?
— Жигар ўлчамининг катталашганлигини аниқлаш қийинчилик туғдирмайди. Шунчаки, пальпация (силаш) ва перкуссия (тукиллатиш) амалиётлари ёрдамида ҳам жигарнинг ўлчамлари, чегараларини билиб олиш мумкин.
Шунингдек, ультратовуш (УЗИ) текшируви бунда жуда ҳам қўл келади. Бир қатор лаборатор текширувлар натижасида жигар ҳақида янада тўлиқроқ маълумот олиш мумкин. Жигар ҳужайраларнинг ҳолатини аниқлаш мақсадида биопция усули ҳам қўлланилади.
Гепатомегалияга олиб келувчи омил аутоиммун жараёнларни истисно қилиш учун қонда айланиб юрувчи аутоантитаналарни аниқлаш керак бўлади. Кўпинча бу каби касалликлар 25 ёшгача бўлган ва постклимакс ёшидаги аёлларда қайд этилади.
Ушбу ҳолатнинг цирроз натижасида келиб чиқишида анамнезда алкоголь маҳсулотларини сурункали истеъмол қилиш, сурункали жигар касалликлари, қонда гамма-глобулинлар миқдорининг ошиши, ишқорий фосфатаза фаоллиги ва аминотрансферазанинг ошиши, протромбин ва альбумин миқдорининг камайиши кузатилади. Ўсма касалликларини истисно қилиш мақсадида қорин бўшлиғи аъзоларини МСКТ текширувидан ўтказилиши талаб этилади.
Гепатомегалияга сабаб бўлувчи омиллар ҳар хил бўлгани учун турли йўналишларда текширув ўтказилиши зарур. Чунки, аввало, ушбу ҳолатга олиб келган омилни бартараф этиш талаб этилади.
— Жигар катталашишини даволаш усуллари қандай?
— Гепатомегалиянинг асосий давоси синдромга сабаб бўлаётган касалликни даволашдир. Даво муолажаларида диета қилиш, тез-тез кам-камдан овқатланиш, ёғли ва қовурилган овқатлардан чекланиш, витамин, оқсил ва микроэлементларга бой бўлган озуқа маҳсулотларини истеъмол қилиш керак бўлади.
Жигар ҳужайралари функциясини тиклаш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида гепатопротекторлар буюрилади (эссенциал, витаминлар). Ўткир гепатит ҳолатларида дезинтоксикацион терапия ва махсус вирусларга қарши препаратлар қабул қилиш зарур. Сурункали гепатитларни бартараф этишда интерферон ва иммуномодуляторлар ҳам яхши самара беради.
Жигар абсцессида антибиотиклар ёки паразитларга қарши препаратлар қабул қилиш тавсия этилади ҳамда абсцесс сонация қилинади ва дренажланади. Жигар ўсма касалликлари жарроҳлик йўли билан олиб ташланади ва кимё, нур терапиялари олиш талаб этилади.
Бир сўз билан айтганда, гепатомегалия хасталигини даволаш учун унинг келиб чиқишига сабаб бўлган касалликларни тузатиш лозим. Шунингдек, қатъий парҳез тутиш ҳам талаб этилади.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.









