Жиззахда Қозон федерал университетининг филиали очилди

    Таълим 10 октябр 2022 3363

    Татаристон Президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация Жиззах шаҳрида бўлиб турибди.

    Филиалнинг очилиш маросими олди Татаристон Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – энергетика вазири, Олий ва ўрта махсус таълим вазири, вилоят ҳокими ҳамда ҳудуддаги олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

    Унда сўнгги йилларда олий таълим соҳасидаги Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги, бугун унинг мутлақо янги сифат даражасига кўтарилгани ҳақида сўз борди.

    Ушбу самарали ҳамкорлик натижаси ўлароқ жорий ўқув йилидан Қозон федерал университети Жиззах филиали ҳисобига яна битта Россия олий таълим муассасаси филиали фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилди. Бу ўз навбатида, икки давлат олий таълим тизимлари муваффақиятли интеграциясининг ёрқин маҳсули экани алоҳида таъкидланди.

    “Қозон федерал университетининг янги филиали айни вақтда мана шу муҳим вазифани ҳал этишда етакчилардан бирига айланади десак муболаға бўлмайди. Умид қиламанки, таянч университетнинг кучли илмий ва ўқув-услубий салоҳияти, унинг халқаро обрўси ва кўп йиллик академик анъаналари бунга асос бўлиб хизмат қилади”, – деди ўз нутқида А.Тошқулов.

    Учрашув давомида ҳозирда Қозон федерал университети Ўзбекистоннинг 32 та етакчи университети билан муваффақиятли ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан таъкидланди. Улар ўртасида академик алмашинув, ўқитувчиларни маърузалар ўқишга таклиф қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, магистрантлар, докторантлар, изланувчилар учун қисқа муддатли илмий амалиётлар, шунингдек талабалар алмашинуви бўйича ишлар фаол ривожланаётганига тўхталинди.