Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жойларда қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Сурхондарё вилоятида Бандихон туманида яшовчи 1987 йилда туғилган шахс чорвачилик фаолияти билан шуғулланишни хоҳлаган фуқаронинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасидаги 3,5 гектар ерни юқори лавозимдаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 1 млрд 500 млн сўм пора талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у 110 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Қорақалпоғистон Республикасида эса Қўнғирот туманида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи тадбиркор Амударё туманида яшовчи 1983 йилда туғилган шахснинг ишончига кириб, гўёки ўзига тегишли деб кўрсатилган 169 гектар ер майдонининг 50 гектар қисмини 50 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган.
Аммо у сўралган пулни олган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








